Кокорин ва Мамаевни ўз паноҳига олишга тайёр клуб пайдо бўлди
Oct. 10, 2018, 8:26 p.m. 7466

Екатеринбург шаҳрининг «Урал» клуби президенти Григорий Иванов «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин билан «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев эркин агентга айланса, улар билан шартнома имзолашга тайёр эканини айтди.

Аввалроқ, Россия футбол иттифоқи (РФИ) президенти Сергей Прядкин бу футболчилар 99% эҳтимол билан ўзига бошқа клуб топа олмаслигини айтган эди.

«РФИ раҳбари фикрига қўшилмайман. Йигитлар бутун умрини футболга бағишлаган. Агар улар жиноий жазога тортилса ҳам, спортдан бутун умрга четлатилмаслиги керак. Улар бу қилмишни футбол майдонида содир этмаган.

Уларни ўз клубимга оламанми? Сергей Прядкин 99% эҳтимол билан ҳеч қайси клуб олмаслигини айтди. Биз эса қолган 1% клуб қаторига кирсак керак», — деди Иванов.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни ҳар иккала футболчи Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу иш юзасидан Москва полицияси жиноят иши очган эди.