Зўравон футболчиларни жиддий жазо кутмоқда. Икки дўстнинг Москвадаги саргузаштлари тафсилотлари
Oct. 9, 2018, 5:51 p.m. 10782

Россия терма жамоасининг собиқ аъзолари, «Зенит» ҳужумчиси 27 ёшли Александр Кокорин ҳамда «Краснодар» яримҳимоячиси, 30 ёшли Павел Мамаевга нисбатан жиноий иш очилган.

Футболчилар аввалига Москва марказида «Первый канал» бошловчисининг ҳайдовчисини, кейинроқ кафеда Минпромторг мулозимини дўппослашда гумон қилинишмоқда. Уларга нисбатан клублари томонидан ҳам жиддий санкциялар қўлланиши кутилмоқда. ОАВда тарқалган охирги хабарларга кўра, футболчи қўлга олинган. 

8 октябрь куни интернетда футболчилар Москвадаги Никита бульварида жойлашган «Кофемания» кафесида РФ Савдо ва саноат вазирлиги мулозими Денис Пакга ҳужум қилгани тасвирланган видео тарқалди.

9 октябрь куни эса кафедаги жанжалдан бироз вақт олдин футболчилар «Первый канал» бошловчисининг ҳайдовчисини дўппослашгани маълум қилинди.

Ҳайдовчига ҳужум

7 октябрь куни Петербургда «Зенит» Россия чемпионати доирасида «Краснодар»ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жароҳатидан тузалиб сафга қайтган Кокорин иккинчи бўлимда майдонга тушди, ўйинни тўлиқ ўтказган Мамаев эса меҳмонларнинг ягона жавоб голига муаллифлик қилди. Ўйиндан кейин футболчилар Москвага йўл олишди. Кокорин ўз инстаграмида Мамаев билан «Дўстликнинг 10 йили»ни нишонлаётгани ҳақида ёзган.

Фото: Instagram /Александр Кокорин

8 октябрь куни тонгида «Пекин» меҳмонхонаси яқинида Кокорин ва Мамаев «Первый канал» бошловчиси Ольга Ушакова ва унинг ҳайдовчиси — Виктор Соловьёвга ҳужум қилишган. Бу ҳақда дастлаб Mash хабар тарқатди, хабарга «Московский комсомолец» аниқлик киритди. Ушакова полицияга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, Соловьёв футболчилардан безорилик қилмасликни, машинасига «суйкалмаслик»ни сўраганди. Бунга жавобан футболчилар ҳайдовчига ташланишган. Telegram-канал 112 каналида тарқалган видеода воқеа жараёни акс этган. Аммо кузатув камералари орқали олинган тасвирларда ҳужум қилувчилар Кокорин ва Мамаев экани аниқ кўринмаган. Айни вақтда ҳайдовчи шифохонага ётқизилган, унинг бурни синиб, мияси чайқалган.

Қаҳваҳонадаги зўравонлик

Скриншот

Кўчадаги воқеадан 2 соатча вақт ўтиб, ушбу футболчилар иштирокида навбатдаги жанжал юзага келган. 

Соат 09:00 атрофида Кокорин ва Мамаев дўстлари билан Никита бульваридаги «Кофемания» қаҳвахонасига нонушта учун киришган. Mash манбаси ёзишича, футболчилар «қаҳвахонани бошларига кўтариб, шовқин-сурон қилишган». Мижозлардан бири, Савдо ва саноат вазирлиги таркибидаги Автомобилсозлик ва темирйўл саноати департаменти директори Денис Пак улардан тинчланишни сўраганида эса футболчилар унга ташланишган. Хабарларда айтилишича, футболчилар уни ирқий камситишган ва «Хитойга қайтиб, у ердагиларга ақл ўргатиш»ни тавсия қилишган. Видеода Кокорин Мамаев билан баҳслашиб турган Пакнинг бошига стул билан ургани, кейин унга Кокориннинг укаси мушти билан зарба беради. Пакка унинг ёрдамчиси ёрдамга келади, лекин унинг ўзи ҳам ҳужумга учрайди.

«Интерфакс» агентлиги аниқлик киритишича, Денис Пак билан бирга вазирликнинг яна бир мулозими, илмий марказ директори Сергей Гасин ҳам шифохонага ва полицияга мурожаат қилган.

Жиноий иш

Москва полицияси шаҳар марказида рўй берган бу икки ҳодиса бўйича жиноий иш очган.

«Кофемания»даги ҳодиса бўйича РФ Жиноят Кодексининг 116-моддаси билан («Калтаклаш») иш очилган. Бу модда бўйича 360 соатгача мажбурий жамоат ишларидан 2 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин.

Денис Климентьевич Пакнинг адвокати сўзларига кўра, даъвогарлар иш «Безорилик» сифатида қайта квалификацияланишига эришишмоқчи. Бу ҳолатда футболчиларга нисбатан РФ ЖКнинг 213-моддаси қўлланиб, уларга 300-500 минг рубль миқдоридаги жаримадан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин.

Иккинчи ҳолат бўйича ҳам 116-модда бўйича иш очилган.

Клубларнинг муносабати

8 октябрь куни дастлабки хабарлар тарқалганида, «Краснодар» ўз футболчиси «дам олишда» экани ҳақида билдириб, бу воқеа Мамаевнинг шахсий иши эканини маълум қилганди: «Биз ким қаерда эканини назорат қила олмаймиз. Бизнинг вакилларимиз у ерда бўлишмаган, клуб бу иш иштирокчиси эмас».

9 октябрь куни эса «Краснодар»нинг муносабати кескин ўзгарди, Мамаевнинг иши «бузғунчилик» деб баҳоланди: футболчи машғулотлардан четлатилди ва унга максимал миқдорда жарима солиниши маълум қилинди. Қўлланадиган жарима миқдори маълум эмас. «Краснодар» шунингдек, бу футболчи билан шартнома бекор қилинишига эришиш учун барча чоралар кўрилишини билдирди.

«Зенит» ҳам Кокорин муштлашувда иштирок этганини тасдиқлади, клуб унинг хатти-ҳаракатларини «жуда хунук иш» деб баҳолади ва полициянинг «ҳуқуқий баҳоси»ни кутишни маъқул кўрди. Sport24.ru телеканали «Зенит» Кокорин билан шартномани бекор қилмоқчилиги ҳақида хабар тарқатди. Аммо клубнинг расмий маълумотида бу ҳақда аниқ гап кетмаган, фақат «футболчи жазодан қутула олмаслиги» келтирилган.

«Айни вақтда «Зенит» раҳбарияти ва мухлислар мамлакатнинг энг истеъдодли футболчиларидан бири ўзини бу қадар ёқимсиз тутганидан қаттиқ хафа», дейилган клуб баёнотида. Питерликларнинг Кокорин билан амалдаги шартномаси 2019 йилгача тузилган. Шартномада Кокорин қоидаларни қўпол равишда бузган ҳолатда, у билан келишув бекор қилиниши эҳтимоли ҳақида банд мавжуд.

Бу Мамаев ва Кокорин иштирокидаги биринчи можаро эмас

2016 йилнинг ёзида Россия терма жамоаси билан Францияга, Евро-2016 турнири учун борган Александр Кокорин ва Павел Мамаев терма жамоа турнирдаги иштирокини якунлаганидан кейин базм уюштирганида ҳам танқидлар остида қолишганди. Мухлислар Россиянинг мағлубиятини ҳазм қилишга уринишаётганида бу икки футболчи Монте-Карлодаги барлардан бирига ташриф буюриб, Россия мадҳияси садолари остида кўнгилхушлик қилишганди. Бир бутилкаси 500 доллар турадиган ўнлаб шампанлар билан байрам уюштирган футболчилар жамоатчилик норозилигини келтириб чиқаришганидан кейин асосий терма жамоадан четлатилган, шундан кейин Россия терма жамоасига чақирилмаган. Ўшанда Россия Спорт вазири ва футбол иттифоқи раҳбари бўлган Виталий Мутко бу футболчилар Россия спорти имижини бузишгани ҳақида баёнот берганди.

Россия Спорт вазирлигининг ҳозирги раҳбари Павел Колобков футболчилар иштирокидаги охирги воқеаларга муносабат билдириб, улар ҳозир терма жамоа аъзолари эмаслиги, бундан кейин ҳам ҳеч қачон терма жамоада ўйнамаслиги ҳақида баёнот берди.

Энди нималар бўлади?

Мамаевнинг рафиқаси Алана Мамаева бу воқеаларга изоҳ берар экан, «улар маст бўлишгани, ўз турмуш ўртоғи учун қаттиқ уялаётгани» ҳақида гапирганди.

Sport24.ru нашри тарқатган хабарга кўра эса Мамаева ажрашиш учун ариза берган. 

Айни вақтда Россия жамоатчилиги бу воқеани қизғин муҳокама қилмоқда ва футболчилар қаттиқ танқид остида қолган.

Вазиятга Кремль ҳам муносабат билдириб, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот берди.

«Кремль Мамаев ва Кокорин билан боғлиқ воқеага эътибор қаратди. Биз видеокадрларни кўрдик. Бу видеодагиларнинг қайсилари қайси футболчилар эканига аниқлик киритиш лозим.

У ерда кўплаб гувоҳлар бўлишган. Видеотасвирлар бор. Ҳуқуқ тартибот органлари учун бу иш билан шуғулланиш ортиқча мураккаблик туғдирмайди, биз эса ҳис-туйғуларга берилишдан қочишимиз керак »

«360 ТВ» телеканали полиция Александр Кокорин ва Павел Мамаевни қўлга олгани ҳақида хабар тарқатди. Ҳозирча бу хабар расман тасдиқланмади.