«Краснодар» тўполончи футболчи билан шартномани бекор қилмоқчи
Oct. 9, 2018, 11:12 p.m. 2322

«Краснодар» клуби Россия футбол иттифоқининг Баҳсларни ҳал қилиш палатасига мурожаат қилиб, яримҳимоячи Павел Мамаев билан шартномани бекор қилинишини сўраган.

8 октябрь куни Мамаев ва «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳар иккала ҳолат бўйича жиноят иши очилган эди.

«Краснодар» клуби тўполончи футболчиси билан ҳамкорликни тўхтатишни истамоқда. «Зенит» клубининг ўз футболчиси бўйича қарори маълум эмас. Энди РФИ «Краснодар» аризасини 30 кун ичида кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиши керак.

Аввалроқ, Россия футбол иттифоқи ижроқўми аъзоси Игорь Лебедев футболчиларга нисбатан жазо чоралари қўлланиши, ҳатто улар футболдан четлатилиши мумкинлигини айтган эди.