Азардан дадил баёнот: «Реал» - дунёдаги энг яхши клуб. У – менинг орзум»
Oct. 9, 2018, 10:10 a.m. 7106

«Челси» яримҳимоячиси Эден Азар «Реал»га ўтишни истаётганини, шу билан бирга ҳозирги клуби билан шартномани узайтиришга иккиланаётганини таъкидлаб ўтди. У билан интервьюни Goal портали тақдим этган.

«Реал» - дунёдаги энг яхши клуб. Ёлғон гапиришни истамайман. Бу болалигимдан буён менинг орзум бўлиб келган. Кўрамиз. Бу ҳақда ҳар куни гапиришни истамайман. Менимча, келажагим ҳақида тез орада гаплашиб оламиз. Орзунг бор экан, уни амалга оширишни истар экансан», - дея таъкидлаб ўтган Азар.

«Кетсам, хурсанд бўлишим ҳақида кўп гапирган бўлиб кўриняпман. Аммо «Челси»да қолсам ҳам бахтли бўлишимни биламан», - дея қўшимча қилган бельгиялик хавбек.

«Ўзим учун яхшироқ қарорга келишни истайман, аммо клубга зарар етишини хоҳламайман, чунки «Челси» менга ҳамма нарсани берди. «Ҳа, янги шартнома имзолайман», дея олмайман. Шундай экан, нима бўлишини кўрамиз.

Хаёлимда, баъзан ўйларимда эрталаб уйғониб, кетишни исташим ҳақида ўйлаб қоламан. Баъзида эса қолишни хоҳлайман. Бу – қийин қарор. Бу – менинг келажагим. Мен 27 ёшдаман, январда 28 га тўламан», - деди Эден.

Азар уни Лондонда қолишга нима кўндира олиши мумкинлиги ҳақидаги саволга: «Билмайман. Ҳозир бахтлиман, ҳеч нарса керак эмас. [Қолишга ундай олиши мумкин бўлган нарса] совринлар эмас. Албатта, майдонга тушганингда ғалаба қозонишни истайсан, аммо мен фақатгина ўйиндан роҳат олишни истаяпман. Ҳозир ҳам шундай ва мен бундан бахтлиман», дея жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, хавбекнинг «кўклар» билан битими 2020 йил ёзига қадар амалда бўлади.