Роналду, Модрич, Салоҳ ва Месси – «Олтин тўп»га номзодлар рўйхатига киритилди
Oct. 8, 2018, 10:54 p.m. 6363

France Football журнали «Олтин тўп»га номзод бўлган 30 нафар футболчи номини эълон қилди.

Биринчи бешлик: Серхио Агуэро («Манчестер Сити», Аргентина), Алиссон («Ливерпуль», Бразилия), Гарет Бэйл («Реал», Уэльс), Карим Бензема («Реал», Франция), Эдинсон Кавани («ПСЖ», Уругвай).

Иккинчи бешлик: Тибо Куртуа («Реал», Бельгия), Криштиану Роналду («Ювентус», Португалия), Кевин де Брюйне («Манчестер Сити», Бельгия), Роберто Фирмино («Ливерпуль», Бразилия), Диего Годин («Атлетико», Уругвай).

Учинчи бешлик: Антуан Гризманн («Атлетико», Франция), Эден Азар («Челси», Бельгия), Иско («Реал», Испания), Ҳарри Кейн («Тоттенҳэм», Англия), Нголо Канте («Челси», Франция).

Тўртинчи бешлик: Уго Льорис («Тоттенҳэм», Франция), Марио Манжукич («Ювентус», Хорватия), Садьо Мане («Ливерпуль», Сенегал), Марсело («Реал», Бразилия), Килиан Мбаппе («ПСЖ», Франция).

Бешинчи бешлик: Лионель Месси («Барселона», Аргентина), Лука Модрич («Реал», Хорватия), Неймар («ПСЖ», Бразилия), Ян Облак («Атлетико», Словения), Поль Погба («Манчестер Юнайтед», Франция).

Олтинчи бешлик: Иван Ракитич («Барселона», Хорватия), Серхио Рамос («Реал», Испания), Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль», Миср), Луис Суарес («Барселона», Уругвай), Рафаэль Варан («Реал», Франция).

«Олтин тўп» соҳиби номи 3 декабрь куни эълон қилинади.

Маълумот ўрнида, француз тилидан таржима қилганда «Олтин тўп» маъносини англатувчи «Ballon d'Or» соврини 1956 йилда таъсис этилган бўлиб, 1995 йилгача фақат европалик футболчиларга топширилган. Ўша йилдан бошлаб France Football уни қайси мамлакатдан эканлигидан қатъи назар, Европа клубларида тўп сурган футболчиларга топширишни йўлга қўйган. 2007 йилдан бошлаб эса ушбу совринга бутун дунёдан профессионал футболчилар даъвогарлик қилиши мумкин бўлди.

2016 йилда France Football нуфузли мукофот таъсис этилганининг 60 йиллиги муносабати билан 1958-1994 йиллар учун берилган «Олтин тўп»ларнинг бутун жаҳон футболи учун муқобил соҳибларини эълон қилди.

Криштиану Роналду ва Лионель Месси беш мартадан ушбу совринни қўлга киритишган. Мукофотлар сони бўйича улардан кейинги ўринда 3та «Олтин тўп»га сазовор бўлган 3 футболчи туради. Булар - «Аякс»дан Йоҳан Кройф, «Ювентус»дан Мишель Платини ва «Милан»дан Марко ван Бастен.

«Барселона» клуби ўз аъзоларининг «Олтин тўп»ни қўлга киритиши бўйича мутлақ рекордчи саналади. Ҳозирга қадар «Барса»нинг 11 нафар аъзоси бу совринга лойиқ топилган.

3та давлат вакиллари «Олтин тўп»ни ҳаммадан кўп қўлга киритган. Аниқроқ айтсак, Нидерландия, Германия ва Португалия терма жамоаларининг ҳар биридан 7 нафардан вакил ушбу соврин соҳиби бўлган.

Футбол оламидаги учта энг нуфузли соврин – Жаҳон кубоги, «Олтин тўп» ва Европа кубоги / УЕФА Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритган футболчилар сони 8 нафарни ташкил этади. Улар қуйидагилар: Бобби Чарлтон (Англия), Франц Беккенбауэр, Герд Мюллер (иккиси – Германия), Паоло Росси (Италия), Зинедин Зидан (Франция), Ривалдо, Роналдиньо, Кака (учаласи – Бразилия).

Қайд этиш жоиз, ўтган йилдан бошлаб ФИФА ва France Football ўртасидаги ҳамкорлик тўхтатилган эди. 24 сентябрь куни Халқаро Футбол Ассоциациялари Уюшмаси 2018 йилнинг энг яхши футболчиси дея Хорватия терма жамоаси ва «Реал» яримҳимоячиси Лука Модрични эътироф этган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Олтин тўп» охирги 10 йилдан буён Криштиану Роналду ва Лионель Месси ўртасида тақсимлаб келинмоқда.