Параосиё ўйинларида медаллар сони 7 тага етди. Улардан 5 таси олтин
Oct. 8, 2018, 10:35 a.m. 3280

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда. Мусобақаларнинг иккинчи кунида ҳозирча 3 та медаль қўлга киритилди – уларнинг барчаси олтин.

8 октябрь тонгида Камолахон Абдуллаева (узунликка сакраш, 4,71 м), Александр Свечников (найза улоқтириш, 67,92 м) ва София Бурханова (ядро улоқтириш, 14,59 м) Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медалларни қўшиб қўйишди. Қайд этиш лозимки, Камолахон Абдуллаева Параосиё ўйинларида аёллар ўртасида узунликка сакраш бўйича чемпионликни қўлга киритган ўзбекистонлик дастлабки спортчи бўлди.

Мусобақаларнинг биринчи кунида ўзбекистонлик тўрт нафар атлет сузиш баҳсларида 2 та олтин ва 2 та кумуш медалларни қўлга киритишган эди. Эндиликда Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 5 та олтин ва 2 та кумуш медаллари мавжуд.

8 октябрь куни, шунингдек, ўзбекистонлик спортчилар енгил атлетиканинг бир неча йўналишида, сузиш, дзюдо, пауэрлифтинг, ўқ отиш баҳсларида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ S13 йўналишида 400 метрга эркин сузиш бўйича иштирок этган Дмитрий Хорлин Осиё рекордини ўрнатгани хабар қилинганди.