Параосиё ўйинлари. Дзюдочилардан ҳам 4 та медаль, ўзбекистонлик енгил атлетикачи жаҳон рекордини ўрнатди
Oct. 8, 2018, 5:44 p.m. 2303

Индонезияда Параосиё ўйинларининг иккинчи кунги баҳслари давом этмоқда. Айни пайтга келиб, дзюдо бўйича беллашувлар ниҳоясига етган.

Миллий олимпия қўмитасининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, бугун гиламга чиққан тўрт нафар ўзбекистонлик дзюдочининг барчаси шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда Шерзод Намозов (-60кг) ва Ўткир Нигматов (-66кг) олтин, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса Лобар Ҳуррамова (-48кг) кумуш, Севинч Саллаева (-52кг) бронза медалларини қўлга киритишди.

Дзюдо бўйича баҳслардан бироз ўтиб, ядро улоқтириш мусобақалари ҳам якунига етди. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳусниддин Норбеков 16,35 м натижа қайд этди ва жаҳон рекордини ўрнатди.

Бундан бироз аввал эса, найза улоқтириш баҳсларида қатнашган Розия Эргашева 34,10 натижа қайд этди ва олтин медални қўлга киритди. 200 метрга югуриш йўналишида стартга чиққан Сабина Суханова эса маррага учинчи бўлиб етиб борди ва бронза медалига эга чиқди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоасининг Параосиё ўйинларидаги медаллари сони 15тага етди. Уларнинг 10таси олтин, 3таси кумуш ва 2таси бронза медалларидир.

Эслатиб ўтамиз, бугун, шунингдек, эркаклар ўртасида S13 йўналишида 400 метрга эркин сузиш бўйича иштирок этган Дмитрий Хорлин ўз чиқишини 4 дақиқа 9,23 сонияда якунлаб, барча рақибларини ортда қолдириш билан бирга Осиё рекордини ўрнатди. Кечаги кунги баҳсларда сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритган эди.

Мусобақа 13 октябрь куни ниҳоясига етади.