Лопетеги шу ойдаёқ истеъфога чиқарилиши мумкин. Унинг ўрнига номзод топилган
Oct. 8, 2018, 2:08 p.m. 18319

«Реал» бош мураббийи Хулен Лопетеги истеъфога чиқарилса, «Челси»нинг собиқ устози Антонио Конте унинг ўрнини эгаллайди. Бу ҳақда AS хабар тарқатмоқда.

Мадрид клуби раҳбариятидагилар айни вақтда ишсиз бўлган мураббийлар ичидан италиялик мутахассисни энг яхши номзод сифатида кўришмоқда.

Жамоага ёзда янги бош мураббий сифатида тайинланган Лопетеги айни вақтда ғалабасиз серия туфайли катта босим остида қолган.

Унинг ўрнига номзодлар қаторида «Кастилья» мураббийи Сантяьго Солари ҳам бор.

Испания чемпионатида «Реал» қаторасига 3 ўйинда ғалаба қозона олмади, 8 турдан кейин жамоа 14 очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўринда жойлашган.

Лопетегининг клубдаги тақдири 28 октябрь куни «Барселона»га қарши кечадиган ўйиндан кейин ҳал бўлиши мумкин.

Умуман, ФИФА кунларидан кейин «Реал» класико баҳсига қадар ички чемпионатда «Леванте»га қарши ва ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Виктория Пльзен»га қарши ўйинлар ўтказади.

«Реал» Конте билан шу йилнинг ёзида, Лопетеги тайинланишидан аввалроқ ҳам алоқага чиққанди. Аммо якунда мураббий учун Лондон клубига товон пули тўлаш зарурати маъқул келмаган ва музокаралар тўхтаганди.