Криштиану Роналду «Олтин тўп»га расман даъвогар сифатида эълон қилинди
Oct. 8, 2018, 3:09 p.m. 13716

Бугун, 8 октябрь куни France Football нашри ўз талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчисига топшириладиган «Олтин тўп» соврини учун номзодлар рўйхатини эълон қилишда давом этмоқда.

Даъвогарларнинг навбатдаги бешлигидан қуйидаги футболчилар ўрин олган:

  • Тибо Куртуа, «Реал» / «Челси», Бельгия
  • Криштиану Роналду, «Реал» / «Ювентус», Португалия
  • Кевин Де Брюйне, «Манчестер Сити», Бельгия
  • Роберто Фирмино, «Ливерпуль», Бразилия
  • Диего Годин, «Атлетико», Уругвай

Бундан аввал эълон қилинган номзодлар қуйидагилар эди:

  • Серхио Агуэро, «Манчестер Сити», Аргентина
  • Алиссон Беккер, «Рома»/«Ливерпуль», Бразилия
  • Гарет Бэйл, «Реал», Уэльс
  • Карим Бензема, «Реал», Франция
  • Эдинсон Кавани, «ПСЖ», Уругвай

Рўйхатдан 30 нафар футболчи жой олган бўлиб, улар бугун кун давомида 5 нафардан эълон қилиб борилади.

Маълумот ўрнида, француз тилидан таржима қилганда «олтин тўп» маъносини англатувчи «Ballon d'Or» соврини 1956 йилда таъсис этилган бўлиб, 1995 йилгача фақат европалик футболчиларга топширилган. Ўша йилдан бошлаб France Football уни қайси мамлакатдан эканлигидан қатъи назар, Европа клубларида тўп сурган ўйинчиларга топширишни йўлга қўйган. 2007 йилдан бошлаб эса ушбу совринга бутун дунёдан профессионал футболчилар даъвогарлик қилиши мумкин бўлди.

2016 йилда France Football нуфузли мукофот таъсис этилганининг 60 йиллиги муносабати билан 1958-1994 йиллар учун берилган «Олтин тўп»ларнинг бутун жаҳон футболи учун муқобил соҳибларини эълон қилди.