Қиролсиз тахт: «Реал»га нималар бўляпти?
Oct. 8, 2018, 5:46 p.m. 11250

22 сентябрь куни Асенсио томонидан «Эспаньол» дарвозасига урилган гол VAR ёрдамида ҳисобга олинди. Ўйиннинг 41-дақиқаси эди ва шу гол ўйинда ягоналигича қолиб, «Реал»га навбатдаги уч очкони олиб келди. Шундан кейин Ла Лига доирасида ўтказилган 3 ўйинда «Реал» атиги бир очко олди, икки марта мағлуб бўлди ва битта ҳам гол ура олмади. Европа Чемпионлар Лигасидаги Москвага ташриф ҳам голсиз якунланиб, бу ўйинда ҳам мадридликлар 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Ҳаммасини жуда яхши бошлаган «Қироллик клуби»га нима бўлди?

Трансфер бозоридаги пассивлик

21 асрда «Олтин тўп» олган ҳар қандай футболчи борки, «Реал»да ўйнаган ёки мадридликлар уни сотиб олишга уриниб кўрган. Оуэн, Зидан, Фигу, Кака, Роналду, Каннаваро... «Қироллик клуби» футбол осмонида энг ёрқин порлаган юлдузни ўз сафига қўшиб олиш билан машҳур эди. Бу аввало, мана шу қироллик мақомини намойиш қилишга қаратилган ҳаракат эди – энг яхши футболчилар доим «Реал» томон талпинади.

Криштиану Роналдунинг Мадриддаги энг ёрқин йиллари ортда қолганди, унинг Туринга трансфери нарх нуқтаи назаридан энг мақбул пайтда сотилган бўлиши ҳам мумкин. «Реал»ни бу трансфер учун ҳеч ким айбламади, ҳатто жамоа мухлислари ҳам бу ҳолатни тўғри тушуниб, янги даврнинг бошланиши деб тушунишди.

Аммо биласизми, бунинг учун жамоа ичидан Роналду каби амбицияларга эга бўлган юлдузнинг чақнаб чиқиши (худди «Барселона»да Месси Роналдиньонинг ўрнини босганидек) ёки бошқа бир ёш юлдуз сотиб олиниши шарт эди. Модрич, Кросс, Бэйл ёки Иско – жуда кучли футболчилар, «Реал» таркиби ҳали-ҳамон Европада энг кучлилардан бири бўлиб қолмоқда, лекин бу футболчилар ўтган мавсумда ҳам бор эдилар-ку?

Гўёки, чиройли  бир тортнинг энг тепасидаги ярашиб турган нақшини олиб ташлаб, барибир бу торт ўшандай чиройлилигача қолди, дейиш хато бўларди, менимча. Даврлар ўзгариши кўпроқ руҳият билан ҳам боғлиқ, футболчиларда, мухлисларда, умуман жамоатчиликда Роналдунинг бир йилда 50га яқин урадиган голлари айнан ниманинг ҳисобига тўлдирилиши кераклигини ҳамма ҳис қилиши керак.

Эден Азар, Килиан Мбаппе, Ҳарри Кейн, Муҳаммад Салоҳ – кимдур кўпроқ, кимдир камроқ, бу юлдузларнинг исми «Реал» билан бирга тилга олинди сўнгги йилларда. Айниқса, Роналдунинг кетишидан сўнг, Перес шубҳасиз бирор йирик трансферни амалга оширишига ҳамма ишониб турганди. Аммо кутилмаганда, Перес ўзини анча сокин тутмоқда. Ҳар йили биттадан юз миллионлик трансферни амалга ошираётган «Барселона» ва Асенсио, Сабальос, Васкес каби ёшларга таянаётган «Реал» алмашиб қолгандек...

Етакчининг йўқлиги

Бошқа томондан Пересни тушуниш мумкин. Гарет Бэйл, Асенсио ёки Бензема каби футболчилар гўёки Роналдунинг соясида қолаётган, аслида ҳар қандай жамоани юқори мақсадлар сари етаклай оладиган салоҳият соҳиби эканликлари ҳақида ҳам кўп гапирилди. «Реал» августни жуда кучли ўтказганида, бундай фикрлар асосга эгадек кўринди. Футболчиларнинг ўзи ҳам Роналдунинг кетиши ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги ҳақида интервьюлар бера бошлашди. Ҳали бироз эрта эди.

Биринчидан, етакчининг роли жамоа яхши ўйин кўрсатаётганда эмас, аксинча, ўйин чиқмай, бурчакка қисилиб қолганда билинади. Роналдунинг жуда кўп мана шундай ўйинларда йўқ жойдан гол уриб, «мен шу ердаман» деб ишора қилганини кўрганмиз. Дастлаб Лопетегининг фалсафаси ҳам, тактик тайёргарликлар ҳам майдонда ўз аксини топаётганди, ҳаммаси жойида эди. Бундай ҳолатда ҳар қандай футболчи ўзини кўрсата олади. Рақиб қаттиқроқ қаршилик қилиб, ҳаво етмай қолганда эса, «Реал»да етакчи кўринмай қолди.

Иккинчидан, айнан мана шундай салбий паллаларда Роналдунинг яна бир томондан фойдаси тегарди. Бутун матбуот ва мухлислар омадсизликларни Роналдунинг ёмон ўйини билан боғлашар, асосий тарқидлар унга қаратилар,  бу паллада бемалол Модрич ўз формасига қайтар, Бэйл жароҳатидан тикланар, Бензема гол уришни ўрганиш билан шуғулланарди. Энди ҳамма танқид қилинмоқда. Энди етакчи футболчилар майдонда амалга ошира олмаётган ишларидан ташқари, «Роналду бўла олмаслик» билан ҳам айбланяптилар. 

Иско ва бошқалар

Жамоа ўйинида муҳим аҳамият касб этган бир қатор футболчиларнинг яхши спорт формада эмасликлари ёки кутилмаганда жароҳат олишлари, яъни, вазиятнинг объектив сабаблари ҳам бор. Янги бош мураббий Лопетеги Мадридга келишидан аввал Испания терма жамоасини бошқарганини яхши биласиз. Ўша жамоада тактик жиҳатдан асосий рол Искога топширилганди. Унинг ярим ҳимоя ва ҳимоя ўртасидаги боғловчилик вазифаси Лопетегининг асосий қуролларидан бири эди.

Мураббий «Реал»да ҳам худди шу йўлдан боришини тахмин қилиш қийин эмасди, шундай бўлди ҳам. Аммо кутилмаганда Исконинг касал бўлиб қолиши жамоа ўйинига ҳам, натижаларига ҳам салбий таъсир қилди.

«Реал» Иско майдонга тушган ўйинларда: 5 ўйинда 4 ғалаба ва 1 дуранг. Тўплар нисбати 15-3. Бу ўйинлардан учтасида Иско асосий таркибда тўлиқ ҳаракат қилган ва «Реал» ҳар учала ўйинда ғалаба қозонган.

Исконинг сафдан чиқишидан кейинги ўйинлар: 4 ўйин, бир дуранг, 3 мағлубият. Тўплар нисбати 0:6.

Шунингдек, Карвахаль, Марсело, Бэйл каби футболчилар ҳам сўнгги тўрт ўйинда жароҳат туфайли навбати билан таркибдан четда қолишди. Москвадаги ўйинга Серхио Рамос олиб кетилмади. Жаҳон чемпионати финалчиси Лука Модрич эса, таътилдан бироз кеч қайтгани туфайли, ҳали юқори спорт формасига чиқиб олмади ва баҳордаги Модричдан анча узоқ. Аслида эса, айнан мана шу футболчилар жамоадаги Роналдунинг аҳамиятини ўз елкаларига бўлишиб олишлари керак эди.

Янги мураббий

Сўнгги йилларда, умуман «Реал»нинг мана шу йиғилган таркибини шуғуллантирган мураббийлар Жозе Моуриньо, Карло Анчелотти ва Зинедин Зиданнинг умумий жиҳати бор. Учала мураббий ҳам тактик сифатида ном қозонишмаган. Бу мураббийлар асосан таркибни бошқариш, футболчиларга майдонда вазифалар тақсимлаш, футболчиларнинг салоҳиятидан максимал фойдаланиш борасида иш олиб боришади. Бу мураббийларнинг жамоаларида алоҳида ўйин чизгиларини пайқаш қийин.

Хулен Лопетеги иш услуби жиҳатидан ҳам, ўйин фалсафаси жиҳатидан ҳам аввалгиларга ўхшамаган мураббий. У аввало тактик. У аввало, ўз фалсафасидаги ўйинни ташкил қилишга ҳаракат  қилади ва агар мана шу ўйин қурилса, жамоага алоҳида юлдузларнинг ҳам, зарур юлдузнинг ҳам кераги йўқ бўлиб қолар балки. Шунинг учун баъзида Модрич ўрнига Себальос майдонга тушса, илгари тасаввур қилиш қийин бўлган Кроос таркибдан четда қолса, ҳеч ким тушунмайдиган тарзда қайсидир футболчига юқори ишонч билдирилса, ҳайрон қолмаслик керак.

Бу қарорлар иложсизликдан ёки ақлсизликдан эмас, Лопетегининг тактик йўналишларидан келиб чиқади ва таркибни танлашда белгиланаётган вазифаларниннг қай даражада тўғри бажарилиши муҳим ўринга чиқади – футболчининг статуси ёки юлдузлиги эмас.

Мадридда ҳозир тушунмовчилик ҳукм сурмоқда. Мураббийнинг қарашлари ва баъзи қарорлари жамоа учун ҳам, Мадрид учун ҳам одатий эмас. Юқоридаги турли сабаблар туфайли содир бўлаётган натижалар эса, бу тушунмовчиликни авж олдирмоқда. Ҳатто Лопетегининг курсиси қимирлаб қолгани ва унинг ўрнига Антонио Конте варианти ўйлаб кўрилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Хулоса

Аслида ҳали кўп нарса йўқотилгани йўқ. Одатий мавсумда, жамоа аллақачон «Барселона»дан 10 очко ортда бораётган ва Ла Лигани ютиш ҳақидлаги орзуларидан мосуво бўлган бўларди. Аммо бу сафар каталонияликлар ҳам очко улашишда асосий рақибдан қолишмаяпти. Натижада, «Реал» ҳозирда «Барселона»дан атиги 1 очко, пешқадам «Севилья»дан эса 2 очко ортда холос. Мадридликлар «Атлетико» ва «Севилья» билан ўз ўйинини ўтказиб улгургани ва октябрда бу жамоалар «Барселона»ни синовдан ўтказишини ҳисобга олсак, «Реал» ҳатто бу ойни пешқадам сифатида якунлаши ҳам ҳеч гап эмас.

Эл Классикодан олдин «Реал» ўз майдонида «Леванте» ва «Виктория» (ЕЧЛ) билан ўйнайди. Ўйинни яхшилаб олиш учун учун қулай ва осон рақиблар. Шунингдек, Иско ҳам таркибга қайтади.

Чемпионлар Лигасида «Реал»нинг гуруҳи қийин эмас. «Рома» устидан йирик ғалабага эришилди. «Виктория» билан ўйинларда олти очко олинса, плей-офф масаласи деярли ҳал бўлади. Бу томондан хавотирга ўрин йўқ.

«Реал» раҳбарияти вазиятни ўз оқимига қўйиб берадими ёки аралашиш палласи келган деб ҳисоблайдими, ҳозирча номаълум. Менимча, Лопетегига камида мавсум охиригача имконият берилиши керак. Юқорида айтилганидек, у тактик, унинг услублари мева беришни бошлаши бироз вақт талаб қилади. Пеп Гвардиоланинг Англиядаги биринчи мавсумини эсланг. Лопетеги Мадридга энг нозик даврда ташриф буюргани, юзага келган аксарият салбий ҳолатларда унинг айби йўқлиги эътиборга олиниши керак.

 Сўнгги беш йилда тўрт марта Европанинг энг нуфузли совринини ютган «Реал» етарлича сабр қилиш бонусига эга.

Қаҳрамон Асланов