Икарди «Интер» тўпурарлари рўйхатида юқориламоқда
Oct. 8, 2018, 8:29 a.m. 2380

Италия чемпионатида 8-турнинг якунловчи баҳси СПАЛ ва «Интер» жамоалари ўртасида кечди. Учрашув миланликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.

Ғолиб жамоанинг ҳар иккала голига ҳужумчи Мауро Икарди муаллифлик қилди. Ушбу голлар аргентиналик футболчининг А Сериядаги 102- ва 103-голлари бўлди.

Шу тариқа, Икарди «Интер» сафида миллий чемпионатда урилган голлар сони бўйича Кристиан Вьеридан ўзиб кетди ва клубнинг А Сериядаги энг яхши тўпурарлари рўйхатида 9-ўринга кўтарилди.

Маълумот учун, 25 ёшли футболчи 2013 йилдан буён жамоа шарафини ҳимоя қилиб келади. Унинг «Интер» либосида барча мусобақаларда киритган голлари 112 тани ташкил этмоқда. У ҳозирга қадар икки марта А Серияда мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлган.

«Нерадзурри»нинг А Сериядаги энг яхши тўпурари 198 та гол киритган Жузеппе Меацца ҳисобланади.