Англияда учҳокимлик. АПЛда тур якунлари
Oct. 8, 2018, 4:05 p.m. 5308

Англия чемпионати турнир жадвалида 8 тур ўйинларидан кейин биратўла уч жамоа 20тадан очко тўплаган ҳолда юқори учликни банд этган. «Арсенал» эса ниҳоят тўртинчи ўринга қайтган. «Трибуна» Англия чемпионатида тур якунларини сарҳисоб қилади.

Моуриньо Фергюсондан ўзиб кетди

«Манчестер Юнайтед» – «Ньюкасл» 3:2 (0:2, 3:0)
Голлар: 0:1 – 7 Кенеди, 0:2 – 10 Муто, 1:2 – 70 Мата, 2:2 – 76 Марсиял, 3:2 – 90 Санчес.
«Манчестер Юнайтед» – Де Хеа, Янг, Байи (Мата, 19), Смоллинг, Шоу, Мактомини (Феллайни, 46), Матич, Погба, Рэшфорд (Санчес, 67), Лукаку, Марсиял.
«Ньюкасл» – Дубравка, Йедлин, Ласселс, Фернандес, Манкильо, Ритчи, Шелви, Диаме, Кенеди (Мерфи, 68), Перес (Хоселу, 88), Муто (Атсу, 78).
Огоҳлантиришлар: Шоу (45), Ритчи (58), Погба (63), Диаме (69).

Инстаграмда тасодифан «лайк» босиб қўйиш ҳам ҳайфсанга олиб келади. Жозе Моуриньонинг истеъфоси ҳақидаги хабарга билмасдан «лайк» босган Антонио Валенсия кейинчалик узр сўраган бўлсада, мураббий уни кечирмади ва шанба оқшомидаги ўйинда майдонга туширмади. Эквадорлик футболчи ҳатто ўйин заявкасига киритилмаган. Аммо у майдонга тушганида жамоа яхши ўйнаб қолармиди? «Қизил иблислар» ҳимоясида ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ парокандалик кузатилди. Ўйиннинг 10-дақиқасига келиб «қарғалар» 2та гол уриб улгуришганди. Бундай саросима «Олд Траффорд»да ҳеч қачон рўй бермаганди.

Ўйиндан олдин фанатлар Моуриньонинг ҳайдалиши ҳақида қўшиқ куйлашаётганида Моуриньо телекамерага қараб қўлидаги идишдан сув сепди. У хушчақчақ эди.

Аммо у танаффус учун ҳуштак янграганида кийим алмаштириш хонаси томон хавотир билан чопиб борарди. Кийим алмаштириш хонасида нималар рўй берган, қандай гаплар айтилган, биз билмаймиз, аммо иккинчи бўлимга бошқа жамоа чиқиб келди. Иккинчи бўлимда «қизил иблислар» қафасдан қутулиб чиққандек ўйнашди. Футболчилар жон-жаҳди билан ғалабага интилишди ва 3 очкони рақиб қўлидан юлқиб олишди. Жамоадаги ҳар бир футболчи гол уришни истарди. Ниҳоят, буни Мата уддалади.

Иккинчи голни эса мураббий билан ихтилофдаги футболчилар уришди. Поль Погба Марсиялга тўпни товони билан қайтариб берди, январь ойидан буён гол урмай қўйган Марсиял ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиндаги ҳал қилувчи голни эса охирги дақиқада, «Манчестер Юнайтед»га келиб йўқолиб қолгани, қишда сотиб юборилиши айтилаётган Алексис Санчес ўзига хос бўлмаган тарзда боши билан урди. 

Энди Моуриньо «Манчестер Юнайтед»нинг фоизлар бўйича энг яхши натижага эга мураббийи - у ўзи бошчилигидаги ўйинларнинг 60,3 фоизида ғалаба қозонган ва афсонавий сэр Алекс Фергюсонни (60,1) ортда қолдирган. Бундан ташқари, бу ғалаба португалиялик мутахассис учун мураббийлик фаолиятидаги юбилей - 400-ғалаба бўлди.

«Тоттенҳэм» – «Кардифф» 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: 1:0 – 8 Дайер.
«Тоттенҳэм» – Льорис, Триппьер, Санчес, Алдервейрелд, Роуз (Дэвис, 88), Сиссоко (Ваньяма, 85), Уинкс, Дайер, Сон Хин Мин (Ламела, 72), Лукас Моура, Кейн.
«Кардифф» – Этеридж, Манга, Моррисон, Бамба, Беннетт, Роллс, Ҳойлетт (Ҳаррис, 78), Камараса, Артер, Мерфи, Патерсон (Уорд, 78; Рид, 85).
Огоҳлантиришлар: Санчес (51), Кейн (59), Алдервейрелд (68), Артер (90).
Четлатиш: Роллс (58).

ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Барселона»га қарши оғир ўйиндан кейин (2:4), «Тоттенҳэм» аутсайдер устидан камтар ҳисобдаги ғалабага эришди. Бу ғалабани таянч яримҳимоячиси Эрик Дайер 8-дақиқада бурчак зарбаси амалга оширилган вақтда урган гол таъминлади. Дайер 18 ой ичида илк марта гол уришга муваффақ бўлди. Бу ғалаба эвазига «шпорлар» 18 очко билан бешинчи ўринда жойлашган.

Эмери қаторасига 9-ғалабага эришди

«Фулҳэм» – «Арсенал» 1:5 (1:1, 0:4)
Голлар: 0:1 – 29 Ляказетт, 1:1 – 44 Шюррле, 1:2 – 49 Ляказетт, 1:3 – 67 Рэмзи, 1:4 – 79 Обамеянг, 1:5 – 90 Обамеянг.
«Фулҳэм» – Беттинелли, Одои, Рим (Камара, 54), Ле Маршан, Кристи, Замбо-Ангисса (Макдоналд, 62), Сери, Сессеньон, Вьетто (Юхансен, 83), Митрович, Шюррле.
«Арсенал» – Лено, Беллерин, Мустафи, Ҳолдинг, Монреаль, Торрейра, Чака, Мхитарян, Уэлбек (Обамеянг, 62), Ивоби (Рэмзи, 67), Ляказетт (Гендузи, 80).
Огоҳлантиришлар: Вьетто (57), Шюррле (70).

«Крейвен Коттейж»да меҳмон бўлган Унаи Эмери жамоаси мавсумдаги илк йирик ғалабаси билан ғалабали сериясини давом эттирди, «Арсенал» барча турнирларни қўшиб ҳисоблаганда тўққизинчи ғалабасини нишонлади. Мураббий бошланғич таркибда ротациялар амалга оширди, Обамеянг захирада қолдирилиб, ҳужумда Александр Ляказетт ва Дэнни Уэлбек жуфтлиги ҳаракатланди. Шунингдек, Ўзил ўйин қайдномасига ҳам киритилди, Аарон Рэмзи ўйинни захира ўриндиғида бошлади.

Бу ротациялар жамоа ўйин суръатига таъсир қилмади, 29-дақиқада Ляказетт рақиб жарима майдонида ажойиб ҳаракатланиб, ҳисобни очди.

Танаффус арафасида Монреаль орқага тўпни узатганида рақиб тўпга эга чиқиб, Шюррле ҳисобни тенглаштирди. Аммо иккинчи бўлим бошида Ляказетт яна аниқ ҳаракат қилди ва жамоани олдинга бошлади. У анчадан буён илк марта «Лион»даги пайтларни эслаб жарима майдони ташқарисидан кучли зарба билан ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди (нима учун Арсен Венгер унинг бу қобилиятидан фойдаланмагани жумбоқ). Кейинчалик Эмери Обамеянгни ҳам майдонга ташлади ва у ҳам дубль қайд этиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

 

Лекин унгача нафақат ўйиннинг, балки турнинг безагига айланган голни Аарон Рэмзи уриб бўлганди. У 67-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди ва тўпга илк тегиниши билан қарши ҳужум бошлади. У ўзи бошлаган ҳужум давомида иштирок этиб, унга чиройли нуқта қўйди.

Рэмзи майдонга тушганига 39 сония бўлганида голни нишонлаётганди. Агар «Арсенал» босслари бу беназир футболчи билан янги шартнома бўйича келиша олмай, уни сотиб юборишса, катта жиноятга қўл урган бўлишади.

«Челси» «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»га етиб олди

«Саутҳемптон» – «Челси» 0:3 (0:1, 0:2)
Голлар: 0:1 – 30 Азар, 0:2 – 57 Баркли, 0:3 – 90 Мората.
«Саутҳемптон» – Маккарти, Беднарек (Ромеу, 46), Йосида, Худт, Соареш, Лемина, Хейбьерг, Бертран, Габбьядини (Лонг, 78), Редмонд, Ингз.
«Челси» – Аррисабалага, Аспиликуэта, Рюдигер, Давид Луиз, Алонсо, Канте, Жоржиньо, Баркли (Ковачич, 81), Виллиан (Педро, 75), Жиру (Мората, 68), Азар.
Огоҳлантиришлар: Бертран (45), Лемина (54), Соареш (59), Ромеу (61), Хейбьерг (66), Ингз (90).

«Авлиёлар» учун «Челси» энг ноқулай меҳмон ҳисобланади ва бу анъана бу ўйиндан кейин ҳам сақланиб қолди. Марк Ҳюз жамоаси биринчи бўлимда кўплаб имкониятларни кўкка совуришди, Азар эса рақибнинг илк хатосиданоқ унумли фойдаланди.

Бельгиялик футболчи ҳамиша қилиб юрган ишини такрорлади, аммо уни пас билан таъминлаган Росс Баркли учун бу кейинги ярим йилдаги илк самарали ҳаракат бўлди. У «Челси»даги илк голли пасни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Англиялик футболчи худди шу ўйинда жамоадаги илк голини ҳам уришга муваффақ бўлди. Қайд этиш керакки, у 2013 йилдан буён «Челси» сафида бир ўйинда «гол+пас» қилган илк футболчи бўлди. 5 йил муқаддам бундай кўрсаткич Фрэнк Лэмпард томонидан қайд этилган.

Унга Оливье Жиру «қайчи услуби»да пас етказиб берганди. Бу франциялик ҳужумчи учун АПЛдаги 200-учрашув эди. Аммо у ўзининг юбилей учрашувида гол ура олмади, учинчи гол Альваро Мората ҳисобига ёзилди. Испаниялик ёш ҳужумчи яна ўзига бўлган ишончни тикламоқда.

Бу ғалаба эвазига Маурисио Сарри жамоаси бир муддат турнир жадвали пешқадами бўлиб турди. Аммо бу ўйиндан кейин бошланган «Ливерпуль» - «Сити» учрашуви натижаси яна турнир жадвалидаги вазиятни ўзгартирди.

Эҳтиёткор Гвардиола, омадсиз Маҳрез ва турнир жадвалидаги учҳокимлик

«Ливерпуль» – «Манчестер Сити» 0:0 (0:0, 0:0)
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Маҳрез, 86 (хато)
Ливерпуль – Алиссон, Гомес, Ловрен, ван Дейк, Робертсон, Вейналдум, Ҳендерсон, Милнер (Кейта, 29), Салоҳ, Фирмино (Старриж, 72), Мане.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Стоунз, Лапорт, Менди, Бернарду Силва, Фернандиньо, Маҳрез, Сильва, Стерлинг (Сане, 76), Агуэро (Габриэл Жезус, 66).
Огоҳлантиришлар: Бернарду Силва (21), Агуэро (56), Менди (64), Вейналдум (90).

Гвардиоланинг айёрлиги
Бир йил муқаддам Юрген Клопп «Этиҳад»да иложсиз қолдирилганида айримлар унга ҳамдардлик билдирган, кўпчилик Гвардиоланинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасидан хулоса чиқариб бўлганди. Кўпчилик германиялик мураббий Англияда Гвардиолага фақат ютқазиб юришини тахмин қилганди. Аммо шундан буён Гвардиола Клоппни мағлуб эта олмаяпти. Январь ойида «Ливерпуль» «Сити»нинг чемпионлик мавсумидаги мағлубиятсиз сериясига интиҳо ясади (4:3). Аввалига кўпчилик буни мезбонлар сафидаги футболчиларнинг индивидуал маҳорати туфайли деб билишди.

Аммо баҳорда қуръа бу икки жамоани Чемпионлар лигаси чорак финалида учраштирди. «Шаҳарликлар» икки ўйинда ҳам ҳар томонлама мағлуб бўлишди. Бу ўйинларда Клопп тактик жиҳатдан Гвардиолани ожиз қолдирди.

Навбатдаги ўйин арафасида «Ливерпуль»нинг ўйини юришмай қолганди. Аввалига «Челси»га Ливерпулда Англия Лигаси Кубогида мағлуб бўлинди (1:2), ўтган турда эса «Челси» майдонида кечган Англия чемпионати ўйинида ғолиб аниқланмади (1:1) ва бу натижа мерсисайдликларни биринчи ўриндан тушириб юборди. Ўтган ҳафтада Чемпионлар лигаси ўйинида «Неапол» майдонида яна мағлубият - 0:1. Гвардиола Ливерпулдаги ўйин арафасида ўзининг одатий услубида ҳаракатланишини ваъда қилиб, барчани доғда қолдирди. У Кевин де Брюйнени майдонга тушириши ҳақида айтиб, уни заявкага ҳам киритмади.

Антирекорд учун ўйин
Клопп эса ўз услубидан воз кечмади. Шу куни «Энфилд»даги фаолиятининг учинчи йилини нишонлаган мутахассис шогирдларини ҳакам ўйин бошлагани ҳақидаги ҳуштагини чалиши билан олдинга ташланишди. У Александр-Арнолдга дам бериб, бошланғич таркибга Гомесни қўйди. Аммо Милнернинг эрта жароҳат олиши режаларни ўзгартириб юборди, футболчилар кўпроқ мудофаа билан шуғулланишига тўғри келди.

Пеп эса бошланғич таркибда Бернарду Силва ва Риёз Маҳрезни тушириш кифоя деб ҳисоблади. Қанотлар кучсизланган бўлсада, португалиялик футболчи майдон марказини тўлиқ назоратига олди. Меҳмонлар илк дақиқалардан ҳужумга отланган мезбонларни муносиб кутиб олишди, Клопп жамоаси чарчаганидан кейингина манчестерликлар аста-секин ҳужумга ўта бошлашди.

Вазиятлардан бирида Салоҳ Стоунзни алдаб ўтиб, зарба берди, аммо тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Яна бир вазиятда Менди қулай нуқтада очилган Манега узатилган тўпни тўхтатиб қолди. «Сити» биринчи бўлим давомида ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Бу Гвардиола давридаги «Сити» учун дарвоза томон зарба берилмаган ягона бўлим бўлди.

Маҳрез антиқаҳрамон
Мухлислар жамоалардан томошабоп ўйин кутганди, аммо Гвардиола Клоппга қаторасига тўртинчи марта ютқазишни истамади. У якшанба кунги ўйинда «эҳтиёткорлик»ни ўзига шиор қилганди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар жонлана бошлашди, вазиятлардан бирида икки мураббий Агуэрога майдон марказидаги фол учун кўрсатилган сариқ карточка борасида баҳслашишди. Пеп тўп ван Дейкнинг қўлига теккан вазиятда ҳам норозилигини очиқ ифодалади, ҳолбуки ўйин ҳаками Мартин Аткинсон бу вазиятдан олдинроқ Фернандиньо қоида бузганини кўрсатаётганди. 

Ўйин якунига 20 дақиқача вақт қолганида Клопп Фирминьони майдондан олди ва Старрижнинг яна тасодифий зарбасига умид қилди. Бир соатдан ортиқроқ вақтда қамалда ўтиришга рози бўлган Гвардиола эса Сане ва Жезусни майдонга ташлаб, ҳужум ўтишга буйруқ берди. 

Ўйин охирида «Манчестер Сити» бор кучи билан олдинга ташланди, аммо Сильванинг заргарона пасидан Маҳрез фойдалана олмади. 

Ўйин асабий кеча бошлади, гоҳ Ловрен Жезуснинг юзига урар, гоҳ Мане Фернандиньонинг оёғидан чаларди. Ниҳоят ҳакам ортиқ сабр қилмади ва ван Дейк жарима майдони ҳудудида Санени йиқитганида 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Аммо Маҳрез бу сафар ҳам ишончни оқламади ва тўпни осмону фалакларга қарата тепиб юборди. Агар у гол урганида бу Гвардиоланинг фаолиятидаги энг ноодатий, «ҳимояда ётиб» қўлга киритилган ғалаба бўлган бўларди, аммо Маҳрез буни «истамади».

Шу тариқа, Клопп ва Гвардиола қарама-қаршилигида илк марта голсиз дуранг қайд этилди. Бу ўйин жамоалар ўртасида кейинги 8 йилдаги илк голсиз дуранг бўлди.

Бу дуранг эвазига турнир жадвалининг юқори қисмида «учҳокимлик» юзага келди. Эндиликда «Манчестер Сити», «Челси» ва «Ливерпуль»да 20тадан очко бор, бу жамоалар тўплар нисбатига кўра 1-3 ўринларни бўлишиб туришибди.

Тур ўйинлари
«Лестер» – «Эвертон» 1:2
(1:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 7 Ришарлисон, 1:1 – 40 Рикарду Перейра, 1:2 – 77 Сигурдссон.
«Лестер» – Шмейхель, Амарти, Морган, Магуайр, Чилуэлл, Менди, Ндиди, Рикарду Перейра (Окадзаки, 86), Ихеаначо (Олбрайтон, 67), Мэддисон (Геззаль, 80), Варди.
«Эвертон» – Пикфорд, Кенни, Кин, Зума, Динь, Дэвис (Тосун, 71), Гуйе, Уолкотт (Кэлверт-Льюин, 90), Сигурдссон, Бернард (Шнайдерлин, 90), Ришарлисон.
Огоҳлантиришлар: Амарти (31), Морган (43), Дэвис (45), Чилуэлл (90).
Четлатиш: Морган (63).

«Уотфорд» – «Борнмут» 0:4 (0:3, 0:1)
Голлар: 0:1 – 14 Брукс, 0:2 – 33, пенальти Кинг, 0:3 – 45 Кинг, 0:4 – 47 Уилсон.
«Уотфорд» – Фостер, Фемения, Кэткарт, Кабаселе, Холебас, Капу, Дукуре, Хьюз (Мариаппа, 55), Перейра (Деулофеу, 74), Дини, Грэй (Саксесс, 55).
«Борнмут» – Бегович, Фрэнсис, Кук, Аке, Смит, Брукс (Гослинг, 70), Лерма, Кук (Серман, 78), Фрэйзер (Станислас, 66), Кинг, Уилсон.
Огоҳлантиришлар: Кабаселе (11), Кэткарт (22), Холебас (68), Серман (87), Дукуре (89).
Четлатиш: Кабаселе (32).

«Брайтон» – «Вест Ҳэм» 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: 1:0 – 25 Мюррей.
«Брайтон» – Райан, Сальтор, Даффи, Данк, Бонг, Кнокерт, Проппер (Биссума, 80), Кайяль, Жаҳонбахш (Искьердо, 71), Марч (Локадия, 86), Мюррей.
«Вест Ҳэм» – Фабианьски, Сабалета, Бальбуэна, Диоп, Масуаку, Райс, Ярмоленко (Перес, 70), Нобл (Снодграсс, 83), Обианг (Антонио, 60), Фелипе Андерсон, Арнаутович.
Огоҳлантиришлар: Даффи (33), Арнаутович (57), Жаҳонбахш (58), Кайяль (61), Снодграсс (88).

«Кристал Пэлас» – «Вулверҳэмптон» 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 56 Доэрти.
«Кристал Пэлас» – Хеннесси, Уан-Биссака, Томкинс, Сако, ван Анхолт, Таунсенд, Миливоевич, Макартур (Майер, 63), Шлупп (Серлот, 82), Айю (Куяте, 72), Заа.
«Вулверҳэмптон» – Руй Патрисиу, Беннетт, Коуди, Боли, Доэрти, Моутинью, Рубен Невеш, Кастро, Элдер Кошта (Саисс, 84), Хименес (Кавалейру, 76), Диогу Жота (Траоре, 87).
Огоҳлантиришлар: Макартур (30), Коуди (78), Кастро (88), Куяте (88), ван Анхолт (90), Кавалейру (90), Моутинью (90).

«Бёрнли» – «Ҳаддерсфилд» 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 20 Воукс, 1:1 – 66 Шиндлер.
«Бёрнли» – Ҳарт, Лоутон, Тарковски, Ми, Тэйлор, Гудмундссон, Вествуд (Хендрик, 73), Корк, Леннон, Барнс (Вуд, 61), Воукс (Выдра, 90).
«Ҳаддерсфилд» – Лессль, Дурм, Йоргенсен, Шиндлер, Леве (Хадерджонай, 86), Биллинг, Хогг, Муй, Притчард, ван Ла Парра (Мунье, 59), Депуатр (Мбенза, 59).
Огоҳлантиришлар: Депуатр (58), Ми (74), Йоргенсен (76), Лоутон (90).

Турнинг тўпурарлари

Турнир жадвали