0:11. «Металлург» «Пахтакор» манфаати учун хизмат қиладими?
Oct. 8, 2018, 7:23 p.m. 19100

«Металлург» - «Пахтакор» - 0:11. Бу Суперлига доирасидаги ушбу клубларнинг ўзаро 3та ўйинида қайд этилган умумий ҳисоб. Бу «Металлург» томонидан битта оталиққа эга ҳомийдош клуби «Пахтакор»га «совға» қилинган 9 очко деганидир. «Далил, исбот қани?» деб бошимни қотирмай туринг - Тошкент ва Бекобод клублари ўртасидаги ўйин атрофидаги «ўйин»лар шу даража ғалати кўриниш олдики, ПФЛ қошидаги «Келишилган ўйинларга қарши» комиссияси (агар мавжуд бўлса) ҳали ўйин видеоси у ёқда турсин, мақоламиздаги фактлар билан ҳам «Металлург» - «Пахтакор» ўзаро учрашувлари борасида иш очишга асослари етарли.

Бекободдаги «голлар-шоуси»

Келинг, аввало «Металлург» ва «Пахтакор» ўртасидаги Суперлига доирасидаги ўйинларга эътибор қаратамиз. Дастлабки ўзаро расмий учрашув 7-тур доирасида кечиб, «Пахтакор» сафарда «Металлург» устидан 5:0 ҳисобида зафар қучган. (8 февралда мавсумга тайёргарлик жараёни давомида «Пахтакор» «Металлург» билан назорат учрашуви ўтказиб, 8:3 ҳисобида ғалаба қозонганди.)

Суперлига. 7-тур. 19 апрель. Бекобод
«МЕТАЛЛУРГ» – «ПАХТАКОР» - 0:5
«Металлург»:
Зафар Сафаев, Шаҳзод Шайманов, Исломбек Исоқжонов (Аброр Тошқўзиев, 84), Жасур Ҳасанов, Дилёрбек Эрматов, Шерзод Файзиев, Муҳаммад Исаев (Андрей Шипилов, 84), Аброр Хусинов, Зафар Тўраев (Зоҳид Абдуллаев, 66), Павел Смоляченко, Павел Пуришкин.

Бир қарашда натижа «Пахтакор»нинг «Металлург»дан бир бош баландлигини кўрсатар, аммо Бекобод клубининг ушбу баҳсга нисбатан ёндашуви шубҳа-гумонларни уйғотади. Мезбонлар бош мураббийи Андрей Шипилов айнан ўзининг собиқ жамоаси «Пахтакор»га қарши ғалати қарорларни қабул қилган:
1-шубҳа: «Металлург» асосий таркибида илк марта Павел Пуришкин Суперлигада майдонга туширилиб, 90 дақиқа ўйнаган. Пуришкин сўнгги 8 йил ичида илк марта ўзбек клуби сафида дебют ўйинини ўтказган.
2-шубҳа: 7-тургача доим захирада қолган Дилёрбек Эрматов айнан «Пахтакор»га қарши илк бор асосий таркибга туширилган ва 90 дақиқа тўп сурган.
3-шубҳа: «Металлург» асосий таркибида 19 ёшли Аброр Тошқўзиев илк марта майдонга туширилган. Бунгача у Суперлигада умуман ўйнамаган.
4-шубҳа: «Металлург» таркибида илк марта 19 ёшли Андрей Шипилов майдонга тушган. Шу куни дебютини нишонлаган футболчи бунгача Олий Лигада ҳам ўйнамаган.
5-шубҳа: Айнан «Пахтакор»га қарши ўйинда «Металлург» голеадори Зоҳид Абдуллаев бошланғич таркибда туширилмаган, у иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган.

Таркиб 100 фоиз «янгиланиши»
«Пахтакор» - «Металлург» ўртасидаги навбатдаги ўйин 18-турда ўтказилган бўлиб, Тошкентдаги баҳсда ҳам Андрей Шипилов бошқарувидаги «Металлург» жамоаси пойтахтга шунчаки сайёҳатга келиб, «Пахтакор»га чиройли ҳисобда ютқазиб кетишган.

Суперлига. 18-тур. 23 июнь. Тошкент.
«ПАХТАКОР» — «МЕТАЛЛУРГ» - 3:0
«Металлург»:
Зафар Сафоев, Зоир Жўрабоев (Аброр Ҳусинов, 69), Аброр Тошқўзиев, Жасур Ҳасанов, Давронбек Умиров, Дониёр Ҳошимов (Шаҳзод Шайманов, 62), Андрей Шипилов, Шерзод Файзиев, Муҳаммад Исаев (Зоҳид Абдуллаев, 78), Баҳодир Пардаев, Отабек Зокиров.

Ажабланарлиси, «Металлург» бош мураббийи бу сафар ҳам «Пахтакор»га қарши ўйин учун таркиб танлашни «қойиллатган».
1-шубҳа: 17-турда «Бунёдкор» билан 1:1 ўйнаб, «Пахтакор»нинг асосий рақобатчисини 2 очкодан маҳрум этган «Металлург» жамоаси, 18-турда «Пахтакор»га қарши ўйинда ўша асосий таркибни эмас, сафни 100 фоизга янгилаб, 11 нфар бошқа футболчи билан майдонга тушган.
2-шубҳа: «Металлург» билан ўйиндан олдинги 17-турдаги «Қизилқум» - «Пахтакор» (1:2) учрашувида тошкентликлар жамоаси сардори Марко Симич 90-дақиқада атайлаб сариқ карточка олиб, 4 марта огоҳлантирилиши сабабли, натижаси олдиндан маълум бўлган «Металлург» билан баҳсни ўтказиб юборган ва 19-турдаги «Навбаҳор»га қарши учрашувга «тоза» бўлиб қайтган. Яъни, «Металлург» билан ўйин «Пахтакор» футболчиларига карточкалардан «тозаланиш» имконини берган.
3-шубҳа: «Металлург» сафида илк марта Отабек Зокиров асосий таркибга майдонга туширилиб, 90 дақиқа тўп сурган. «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейин бирорта ҳам ўйинда майдонга тушмаган.
4-шубҳа: «Пахтакор»га қарши ўйинда «Металлург» бош мураббийи илк марта тожикистонлик 20 ёшли футболчи Зоир Жўрабоевни асосий таркибда майдонга туширган. «Пахтакор» билан ўйин Жўрабоев учун Суперлигадаги илк ва сўнгги ўйин бўлиб қолган.
5-шубҳа: «Металлург» бош мураббийи шу куни яна бир 20 ёшли футболчи Дониёр Ҳошимовни ҳам илк марта асосий таркибда туширган. Жўрабоев сингари, Ҳошимов учун ҳам «Пахтакор» билан ўйин Суперлигадаги илк ва сўнгги баҳс бўлиб турибди.
6-шубҳа: 7-турда Бекободда 0:5 ҳисоби билан якунланган «Пахтакор»га қарши ўйинда илк марта майдонга туширилган Аброр Тошқўзиев шу билан орада 11 тур (!) дам олиб, 18-турда яна айнан «Пахтакор»га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушган. Андрей Шипилов мавсум давомида Тошқўзиевни фақат «Пахтакор»га қарши ўйнатган.
7-шубҳа: Худди шундай 20 ёшли россиялик футболчи Андрей Шипилов ҳам 0:5 ҳисобидаги мағлубиятли ўйиндан 11 тур ўтиб, айнан «Пахтакор» билан баҳс учун майдонга қайтарилган. Энг қизиғи, бош мураббийнинг ўғли саналмиш ушбу футболчи професионал фаолияти давомида 3 марта ўйин ўтказган ва шундан 2таси айнан «Пахтакор»га қарши – 0:5, 3:0 ҳисобидаги мағлубиятлар қайд этилган ўйинлар.
8-шубҳа: Бунгача ҳар ўйинда асосий таркибдан ўрин оладиган «Металлург» тўпурари Зоҳид Абдуллаев бу сафар ҳам айнан «Пахтакор» билан ўйинга асосий таркибда эмас, сўнгги 10 дақиқаликда майдонга туширилган.
9-шубҳа: 18-турда «Пахтакор» билан ўйнаган «Металлург» жамоасининг навбатдаги 19-турдаги «Нефтчи»га қарши таркиби деярли 90 фоизга янгиланган.

Таниш «сценарий»

«Металлург» ва «Пахтакор»нинг йўли 3 октябрь куни 25-тур доирасида ҳам кесишди. Бу сафар ҳам ўйин «таниш сценарий» остида кечиб, «Металлург» ўз вазифасини «аъло» даражада бажарди.

Суперлига. 25-тур. 3 октябрь. Бекобод
«МЕТАЛЛУРГ» – «ПАХТАКОР» - 0:3
«Металлург»:
Жавоҳир Илёсов, Шаҳзод Шайманов, Ислом Исоқжонов (Аброр Тошқўзиев, 67), Жасур Ҳасанов, Даврон Умиров (Муҳаммад Исаев, 46), Шерзод Файзиев, Худойшукур Сатторов, Баҳодир Пардаев, Аброр Хусинов, Павел Смоляченко (Дониёр Хошимов, 75), Отабек Зокиров.

ПФЛ бу клублар ўртасидаги дастлабки иккита «ўйин»ни кўрмасликка олгач, учинчи марта ҳам Бекободда Суперлига устидан очиқчасига кулишди:
1-шубҳа: «Металлург» – «Пахтакор» учрашувидан олдин, 24-турда «Навбаҳор» – «Металлург» (0:0) ўйини якунида бекободликлар жамоаси етакчилари Зафар Тўраев ва Зоҳид Абдуллаев атайлаб сариқ карточка олиб, чемпионатда 4 марта огоҳлантирилгани боис «Пахтакор»га қарши тақдири ҳал «ўйин»да майдонга тушишдан «қочишди» ва «Бунёдкор»га қарши баҳс олдидан «тозаланиб» олишди.
2-шубҳа: Сўнгги марта фақатгина 2017 йилнинг 9 сентябрь кунида «дубль» қайд этган, ўшанда ҳам «Металлург» дарвозасига 2та гол урган Игорь Сергеев бу йил Суперлигада 1та гол урганди, у «Металлург» билан баҳсда яна «дубль»га эришди.
3-шубҳа: «Пахтакор» сафида 25 тур давомида умуман майдонга тушмаган Ҳожиакбар Алижонов айнан «Металлург»га қарши ўйинда асосий таркибда туширилди.
4-шубҳа: «Металлург» бош мураббийи бу сафар ҳам айнан «Пахтакор»га қарши «ўйнатиладиган» 20 ёшли Аброр Тошқўзиев ва Дониёр Ҳошимовни майдонга туширди.
5-шубҳа: «Металлург» бош мураббийи Андрей Шипилов «Пахтакор» билан ўйинда бу сафар ҳам «анъанаси»ни давом эттириб, Суперлигада умуман ўйнамаган 20 ёшли Худойшукур Сатторовни кучли рақибга қарши асосий таркибда ўйнатди. Бунгача Худойшукур катта футболда майдонга тушмаган, 25 тур давомида жамоасига умуман керак бўлмаганди.

«Металлург» ва «Пахтакор»ни нима боғлаб туради?

Афсуски, Бекобод клуби мана неча йилдирки шубҳали ўйинларда гумон қилинмоқда. Ёдингизда бўлса, ЎФФ 2015 йилда «Пахтакор» – «Металлург» (3:2) учрашувини «спорт приципларига ва этикасига зид» ҳисоблаб, бекободликлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқовни мавсум сўнгги қадар четлатганди. Шунга қарамай, ўшанда «Металлург»нинг шубҳали ўйинлари давом этди.

2017 йилги мавсум якунида эса «Металлург» бош ҳомийси «ЎзМетКомбинат»да раҳбарият ўзгаргач, мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди, футболчилар жамоани тарк этишди.

«Металлург» клуби бош ҳомийси «ЎзМетКомбинат» бошқаруви «SFI Management Group» компаниясига ўтгач, кўпчилик Бекобод клуби ниҳоят шубҳали ўйинларда иштирок этишни бас қилиши ишонганди, бироқ «чучварани хом санашди» - «Металлург» энди фақат «Пахтакор» манфаати учун ҳам хизмат қиладиган клубга айланиб қолганди.

Нега?
Сабаби, «Пахтакор» ва «Металлург» клублари битта оталиққа эга ҳомийдош клублардир. «SFI Management Group» ва «МетПром» хорижий компаниялари Тошкент ва Бекобод клублари муассиси ҳисобланишади.

2017 йил якунида «Пахтакор» клуби президенти Бобур Шодиевнинг ташаббусига кўра, «Пахтакор» мураббийлар штабида фаолият юритиб келган Андрей Шипилов «Металлург» клуби бош мураббийи сифатида тайинланди.

2018 йилда «Металлург» клубига «Пахтакор» жамоасидан 8 нафар футболчи ижарага берилди - йил бошида Акбар Исматуллаев, Забиҳулло Ўринбоев, Аббос Отахонов, Суҳроб Нуруллоев, Саиджамол Давлатжонов Бекобод клубига жўнатилган бўлса, иккинчи босқич олдидан Станислав Андреев, Камрон Саидазимов ва Иброҳим Йўлдошев «Металлург»га ўтишди. Айнан ушбу футболчилардан бирортаси ҳам «Пахтакор»га қарши ўйинларда иштирок этмайди. «Металлург» «Пахтакор»га ҳеч қачон қаршилик қилмайди. Буни натижалар ҳам исботлаб турибди – 0:5, 0:3, 0:3.

Статистикага кўра, Суперлигада ҳеч бир клуб ўз рақибига учта ўйинда ҳам мағлуб бўлиб, 11та гол ўтказиб бермаган. «Металлург» эса буни жуда маромига етказиб уддалаяпти. «Пахтакор»га 9 очкони ҳадя қилган Бекобод клуби, чемпионлик учун курашаётган «олтилик» гуруҳида қолган барча рақиблардан очко ололган. Хусусан, «Пахтакор»нинг асосий рақиби саналмиш амалдаги чемпион «Локомотив» билан кечган 1-босқичдаги иккита учрашувда ҳам «Металлург» майдонга «жанг»га тушгандек тўп суриб, Бекободда ғалаба қозонган, Тошкентда дуранг қайд этган. Яъни, «Локо» 5 очкодан маҳрум этилган. Бекободликлар «Навбаҳор», «Бунёдкор» ва «Бухоро» билан ўйинларда ҳам дуранг ўйнаган. Ўхшатиш ўринли бўлса, «Ота бир, она бошқа» ука, акаси учун қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани қилиб берди. Энди тасаввур қилинг, «Металлург» Суперлигада чемпионлик йўлидаги олтиликка кира олмаганида «Пахтакор»нинг ҳозирда чемпионлик учун имконияти қолган бўлармиди? Энг ачинарлиси, наҳотки, ўзини ҳурмат қилган ташкилот «ўз маҳсулоти»нинг кимлардир томонидан бу даражада оёқости бўлишига жим қараб тураверса?

ЎФА ва ПФЛ нега жим?

ЎФА ва ПФЛ «Суперлигани ҳар томонлама ривожлантирамиз, ўйинларни адолатли, шиддатли ва муросасиз ўтишини таъминлаймиз» дея бонг ураётган бир пайтда, «Металлург» ва «Пахтакор» ўртасидаги бундай «ўйинлар» чемпионатнинг устидан очиқчасига кулиш эмасми? «Келишилган ўйинларни билиб қолсак, томирини қуритамиз» дея ваъда берган ташкилот наҳотки ўзига энг яқин қўшни бўлган стадион ва клуб атрофидаги ишларга шунчаки кўз юмади? Нега ПФЛ «Пахтакор» ва «Металлург»ни спорт тамойилларини бузмасдан «ҳалол ўйин» тарафдори бўлишга чақиришига, бўйсунмаса, жазолашга журъат қилмайди? Бунинг сабаби Умид Аҳмаджонов «Пахтакор» ва «Металлург» раҳбарияти билан олдин бирга ишлагани ва уларга бегона эмаслигими? Майли, йил бошида Бекободдаги майдон ва стадион ёритгичларининг талабга жавоб бермаса-да, «Металлург»нинг Суперлигага қўйилганини тушунса бўлар, аммо битта ҳомий ва оталиққа эга клубларнинг битта турнирда иштирок этиши ва бири иккинчисини бир томонлама қўллаши ФИФА ва ОФК талабларини очиқ-ойдин бузиш эмасми?

«Навбаҳор» жазоланди, «Металлург»-чи?
ПФЛ комиссияси Суперлига 21-туридаги «Навбаҳор» – «Бухоро» ўйинида мезбонлардан Жаҳонгир Меҳмонов ва Остон Ўрунов бош ҳакам томонидан огоҳлантирилганда, бу футболчиларни атайин сариқ карточка олиб ҳал қилувчи босқич олдидан «тозалангани»ни сезиб қолиб, 20 миллион сўм миқдорда жаримага тортди ҳамда ўша футболчиларни фақат 22-тур эмас, 23-турни ҳам ўтказиб юборишга мажбур қилди. Худди шундай воқеа, «Навбаҳор» - «Металлург» ўйинида ҳам рўй бериб, меҳмонлардан Зафар Тўраев ва Зоҳид Абдуллаев ўйин якунида йўқ жойдан атайлаб «сариқ» олишгани ва бу тўртинчи огоҳлантириш сабаб «Пахтакор»га қарши ўйинни ўтказиб юбориш имконига эга бўлишганига эса ПФЛ шунчаки эътиборсизлик қилаётганини қандай тушуниш мумкин?

Нега ПФЛ комиссиясининг «Навбаҳор»га нисбатан қўлланилган «20 миллион сўмлик жарима ва икки футболчини икки ўйинга дисквалификация қилиш» борасидаги «Интизомий ва жарималар кодекси»даги бандлар «Металлург»га келганда ишламай қолаяпти? Ахир, «Металлург» етакчилари Тўраев ва Абдуллаевнинг «Пахтакор»га қарши «ўйин»ни ўтказиб юбориши ва «Бунёдкор»га қарши ўйинга «тоза» бўлиб «жанг»га тушишдек мақсади ойдек равшанку?

Хулоса
Аслида-ку, «Пахтакор» шусиз ҳам кучли жамоа, аммо айнан «Металлург» билан ўйинларда уларга қарши турли найранглар билан кучсиз таркиб қўйилишида «Тошкент клубининг ҳеч қандай алоқаси йўқ», деган чўпчакка ишониш қийин. Суперлигадаги ҳеч бир воқеани четда қолдирмайдиган ва ўз баёнотини эълон қилиб келган ПФЛнинг ушбу ўйинлар атрофидаги воқеликларга жим туришини мақолам якунигача англолмай келган бўлсамда, куни-кеча Бекободда ўтган «Металлург» – «Пахтакор» (0:3) ўйинидаги бир ҳолат ҳайратимга сабаб бўлди. ПФЛ ҳакамлар қўмитаси муросасиз ўтиши кутилган Суперлиганинг барча ўйинларига тажрибали ҳакамларни тайинлаб, Бекободдаги учрашувга келганда шу кунгача Суперлигада умуман бош ҳакам сифатида ишламаган, турнирда ўзининг дебютини ўтказаётган Исҳоқ Ибрагимовни тайинлаган. Одатда, ПФЛ ҳакамлар қўмитаси аҳамияти юқори бўлмаган баҳсларда дебютант ҳакамларни синовдан ўтказишини инобатга олсак, Бекободдаги ўйин қандай ўтиши бўйича ПФЛ ҳам ўз қараши ва хулосасига эга бўлган...

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси