Нурмагомедов Макгрегорни таслим қилди. Жангдан кейин можаро юзага келди
Oct. 7, 2018, 10:33 a.m. 24360

Лас-Вегасда UFC’нинг икки вазн тоифасидаги собиқ чемпиони ирландиялик Конор Макгрегор ва ташкилотнинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони россиялик Хабиб Нурмагомедов ўртасида UFC 229 мусобақаси доирасида кечган жангда россиялик спортчи ғалаба қозонди.

Жангнинг 4-раундида Нурмагомедов рақибини бўғиб олди ва ирландиялик спортчи таслим бўлди. Шу тариқа, Нурмагомедов енгил вазн тоифасидаги чемпионлик камарини сақлаб қолди.

Бу Нурмагомедов учун фаолиятида 27 жангдаги 27-ғалаба бўлди, Макгрегор тўртинчи марта мағлуб бўлди, у 21 жангда ғалабага эришган.

Жангдан кейин эҳтирослар октагон ташқарисида ҳам давом этди. Нурмагомедов аввалига Макгрегорнинг олдига келмоқчи бўлди, уни яқинлаштиришмагач, залга чиқди ва Конорнинг жамоадошларига ташланди. Худди шу вақтда Нурмагомедовнинг жамоадошлари октагон ичига кириб, Макгрегор билан муштлаша кетди. Вазиятга полициячилар ва қўриқчилар аралашишди.

Нурмагомедовни эндиликда жарима ва санкциялар кутмоқда.