«Арсенал» мавсумдаги илк йирик ғалабасига эришди ва турнир жадвалида кўтарилди
Oct. 7, 2018, 6 p.m. 4361

Англия чемпионатининг 8-тур учрашувлари доирасида «Арсенал» «Фулҳэм» меҳмони бўлди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди. «Крэйвен Коттэж» стадионида кечган учрашув Унаи Эмери шогирдларининг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

29-дақиқада «канонирлар» ҳужумчиси Александр Ляказетт ҳисобни очди, аммо танаффус арафасида Андре Шюррле мувозанатни тиклади.

Иккинчи бўлим бошида Ляказетт дублни расмийлаштириб, «Арсенал»ни яна олдинга бошлади. 

Ўйиннинг 67-дақиқасида майдонга тушган Аарон Рэмси шу дақиқанинг ўзида ўзи бошлаган ҳужумни товони билан берган зарбаси орқали якунлаб, чиройли гол муаллифига айланди. Шундан кейин Эмери майдонга Пьер-Эмерик Обамеянгни ташлади ва у ҳам 2та гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Бу ғалаба «Арсенал» учун Премьер-лигадаги кетма-кет олтинчи ғалаба бўлди, клуб барча турнирлардаги ўйинлар қўшиб ҳисобланганда қаторасига саккизинчи ғалабани нишонламоқда. Қолаверса, бу клубнинг янги мавсумдаги илк йирик ҳисобдаги ғалабасидир.

Бу натижа эвазига «Арсенал» очколари сонини 18тага етказган ва турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олган. «Фулҳэм» 5 очкоси билан 17-ўринда қолмоқда.

Кейинги турни «Арсенал» 22 октябрь куни ўз майдонида «Лестер»га қарши ўтказади, «Фулҳэм» 20 октябрь куни «Кардифф» меҳмони бўлади.

Англия чемпионати
8-тур
Фулҳэм – Арсенал 1:5

Голлар: 0:1 – 29 Ляказетт, 1:1 – 44 Шюррле, 1:2 – 49 Ляказетт, 1:3 – 67 Рэмзи, 1:4 – 79 Обамеянг, 1:5 – 90 Обамеянг.
Фулҳэм – Беттинелли, Одои, Ле Маршан, Кристи, Рим (Камара, 54), Сери, Замбо-Ангисса (Макдоналд, 62), Шюррле, Сессеньон, Митрович, Вьетто (Юхансен, 83).
Арсенал – Лено, Холдинг, Монреаль, Бельерин, Мустафи, Мхитарян, Чака, Торрейра, Ивоби (Рэмзи, 67), Уэлбек (Обамеянг, 62), Ляказетт (Гендузи, 80).
Огоҳлантиришлар: Вьетто (57), Шюррле (70).