Андрей Канчельскис «Навбаҳор»нинг янги мураббийи сифатида таништирилди
Oct. 7, 2018, 3:49 p.m. 3750

Бугун, 7 октябрь куни Намангандаги «Марказий» ўйингоҳда Наманганнинг «Навбаҳор» клубининг янги бош мураббийи этиб тайинланган Андрей Канчельскиснинг тақдимот маросими ўтказилди.

«Sports.uz» нашри хабарига кўра, тадбирда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоцицияси президенти Хайрулла Бозоров жамоага янги бош мураббий Андрей Канчельскисни таништирган ва унга тўн кийдирилган.

Ҳозирча «Навбаҳор» клуби ва мураббий ўртасидаги келишувнинг бошқа жиҳатлари маълум эмас.

Шунингдек, аввалги бош мураббий Илҳом Мўминжоновнинг истеъфоси бўйича изоҳ берилмаган.

Айни вақтда «Навбаҳор» Ўзбекистон Суперлигасида иккинчи босқичда чемпионлик учун курашаётган жамоалар қаторида бўлиб, 21 очко билан учинчи ўринда жойлашган. Жамоа биринчи ўринда кетаётган «Локомотив»дан 6 очко, иккинчи ўриндаги «Пахтакор»дан эса 3 очко ортда бормоқда.

Маълумот учун, Андрей Канчельскис 1991-1995 йилларда «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилган. Мураббийлик фаолиятида «Торпедо ЗИЛ», «Уфа», «Волга НН», «Юрмала» ва «Солярис» клубларини бошқарган.