III ўсмирлар Олимпиадаси ҳақида фактлар ва Буэнос-Айресдан фоторепортаж
Oct. 6, 2018, 12:55 p.m. 2709

Тошкент вақти билан эртага, 7 октябрь тонгида Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Ўйинлар давомида спорт делегациялари аъзолари махсус барпо этилган олимпия шаҳарчасида истиқомат қилади.

Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати олимпия шаҳарчасидан фоторепортаж тақдим этди.

Шаҳарчага кириш олдидан кичик дам олиш майдончалари мавжуд. У ерда тоза хавода ўтириб, аввалги Олимпия ўйинлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Спортчилар, шунингдек, турли танловларда иштирок этиб, эсдалик совғалари соҳибига ҳам айланишлари мумкин.

  • Мусобақада 206 мамлакатдан 3926 нафар спортчи иштирок этади.
  • 32 спорт турида медаллар ўйналади.

  • Ўсмирлар Олимпиадасида илк маротаба ўғил болалар ва қизлар сонида мутаносиблик юзага келган (1963 нафардан).
  • Ўйинлар дастурига брейк-данс, каратэ, чўққига чиқиш, роликли спорт, соҳил гандболи ва футзал илк маротаба киритилди.

  • Мусобақада Ўзбекистон шарафини 37 нафар спортчи ҳимоя қилади. Бу - мамлакат учун ўсмирлар Олимпиадасидаги рекорд ҳисобланади. Ўзбекистондан 2010 йили Сингапурга 21 нафар атлет лицензияга эга чиққан бўлса, 2014 йилги Нанкин Олимпиадасида 28 нафар спортчи қатнашган.
  • Ўзбекистон терма жамоаси 2010 йилги Сингапур олимпиадасида 2 та кумуш ва 4 та бронза билан медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида 62-ўринни эгаллаган. Орадан тўрт йил ўтиб, Нанкинда ўзбекистонлик атлетлар 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медални кўлга киритган ҳолда 27-ўринни банд этган.
  • Буэнос-Айрес олимпиадаси дастурига киритилган 32 та спорт тури бўйича баҳсларнинг тенг ярмида (16 тасида) ўзбекистонлик атлетлар ҳам иштирок этади.
  • Ўзбекистон терма жамоасининг энг ёш спортчиси Индира Ўлмасова ҳисобланади. Спорт гимнастикаси вакили ҳозир 14 ёшда.