Фото: «Тоттенҳэм»нинг янги стадионига жаҳонда ўхшаши йўқ инновацион қурилма ўрнатилди
Oct. 6, 2018, 11:16 a.m. 13260

«Тоттенҳэм» янги стадионини энг замонавий технологиялар билан жиҳозлайди. Майдон чимини сифатли ўстиришга ёрдам берувчи махсус чироқлар тизими ҳам шулар жумласидан.

Клуб расмий сайтида маълум қилинишича, қуёш нурлари стадион майсасига бир хилда тенг тушмаслиги ортидан келиб чиқадиган ноқулайликлар ушбу янги тизим ёрдамида мутлақо бартараф этилади. Улкан қурилма 120 тонна оғирликка эга ва унда 864 та чироқ ўрнатилган. Тизим жами 7525 метр квадрат майдонни қамраб олиш имконини беради.

Таъкидланишича, жаҳондаги кўплаб стадионларда бу тизимнинг ғилдиракли вариантидан фойдаланилади. «Шпорлар»нинг эски аренаси «Уайт Ҳарт Лейн»да ҳам ана шундай ғилдиракли, вақти-вақти билан майдонга олиб чиқилиб, ходимлар томонидан зарур позицияларга ўрнатиладиган тизим ишлатилган.

«Тоттенҳэм»нинг янги стадионидаги қурилманинг бу талқини жаҳонда илк марта қўлланилмоқда. Унинг янгилиги шундаки, 120 тонналик тизим доимий равишда стадионнинг шарқий ва ғарбий қисмларидаги томга яқин жойда осилиб туради ва керакли вақтда пастга туширилади. Бунинг учун махсус бошқарув хонаси ташкил этилган бўлиб, у ердан туриб улкан қурилмани бошқариш аввалги ғилдиракли тизимларни қўллашдан кўра анча осон, тез ва самаралидир.

Шу билан бирга, мазкур тизим ёрдамида нафақат чироқлар орқали майса ўсишига таъсир кўрсатиш, балки майдонни суғориш ҳам мумкин. SGL таҳлилчи тизими эса 24 соат мобайнида доимий равишда майдоннинг ҳолатини назорат қилиб, SGL портали орқали онлайн режимда стадион ходимларига ҳисобот етказиб туради.

Янги арена 62062 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. У 9 қаватдан иборат. Ўйингоҳ шу йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.