«Ювентус» Роналдуга қарши иш бўйича баёнот берди
Oct. 5, 2018, 10:50 a.m. 14195

«Ювентус» клуби матбуот хизмати жамоа ҳужумчиси Криштиану Роналду жинсий зўравонликда айбланаётган иш бўйича расмий баёнот бериб, клуб уни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Криштиану Роналду кейинги ойларда профессионализм ва ишга садоқат намойиш этмоқда. 10 йил муқаддам содир бўлгани айтилаётган воқеа унга бўлган муносабатга таъсир кўрсатмайди. Бундай қараш клубдаги буюк чемпион билан мулоқот қиладиган барча аъзоларнинг умумий фикридир», — дейилган «Ювентус» матбуот хизмати хабарида.

28 сентябрь куни Германиянинг Der Spiegel нашри 34 ёшли америкалик Кэтрин Майорганинг бошдан кечирганларини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Криштиану Роналду уни 2009 йилнинг 13 июнида Лас-Вегасдаги меҳмонхоналарнинг бирида зўрлаган. Даъвогар томоннинг айтишича, 2010 йилда Майорга футболчининг вакиллари билан 375 минг доллар эвазига жим юриш бўйича келишув тузган.

Мақола эълон қилингач, Лас-Вегас полицияси Роналдуга қарши ишни қайта кўриб чиқишни бошлади.