«МЮ» бош мураббийи лавозимига биринчи рақамли номзод маълум бўлди. У Зидан эмас
Oct. 5, 2018, 8:11 a.m. 21809

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти бош мураббий Жозе Моуриньони истеъфога чиқарган тақдирда, «Тоттенҳэм» устози Маурисио Почеттинони унинг ўрнига таклиф этиши мумкин, дея хабар бермоқда The Independent.

Қайд этилишича, Почеттино манкунианликлар раҳбарияти рўйхатида турган мураббийлар ичида энг биринчи навбатда эътибор қаратиладиган номзод саналади. Анчадан буён бу лавозимга энг асосий даъвогар сифатида кўриб келинган франциялик мутахассис Зинедин Зиданнинг «МЮ» устози ролига мослиги клуб раҳбариятининг бир қатор вакилларида шубҳа уйғотмоқда, дея қўшимча қилинган манбада.

Маълумот учун, 46 ёшли Почеттино 2014 йил майидан буён «шпорлар»ни бошқариб келмоқда. Лондон клуби Премьер-лигада 7 турдан сўнг 5 ғалаба ва 2 мағлубият билан 4-ўринда бормоқда.

«Қизил иблислар» ҳозирда АПЛда 10-ўринни эгаллаб туришибди. 6 октябрь куни Жозе Моуриньо жамоаси «Ньюкасл Юнайтед»ни қабул қилади. Ушбу учрашув португалиялик мураббий учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «МЮ» раҳбариятининг Моуриньони истеъфога чиқариш режаси йўқлиги ҳақида ҳам маълумотлар йўқ эмас.