Ройс мавсумни ажойиб кўрсаткич билан бошлади
Oct. 4, 2018, 10:27 a.m. 1634

«Боруссия» ҳужумчиси Марко Ройс Чемпионлар лигаси доирасидаги «Монако»га қарши баҳсда (3:0) битта гол муаллифи бўлиш билан бирга яна бир голга ассистентлик ҳам қилди.

Шу тариқа, 29 ёшли футболчи жорий мавсумда Дортмунд клубининг 9 та ўйинида майдонга тушиб, 12 та голда иштирок этди. Яъни, у гол+пас ҳисоби бўйича 12 очко (6+6) жамғаришга муваффақ бўлди.

Бу натижа билан у Европанинг кучли бешлик чемпионатларида тўп сураётган германиялик футболчилар орасида барча мусобақаларни ҳисобга олганда энг кўп гол урган (6 та) ўйинчи бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Ройс сентябрь охирида ҳозирги жамоасидаги голлари сонини 100 тага етказган эди.

Маълумот ўрнида, Марко 2012 йилдан буён Дортмунд клуби таркибида ўйнаб келмоқда. У бундан аввал 3 йил Менхенгладбахнинг «Боруссия»сида тўп сурган. Германия терма жамоасида эса 36 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урган.

«Боруссия» Бундеслигада 6 турдан сўнг 14 очко жамғарган ҳолда якка пешқадам бўлиб турибди. Клуб, шунингдек, Чемпионлар лигаси «А» гуруҳида ҳам 6 очко тўплаган ҳолда 1-ўринда бормоқда. Клуб асосий рақиби, ўзи билан тенг очкога эга «Атлетико»ни иккинчи даражали кўрсаткичлар эвазига ортда қолдирмоқда.