Неймарнинг концерти ва Неаполдаги драма. ЕЧЛда иккинчи тур
Oct. 4, 2018, 4:24 p.m. 7263

3 октябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 2-тур учрашувлари давом эттирилди. «Трибуна» гуруҳларда 2-турдан кейин юзага келган вазиятни таҳлил қилади.

Гризманнинг тарихий голи
А гуруҳи
«Атлетико» (Испания) – «Брюгге» (Бельгия) 3:1
(1:1, 2:0)
Голлар: 1:0 – 28 Гризманн, 1:1 – 39 Данджума, 2:1 – 67 Гризманн, 3:1 – 90 Коке.
Атлетико – Облак, Хименес (Филипе Луис, 46), Годин, Люка Эрнандес, Парти (Корреа, 63), Арьяс, Сауль, Лемар, Коке, Диего Коста (Родри Эрнандес, 69), Гризманн.
Брюгге – Летица, Пулен, Мехеле, Денсвил, Влитинк (Мата, 56), Вормер, Ритс (Опенда, 75), Ванакен, Данджума, Схрейверс (Накамба, 56), Уэсли.
Огоҳлантиришлар: Ритс (27), Хименес (36), Опенда (81), Люка Эрнандес (85).

Бельгия вакили бу гуруҳда яққол аутсайдер. Аммо биринчи турда бельгияликлар «Боруссия»ни асабийлашишга мажбур этишганди. Мадридда ҳам «матрасчилар» осон ғалабага эришганлари йўқ. Ўйиннинг биринчи бўлимида меҳмонлар фақат Гризманнга қарши чора кўра олишмади, франциялик ҳужумчи ўз техникасини намойиш этиб, чиройли гол урди.

Энди барча «Брюгге» сочилиб кетишини кутаётганди, лекин бирдан ҳисоб тенглашди. Данджума нафақат куннинг, балки Чемпионлар ҳафтасининг энг чиройли голини урди. У тўпни айлантириб, дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди, ҳатто Облакда ҳам бу тўпни қайтариш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди.

Ўйинда барибир сенсация рўй бермади. Иккинчи бўлимда Диего Костанинг ёрдами билан Гризманн иккинчи голни урди. Унинг бу голи Чемпионлар лигаси тарихидаги 8000-гол бўлди.

«Боруссия» Дортмунд (Германия) – «Монако» (Монако) 3:0 (0:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 51 Бруун Ларсен, 2:0 – 72 Пако Алькасер, 3:0 – 90 Ройс.
Боруссия Д – Бюрки, Пишчек, Аканджи, Загаду, Диалло, Витцель, Дилэйни (Вайгль, 65), Санчо (Филипп, 84), Ройс, Вольф (Бруун Ларсен, 46), Пако Алькасер.
Монако – Бенальо (Субашич, 45), Раджи, Глик, Жемерсон, Сидибе, Тилеманс, Ахолу, Хенрихс, Головин (Шадли, 77), Фалькао, Силла (Грансир, 70).

2016/17 йилги мавсумда ушбу жамоалар ЕЧЛнинг чорак финалида тўқнашган ва икки учрашув натижасига кўра монегаскликлар жамоаси 6:3 ҳисобида устун келиб (сафарда 3:2, уйда 3:1), кейинги босқичга йўл олганди.

Ўтган вақт ичида икки жамоа таркиби ҳам буткул янгиланди, Монако жамоасининг асосий юлдузлари Мбаппе, Бернарду Сильва, Менди, Лемар, Фабиньо, Моутиньо ва Бакойоко сингари футболчилар тарк этган, немислар жамоасида ҳам  Пьер-Эмерик Обамеянг, Усмон Дембеле ва Сократис Папастатопулос каби футболчилар бошқа клубларга учирма бўлишган.

Жамоалар биринчи бўлимни бир-бирини ўрганишга сарфлаб юборди. Иккинчи бўлимда эса мезбонлар устунликни қўлга олишди ва бу ҳисобда ўз аксини топди. Дастлаб 20 ёшли даниялик футболчи Бруна Ларсен ЕЧЛдаги дебютини гол билан нишонлади. Унинг ортидан бу турнирда тажрибага эга футболчилар - Пако Алькасер ва Марко Ройс биттадан гол уришди. 

«Монако» қаторасига тўққизинчи ўйинда ғалаба қозона олмади. Бу мағлубият монегаскликлар учун қаторасига учинчиси бўлди. Жамоа охирги марта август ойи бошида Франция чемпионатининг 1-тури доирасида «Нант»ни мағлуб этган кўйи ғалаба нелигини билмади.

2-тур ўйинларидан кейин гуруҳда 100 фоизлик натижа қайд этаётган «Боруссия» ва «Атлетико» биринчи ва иккинчи ўринларни бўлишиб турибди. Бу жамоалар 3-4 турларда гуруҳ ғолиби ким бўлиши масаласига ойдинлик киритиб олишади. «Монако» бу мавсумда ўтган мавсумдагидан фарқли равишда Европа Лигасига йўлланма олиш учун яхши имкониятга эга, «Брюгге» учун бу мавсум ҳам гуруҳ босқичида якунланиши ҳақиқатга яқинроқ.

Месси «Уэмбли»ни топтади
В гуруҳи
«Тоттенҳэм» (Англия) – «Барселона» (Испания) 2:4
(0:2, 2:2)
Голлар: 0:1 – 2 Коутиньо, 0:2 – 28 Ракитич, 1:2 – 52 Кейн, 1:3 – 56 Месси, 2:3 – 66 Ламела, 2:4 – 90 Месси.
Тоттенҳэм – Льорис, Триппьер, Алдервейрелд, Санчес, Дэвис, Уинкс, Ваньяма (Дайер, 57), Лукас Моура, Ламела (Льоренте, 79), Сон Хин Мин (Сиссоко, 66), Кейн.
Барселона – тер Стеген, Нелсон Семеду, Пике, Лангле, Альба, Артур (Видаль, 87), Бускетс (Вермален, 90), Ракитич, Месси, Суарес, Коутиньо (Рафинья, 83).
Огоҳлантиришлар: Алдервейрелд (14), Ваньяма (41), Ламела (43), Артур (59), Бускетс (71), Кейн (74), Дайер (90).

Фермами ёки «Ноу Камп»?
Бир йил муқаддам «Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттинони «Реал» бош мураббийлиги учун номзод сифатида кўрсатишарди. Аргентиналик мутахассис бу борадаги саволларга жавоб берар экан, «Тоттенҳэм»га содиқлигини айтар ва шу билан бирга «Реал»ни тўла рад этмасди. Шу билан бирга у ҳеч қачон 3 клубни бошқармаслигини маълум қилганди: «Росарио Сентраль» (чунки у «Ньюэллс Олд Бойс» тарбияланувчиси), «Арсенал» (чунки, «Тоттенҳэм»да ишлайди) ва «Барселона» (чунки, «Эспаньол»да ўйнаган ва ишлаган). «Мен «Камп Ноу»да ишлаганимдан кўра, Аргентинадаги бирор фермада қўй боққаним яхши», деганди ўшанда Почеттино.

«Барселона» мураббийи билан учрашув олдидан у яна бир бор кўк-анорранглилар жамоасида ишлаши эҳтимоллардан ташқарида эканини таъкидлади. У «Тоттенҳэм» бу жамоани енгишга қодир экани, 0:3 ҳисобида мағлубиятга учрашни хаёлига келтирмаётганини айтиб ўтди.

Шудгорми ёки «Уэмбли»?
Каталонияликлар охирги ўйинларда ишончсиз ҳаракат қилишган бўлишсада, Лондондаги ўйин олдидан фаворит эди. ЕЧЛда ПСВ устидан қозонилган ғалабадан кейин «Барселона» ички чемпионатда 3 ўйинда атиги 2 очко тўплашга муваффақ бўлди ва турнир жадвалидаги яккапешқадамликни бой берди. Аммо еврокубокларда кўк-анорранглилардан биринчи ўринни ҳеч ким тортиб ололмади.

«Уэмбли»даги ўйин каталонияликлар учун алоҳида аҳамиятга эга, жамоа бу стадионда икки марта, 1992 ва 2011 йилларда Европа Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган. Аммо бу сафар стадион «Барселона»ни байрамона кўринишда кутиб олмади, сентябрь ойи охирида бу стадионда катта бокс кечаси (Энтони Жошуа ва Александр Поветкин ҳам шу кечада муштлашди) ўтказилди ва газон ҳолати ачинарли кўринишга келди. 

Ракитич ёки Ллорис?
«Тоттенҳэм» бу ёзда Премьер-лигада янги футболчини таркибга қўшиб олмаган ягона жамоа бўлди. «Шпорлар» мавсумни ёмон бошлашмади, аммо кейинги ҳафталарда жамоа жароҳатлар гирдобида қолди. «Барселона»га қарши ўйинга Деле Алли, Дембеле, Орье, Фертонген ва Кристиан Эриксен тайёр эмасди. Покеттино қўлида бор таркибни ўйнатишга мажбур эди.

Жамоанинг иккинчи дарвозабони Форм ҳам жароҳат олганди, аммо мураббийнинг бахтига Ллорис тез соғайди ва сафга қайтди. Лекин футболни соғинган дарвозабон тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва ўйиннинг иккинчи дақиқасидаёқ Коутиньонинг зарбасини ўтказиб юборди, ҳолбуки бу вазиятда ундан икки устун орасида туриш талаб этиларди холос.

«Барселона» кутилганидек тўпни назорат қилди ва тез орада иккинчи гол урилди. Бу голда барчаси ажойиб чиқди: Коутиньо майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпни бир ҳаракат билан шерикларига узатиши ҳам, Ракитичнинг қайтариб бўлмас зарбаси ҳам. Кўринишидан, хорватиялик футболчи Ллорисдан жаҳон чемпионати финали учун қасос олди.

Месси биринчи бўлимда шериклари соясида қолиб кетаётгандек эди, аммо у танаффусдан кейиноқ барчасини ўз қўлига олишга қарор қилди. Аввалига лондонликлар жамоаси дарвозаси устунлари унга қарши бўлди, 5 дақиқа ичида икки марта унинг зарбаси устунлардан қайтди. Бу орада катта саҳнага Ҳарри Кейн чиқди ва ҳисобни қисқартирувчи голни урди.

Лекин аргентиналик ҳужумчи бир дақиқа ўтиб ўз мақсадига эришди. У барселонча ҳужумни аниқ зарбаси билан якунлаб қўйди.

Месси ёки ҳеч ким
Янги футболчиларни майдонга ташлаш «Тоттенҳэм»га фойда келтирмади, Ламела ўйинда ҳисоб 3:2 бўлиб турган вақтда рикошет орқали тўпни дарвозага йўллади, Лукас Моура ҳисобни тенглаштиришга яқин келганди, аммо унинг зарбасини Ленгле тўсиб қолди.

Ўйиннинг охирги дақиқаларида эса «Тоттенҳэм»нинг ҳужумга ўтиб кетганидан фойдаланган меҳмонлар тўртинчи голни уришди. Месси марказда ёлғиз қолдирилди ва у ўйинни бильярдча зарбаси билан якунлаб берди.

ПСВ (Нидерландия) – «Интер» (Италия) 1:2 (1:1, 0:1)
Голлар: 1:0 – 27 Росарио, 1:1 – 44 Наингголан, 1:2 – 60 Икарди.
ПСВ – Зут, Думфрис, Швааб, Виргевер, Тасенде, Росарио, Хендрикс, Перейро (Мален, 75), Лосано, де Йонг, Бергвейн.
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, де Врей, Шкриньяр, Асамоа, Весино, Брозович, Политано (Кандрева, 90), Наингголан (Валеро, 86), Перишич, Икарди.
Огоҳлантиришлар: Ханданович (41), Д`Амброзио (45), Асамоа (86).

Ўйин аввалида эйндховенликлар жамоаси твиттери ва миланликлар жамоаси твиттери ўртасида баҳс кечди - томонлар собиқ футболчи Роналдо қайси собиқ клубига мухлислик қилиши ҳақида тортишди. Вазиятга феноменнинг ўзи аралашди ва икки клуб ҳам фаолиятида муҳим ўрин тутганини билдирди.

Ўйинда ҳисоб мезбонлар томонидан очилди, Лосанодан пас қабул қилиб олган Росарио тўпни Ханданович қўриқлаган дарвозанинг «тўққизлиги»га йўллади. Ёш футболчи Чемпионлар лигасидаги 100-гол муаллифига айланди.

Кўринишидан, Лучано Спаллетти жамоаси ўйинга киришиши учун гол ўтказиши керакдек эди. Ўтган ўйинда бўлгани каби бу сафар ҳам миланликлар иродали ғалабага эришишди. Танаффусгача Наинголлан рақиб ҳимоясидаги хатолардан кейин мувозанатни тиклади.

Ўйин бир томондан «Интер» учун омадли келди, иккинчи бўлимда Перрейронинг зарбаси тўсиндан қайтди. Кейин Икарди Весинонинг узатмасини голга айлантирди. Чемпионлар лигасида ўйнашни орзу қилиб келган Мауро Икарди икки ўйинда ҳам гол урмоқда.

Ўйин охирида Ханданович жамоани муқаррар голдан қутқарди, у рақибнинг қайчи услубида йўллаган зарбасини бартараф эта олди.

Бу гуруҳда эндиликда «Барселона» ва «Интер» 6тадан очко жамғарган, «Тоттенҳэм» Европа Лигасига йўлланма берувчи учинчи ўринда, «ПСВ»да ҳам кейинги босқичга чиқиш учун имконият кам.

Неймарнинг Париждаги концерти
С гуруҳи
«ПСЖ» (Франция) – «Црвена Звезда» (Сербия) 6:1
(4:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 20 Неймар, 2:0 – 22 Неймар, 3:0 – 37 Кавани, 4:0 – 41 Ди Мария, 5:0 – 70 Мбаппе, 5:1 – 74 Марин, 6:1 – 81 Неймар.
ПСЖ – Ареоля, Менье, Тиаго Силва (Керер, 76), Кимпембе, Бернат, Верратти, Рабьо, Мбаппе (Шупо-Мотинг, 76), Неймар (Дракслер, 82), Ди Мария, Кавани.
Црвена Звезда – Борян, Стойкович, Савич (Бабич, 46), Дегенек, Родич, Крстичич, Йовичич, Марин, Чаушич, Симич (Павков, 46), Бен-Набуан (Эбесилио, 73).
Огоҳлантиришлар: Стойкович (68), Павков (75).

Бу гуруҳдаги биринчи ўйинда «ПСЖ» Сербия клуби устидан кутилган ғалабани расмийлаштирди. Серблар жамоаси мухлислари плей-офф босқичида Зальцбургдаги иккинчи ўйиндан кейин қўлга киритилган турнир йўлланмасини меъёридан ортиқ хурсандчилик билан нишонлашгани учун жамоа кейинги икки сафар ўйинида ўз мухлислари қўллаб-қувватловидан маҳрум этилганди. Парижда ушбу жамоанинг расмий ўйинлардаги 34 учрашувдан иборат бўлган мағлубиятсиз сериясига якун ясалди.

Ички чемпионатда серияни давом эттириш бошқа иш, Неймарга қарши ўйнаш бошқа иш. Унинг жарима зарбасидан урган биринчи голи ва унинг ортидан келган иккинчи гол меҳмонлар ҳимоясини пароканда этиб ташлади. Натижада танаффусга қадар дарвоза яна икки марта ишғол этилди, «ПСЖ» ЕЧЛда илк марта биринчи бўлимда 4 гол уришга эришди.

Иккинчи бўлимда ҳам Неймар кўп ишга улгурди. У ҳимоячиларни уёқдан-буёққа чоптириб, Мбаппенинг голига замин яратди.

У ўз концертини қандай бошлаган бўлса, шундай якунлади. Ўйиндаги якуний ҳисобни у яна жарима зарбасини голга айлантириш орқали ўрнатди.

Энди у Кака билан бирга ЕЧЛда энг кўп гол урган икки бразилияликнинг бири бўлиб турибди. Энди унинг галдаги вазифаси бу рейтингда биринчи ўринга чиқиш ва ЕЧЛда илк ҳет-трикини қайд этиш.

«Наполи» (Италия) – «Ливерпуль» (Англия) 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 90 Инсинье.
Наполи – Оспина, Максимович, Альбиоль, Кулибали, Мариу Руй, Кальехон, Аллан, Гамшик (Зелиньски, 81), Фабиан Руис (Верди, 68), Инсинье, Милик (Мертенс, 68).
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Гомес, ван Дейк, Робертсон, Милнер (Фабиньо, 76), Вейналдум, Кейта (Хендерсон, 19), Салоҳ, Фирмино, Мане (Старриж, 89).
Огоҳлантиришлар: Кулибали (25), Милнер (45).

Куннинг энг интригали баҳси биринчи бўлими деярли ҳеч бир жиҳати билан ёдда қолмади, фақат 19-дақиқада жароҳат туфайли майдонни тарк этган Кейтани ҳисобга олмаганда. «Ливерпуль» ўйин давомида дарвоза томон битта ҳам аниқ зарба бера олмади, яхшироқ ўйин кўрсатган неаполитанликлар ҳам Алиссонни доғда қолдираверишмади. Вазиятлардан бирида бразилиялик дарвозабон ҳам ожиз қолганди, аммо Мертенснинг зарбаси дарвоза тўсинига тегди.

Барча ўйин дуранг ҳисоб билан якунланишини кутаётганида Каллежон бунга қарши чиқди ва Инсиньени бўш дарвоза қаршисига чиқарди.

Йиллар ўтади, анъаналар ўзгармайди, Карло Анчелотти еврокубокларда «Ливерпуль»га қарши ўтказган бешинчи ўйинида тўртинчи ғалабага эришди (Бунгача у «Милан» ва «Реал» бошқарувида мерсисайдликларни жами 3 марта мағлуб этганди, 2005 йил Истанбул финалида эса асосий вақт дуранг билан якунланган, пенальтилар сериясида «Ливерпуль» устун келган).

 

Бу гуруҳда вазият чигаллашгандан чигаллашмоқда. Гуруҳ фаворитлари сифатида қаралган «Ливерпуль» ҳамда «ПСЖ» 3тадан очко билан 2 ва 3-ўринларда жойлашган, биринчи ўринга эса «Наполи» чиқиб олган. «Црвена Звезда» учун ЕЧЛга қайтиш омадли келмади.

«Порту» «Шальке»га етиб олди
D гуруҳи
«Порту» (Португалия) – «Галатасарой» (Туркия) 1:0
(0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 49 Марега.
Порту – Касильяс, Макси Перейра, Фелипе, Эдер Милитао, Теллес, Эррера (Сержиу Оливейра, 89), Данилу Перейра, Отавио (Андре Перейра, 80), Корона (Оливер Торрес, 69), Марега, Браими.
Галатасарой – Муслера, Линнес, Майкон, Азиз, Нагатомо, Фернандо (Акгюн, 86), Донк (Инан, 68), Бельханда (Фегули, 74), Оньекуру, Гумуш, Родригеш.
Огоҳлантиришлар: Донк (31), Эдер Милитао (42), Азиз (44), Линнес (54), Отавио (58), Данилу Перейра (60), Майкон (90).

Икки жамоа ҳам ўйинни асосий етакчи ҳужумчиларисиз бошлашди. Мезбонларда Венсан Абубакар жиддий жароҳат олиб сафдан чиққан, Фотиҳ Терим ҳам Дердийокка дам берган. Ўйин дарвозабонлар учун аталди, Касильяс ҳам, Муслера ҳам кўп вазиятларда жамоаларини қутқаришди. Вазиятлардан бирида уругвайлик дарвозабон Браимининг ўта ноқулай зарбасини бартараф этолди.

Аммо иккинчи бўлимда турк ҳимоячилари бурчак зарбаси амалга оширилганида Марегуни кўздан қочиришди ва «Порту» Чемпионлар лигасида 75-ғалабасини нишонлашига имкон беришди.

«Локомотив» (Россия) – «Шальке» (Германия) 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 88 Маккенни.
Локомотив – Гильерме, Игнатьев, Кверквелия, Хеведес, Идову, Баринов, Крыховяк, Миранчук (Денисов, 72), Миранчук (Жемалетдинов, 83), Фернандеш, Эдер.
Шальке – Фэрманн, Калиджури, Сане, Налдо, Мендиль, Маскарель (Сердар, 46), Руди (Бенталеб, 55), Ут, Маккенни, Коноплянка, Эмболо (Бургшталлер, 72).
Огоҳлантиришлар: Маскарель (18), Хеведес (19), Кверквелия (43), Игнатьев (45), Маккенни (52).

«Шальке» бу ўйинга Бундеслиганинг бош омадсизи сифатида ташриф буюрганди. Стартда қаторасига 5 ўйинда мағлубиятга учраган рурликлар жамоаси фақат ўтган ҳафтадагина мавсумдаги илк ғалабасига эришди («Майнц» устидан) ва айни вақтда 18 жамоа ичида 17-ўринда жойлашиб турибди. Жамоа бу турнирда охирги бор 2015 йилда ўйнаган ва иштирокини сафарда «Реал» устидан ғалаба қозониш билан якунлаганди (икки учрашув натижасига кўра мағлубият).

«Локомотив» ҳам мавсумни ўта ёмон бошлаган, фақат «Аҳмат» устидан қозонилган ғалаба жамоани турнир жадвалининг қуйи қисмидан юқорига олиб чиққан.

Ўйин тенг курашлар остида кечди. «Шальке»нинг аҳён-аҳён ҳужумга чиқишлари муваффақиятсиз якунланаверди. Фақат ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида Маккенининг зарбаси аниқ чиқди. «Локо»да вазиятни ўнглаш учун вақт қолмади.

Энди ушбу гуруҳда «Порту» ва «Шальке» 4тадан очкога эга, «Галатасарой» 3 очко билан учинчи ўринда, нисбатан осон гуруҳга тушган бўлсада, Россия чемпиони охирги ўринда қолмоқда.