«Тошкентга учта жамоа нимага керак?» - Умид Аҳмаджонов Суперлига форматини ўзгартирмоқчи
Oct. 3, 2018, 12:09 p.m. 13307

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Суперлига формати ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Суперлиганинг бу формати келаси йили ҳам шу тарзда қолади деб айтолмайман. Биз бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқамиз. 

Айни пайтда чемпионатимизда 12та жамоа иштирок этаяпти. Лекин футбол миллионлар ўйини эканлигини унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда эса футболни жуда севишарди. Шунинг учун, унинг ҳар бир вилоятида, шаҳрида албатта футбол бўлиши керак. Биргина Тошкентнинг ўзидан учта жамоанинг нима кераги бор? 

Масалан, мен Андижон халқи ўз жамоасини Суперлигада кўришини хоҳлайман. Чунки улар бунга муносиб. Ёки Самарқандни олайлик. Самарқандда ҳам албатта футбол бўлиши керак.

Шу боис, биз чемпионат форматини қайта кўриб чиқамиз ва буни муҳокама қиламиз. Футболдан бутун халқимиз баҳраманд бўлиши керак. Чунки биз Ўзбекистон футболини юксакларга кўтариш учун меҳнат қилаяпмиз. Шунинг учун чемпионатимиз тизими борасида ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўрганимиздан кейин, қарор чиқарамиз», - деб Аҳмаджонов сўзларини келтирмоқда Championat.asia «Футбол Экспресс» газетасига асосланган ҳолда.