Ибраҳимович еврофутболга қайтиб, собиқ жамоасига қўшилиши мумкин
Oct. 3, 2018, 2:34 p.m. 6870

«Лос-Анжелес Гэлакси» ҳужумчиси Златан Ибраҳимович Европа футболига қайтиши мумкин.

Corriere della sera тарқатган хабарга кўра, швециялик футболчи номзодини унинг собиқ клуби «Милан» кўриб чиқмоқда. Ибра 2010-2012 йиллар давомида ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилган.

Таъкидланишича, «россонери» бош мураббийи Женнаро Гаттузо ҳужум чизиғини кучайтиришни истамоқда. У ўзига ишончи юқори ва катта тажрибага эга ҳужумчи мавсумнинг қийин паллаларида жамоага жуда қўл келади, деган фикрда. «Милан» раҳбарияти ҳам Чемпионлар лигасига йўлланма берадиган ўринлардан бирини эгаллаш ва Европа лигасида иложи борича узоқроққа бориш талабини қўяр экан, ҳужум чизиғини кучайтирмасдан бунга эришиш мураккаблигини тушуниб турибди.

Ибраҳимовичнинг ўзи 37 ёшда бўлишига қарамай, келгуси 2 йилда юқори темпда ўйнай олишига ишонмоқда. У фаолиятини ўзининг собиқ жамоаси «Мальмё»да якунлашга қарор қилган бўлиб, айни пайтда Швецияга йўл олишга ҳали шошилаётганича йўқ.

Қўшимча қилинишича, Златаннинг оила аъзоларига ҳам Миланга қайтиб кўчиб ўтиш фикри маъқул келади.

Ҳужумчининг «Лос-Анжелес Гэлакси» билан шартномаси 2019 йил декабригача мўлжалланган. «Милан» уни январда қўлга киритган тақдирда, 2019 йил ёзига қадар муддатга битим имзолаши тахмин қилинмоқда.