Узбек O'zbek
Ўсмирлар Олимпиадасида иштирок этувчи ўзбекистонлик спортчиларни кузатиш маросими бўлиб ўтди
Сешанба, 02 Октябр
1703

6-18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Мусобақада 37 нафар ёш атлет спортнинг 16 тури бўйича баҳсларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Бугун, 2 октябрь куни Миллий олимпия қўмитаси биносида ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларни расмий кузатиш маросими бўлиб ўтди. Қўмита матбуот хизматидан маълум қилишларича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Ахмаджонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевлар иштирок этишди.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, мусобақага йўл олаётган ўзбекистонлик ёш спортчиларга омад тилади.

«Яқиндагина Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида муваффақиятли қатнашган спортчиларимизни катта тантаналар билан кутиб олгандик. Энди эса навбат сизга келди. Ўсмирлар Олимпия ўйинлари - спортчи ва мураббийлар учун ўз имкониятини намойиш этиб, Токио 2020 Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш учун ажойиб имкониятдир», - дея таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

«Аввалги Олимпия ўйинларида ўсмирларимиз 10 та медаль қўлга киритишганди. Сизлар ушбу натижани яхшилашнинг уддасидан чиқа оласизлар. Яқинлашиб келаётган мусобақада спортчиларимизга муваффақиятлар тилаймиз. Умид қиламизки, сизларни медаллар шодаси ва янги рекордлар билан кутиб оламиз», – деди Бош вазир ўринбосари.

Сўнгра, Азиз Абдуҳакимов мусобақада Ўзбекистон делегациясининг байроқдори бўладиган эркин курашчи Муҳаммадрасул Раҳимовга давлат байроғини топширди.

Делегациянинг асосий қисми 4 октябрь куни тунда Тошкентдан Буэнос-Айресга жўнаб кетади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, шунингдек, Ўзбекистон паралимпия делегацияси Параосиё ўйинларида иштирок этиш учун Индонезия пойтахтига етиб борган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз