Узбек O'zbek
Англияда сиёсатнинг спортга таъсири ҳаддан ортиқ даражада - Алишер Усмонов
Сешанба, 02 Октябр
5208

Миллиардер Алишер Усмоновнинг фикрича, Англияда спорт «ҳаддан ортиқ даражада сиёсат билан боғлаб юборилган». «Россия 1» каналининг ўзига бағишланган интервью-кўрсатувида иштирок этган ўзбекистонлик бизнесмен шу ҳақида фикр юритар экан, жумладан, «Эвертон» клубини сотиб олиши мумкинлиги борасидаги хабарларга ҳам изоҳ бериб ўтди.

«Эвертон» ҳали ўзига муносиб даражага чиқа олганича йўқ. Бу клубнинг акционери бўлишни истайманми? Билмасам, балки шундай ҳам бўлар. Бу ерда ҳисобга олиниши керак бўлган кўплаб омиллар бор. Бугунги вазиятни ҳам эътиборга олиш лозим. Буюк Британияда спорт ҳаддан ортиқ даражада сиёсат билан боғлаб юборилган. Бу соҳада босим катта, умуман бизнесда ҳам шундай. Шу боисдан ҳам [«Эвертон» акционери бўлишим] ҳали номаълум», - деб айтган Алишер Усмонов.

«Мен 10 йил давомида «Арсенал» ҳиссадори бўлиб келдим, шунинг ҳисобига ҳозир футбол клуби қандай бўлиши кераклигидан яхшигина хабардорман. Қаерда менинг концепцияларимни қўллаб-қувватлашса, ўша ерга бораман. Бу инглиз клублари ҳам, [умуман] Европа жамоалари ҳам бўлиши мумкин», - дея таъкидлаган бизнесмен.

Журналистнинг клуб акционери бўлишни режалаштирмаяпсизми, деган саволига 65 ёшли тадбиркор қуйидагича жавоб берган: «Биласизми, агар бу ҳақда айтадиган бўлсам, сотишни истайдиганлар кўпроқ пул сўрашади. Музокаралар ўтказмаяпман. Ҳозирча фақат таклифлар қабул қиляпман».

Маълумот ўрнида, «Эвертон»нинг 68 фоиз акцияларига Усмоновнинг дўсти Фарҳод Мошири эгалик қилади.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Алишер Усмонов «Арсенал» клубидаги ўзига тегишли 30 фоиз акцияни 550 миллион фунт (713 миллион доллар)га сотиб юборган эди. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз