«Ювентус» «Наполи»ни мағлуб этиши, Роналдунинг қаҳрамонлиги, польшалик тўпурар рекорди - Италияда тур воқеалари
Oct. 1, 2018, 1:19 p.m. 6224

Италия чемпионатида 7-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга молик бўлган бир неча муҳим воқеалар юз берди.

«Ювентус» турнинг марказий ўйинида «Наполи»ни енгди, Роналду жамоасининг учта голида иштирок этди

«Ювентус» ўз майдонида «Наполи»ни қабул қилди. Чемпионлик учун бевосита кураш олиб бораётган бу икки жамоанинг ўйини нафақат турнинг, балки турнирнинг ҳам марказий ўйинларидан бири бўлди.

10-дақиқадаёқ меҳмонлар рақиб хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очишди. Мертенс яқин масофадан дарвозани қийинчиликсиз ишғол этди. Шундан сўнг, саҳнага Криштиану Роналду чиқди. Бу баҳсда у дарвозага тўп киритолмаган бўлса-да, жамоасининг барча голларида иштирок этиб, ўйин қаҳрамони бўлди. 26-дақиқада унинг тўп оширишидан сўнг, Манжукич боши билан дарвозани ишғол этди. 49-дақиқада Роналду узоқ масофадан зарба йўллаганида, тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Манжукич эса уни бўш қолган дарвозага аниқ йўллади. 76-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни Роналду боши билан дарвоза томон йўналтирди. Ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилган Бонуччи уни бўш қолган дарвозага киритиб юборди.

«Ювентус» 3:1 ҳисобида иродали ва ишончли ғалабани қўлга киритиб, 100% натижа билан чемпионат жадвалини бошқариб келмоқда. Жамоа энг яқин таъқибчиси «Наполи»дан 6 очко илгарилаб кетди.

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўйиндан сўнг, жамоасининг ғалабасига изоҳ бериб, шундай деди: «Ўйиннинг бошида қийин бўлди, биз тўпни назорат қилолмадик ва гол ўтказиб юбордик. Роналду яхши ишлади, у бир неча хавфли вазиятларни ярата олди. «Наполи» бир футболчи кам бўлиб қолгач, ўйинни ташлаб қўйдик ва бу менга ёқмади. Улар ҳисобни тенглаштириши мумкин эди».

«Наполи» устози Карло Анчелотти мағлубият сабабларига тўхталиб ўтиб, шундай деди: «Жамоадан мамнун эмасман, ўйинни зўр бошладик, гол урдик. Шундан сўнг, «Ювентус»га мувозанатни тиклаб олишга имкон бердик. Умуман олганда, биз яхши ўйин намойиш қилдик. Энди ирода ва барқарорлик устида ишлашимиз шарт».

Ювентус – Наполи 3:1 (1:1, 2:0)
29 сентябрь «Альянц Стэдиум»
Голлар: 0:1 – 10 Мертенс, 1:1 – 26 Манжукич, 2:1 – 49 Манжукич, 3:1 – 76 Бонуччи.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Жан (Бентанкур, 62), Пьянич, Матюиди, Дибала (Бернардески, 64), Манжукич (Куадрадо, 84), Роналду.
Наполи – Оспина, Хюсай, Альбиоль, Кулибали, Мариу Руй, Аллан, Гамшик (Фабиан Руис, 70), Зелиньски (Малькюи, 61), Кальехон, Мертенс (Милик, 61), Инсинье.
Огоҳлантиришлар: Мариу Руй (24), Кулибали (40), Хюсай (55), Бонуччи (60), Инсинье (60), Жоау Канселу (69), Алекс Сандро (85).
Четлатиш: Мариу Руй (58).

«Рома» Рим дербисида зафар қучди

Рим дербисида «Рома» ва «Лацио» беллашди. Ўйин тенг курашлар остида ўтган бўлса-да, «бўрилар» ўз имкониятларидан унумлироқ фойдаланишди. 1-бўлим охирида Пеллегрини мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 2-бўлим ўртасида Иммобиле уни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ, «Рома» тезда Коларов ёрдамида 2-голни уриб, меҳмонлар шаштини пасайтирди. Ўйин охирида эса Фасио якуний ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. Натижада, «Рома» қаторасига 2-ўйинда ғалаба қозониб, 11 очко билан 8-ўринга чиқиб олди. «Лацио» 12 очко билан 6-ўринга тушди.

Ўйиндан сўнг, «Рома» бош мураббийи Эусебио Ди Франческо ғалабадан мамнун эканини яширмади: «Биз муваффақиятсиз стартга эркакларча муносабат билдирдик. Бугун жамоа мен талаб қилгандек ўйнади. Ўтган мавсумдаги «Рома»ни кўришдан хурсандман».

Рома – Лацио 3:1 (1:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 45 Пеллегрини, 1:1 – 67 Иммобиле, 2:1 – 71 Коларов, 3:1 – 86 Фасио.

«Интер» кучли тўртликка қайтди

«Интер» ўз майдонида «Кальяри» билан беллашди ва 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Ўйин «кўк-қоралар»нинг ташаббуси остида ўтди ва улар ҳар бир таймда биттадан гол уришга муваффақ бўлдилар. 12-дақиқада «Интер»нинг янги аъзоси Лаутаро Мартинес ҳисобни очган бўлса, 89-дақиқада Политано 2-тўпни дарвозага йўллади. Бу натижадан сўнг, «Интер» 13 очко билан 4-ўринга кўтарилиб олди.

Ўйиндан сўнг «Интер» устози Лучано Спаллетти қуйидаги фикрларини айтиб ўтди: «Ғалаба қозонсак, ҳар доим мамнун бўламан. Айниқса, ёш Лаутаро Мартинесдан хурсандман. Менимча, у Икардидан кўп нарсани ўрганиб олади ва яхши ҳужумчи бўлиб етишади».

Интер – Кальяри 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 12 Мартинес, 2:0 – 89 Политано.

«Милан» муваффақиятсиз серияга барҳам берди

Қаторасига 3та ўйиндан бери ғалаба қозонолмаётган «Милан» сафарда «Сассуоло» билан беллашди. «Қизил-қоралар» баҳсдан олдин жиддий муаммога дуч келиб, ўйинда бирорта ҳужумчини майдонга тушира олмадилар. Бироқ, якуний натижа кутилганидан ҳам ортиқ бўлди. «Милан» рақиб дарвозасига 4та тўп йўллади. Голлар Кессиэ, Сусо (2) ва Кастильехо ҳисобига ёзилди. «Сассуоло» Журичичнинг ягона голи билан жавоб қайтарди. Бу натижадан сўнг, «Милан» 9 очко билан 12-ўринда, «Сассуоло» эса 13 очко билан 3-ўринда бормоқда.

Ўйиндан кейин «Милан» бош мураббийи Женнаро Гаттузо ғалабага қуйидагича изоҳ берди: «Сўнгги баҳсларда ўйинимиздаги изчиллик камайиб бормоқда. Биринчи бўлимда яхши ўйнадик, аммо иккинчи таймни ёмон ўтказдик. «Эмполи»га қарши кечган олдинги ўйинда ҳам 4:1 ҳисобида ғолиб чиқишимиз мумкин эди, аммо якунда дуранг қайд этгандик. Бу сафар ўйинимиз яхши чиқди. Натижа бизга ишонч бахш этишига умид қиламан. Биз тўғри йўлдан кетяпмиз».

Сассуоло – Милан 1:4 (0:1, 1:3)
Голлар: 0:1 – 39 Кессиэ, 0:2 – 50 Сусо, 0:3 – 60 Кастильехо, 1:3 – 68 Журичич, 1:4 – 90 Сусо.

Италия чемпионати 7-турининг барча натижалари

29 сентябрь

Рома – Лацио 3:1 (1:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 45 Пеллегрини, 1:1 – 67 Иммобиле, 2:1 – 71 Коларов, 3:1 – 86 Фасио.

Ювентус – Наполи 3:1 (1:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 10 Мертенс, 1:1 – 26 Манджукич, 2:1 – 49 Манджукич, 3:1 – 76 Бонуччи.

Интер – Кальяри 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 12 Мартинес, 2:0 – 89 Политано.

30 сентябрь

Болонья – Удинезе 2:1 (1:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 32 Пуссетто, 1:1 – 42 Сантандер, 2:1 – 82 Орсолини.

Фрозиноне – Женоа 1:2 (1:2, 0:0)
Голлар
: 0:1 – 33 Пёнтек, 0:2 – 36 Пёнтек, 1:2 – 41, пенальти Чиано.

Фиорентина – Аталанта 2:0 (0:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 62, пенальти Верету, 2:0 – 90 Бираги.

Кьево – Торино 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 88 Дзадза.

Парма – Эмполи 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: 1:0 – 33 Жервиньо.

Сассуоло – Милан 1:4 (0:1, 1:3)
Голлар: 0:1 – 39 Кессиэ, 0:2 – 50 Сусо, 0:3 – 60 Кастильехо, 1:3 – 68 Журичич, 1:4 – 90 Сусо.

1 октябрь

Сампдория – СПАЛ

Италия чемпионати жадвали

А Серия тўпурарлари:

8 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа)
5 - Лоренцо Инсинье (Наполи)
4 - Родриго Де Пауль (Удинезе, 1), Чиро Иммобиле (Лацио), Марио Манжукич (Ювентус), Грегоре Дефрель (Сампдория)

Тур қаҳрамони - Кшиштоф Пёнтек (Женоа)

«Женоа» ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек «Фрозиноне»га (2:1) қарши ўйинда жамоасининг ҳар иккала голига муаллифлик қилди.

23 ёшли польшалик илк 6та ўйинида 8та гол уришга муваффақ бўлди ва 1949/50 мавсумида «Аталанта» ҳужумчиси Карл Оге Ҳансен томонидан ўрнатилган кўрсаткични такрорлади. Пёнтек ажойиб самарадорликни ҳам намойиш қилмоқда - у 8та голни уриш учун жами 14та зарба йўллаган.

Ҳафта воқеаси - Берлускони футболга қайтди

«Милан»нинг собиқ хўжайини, италиялик сиёсатчи Сильвио Берлускони «Монца» клубини сотиб олди. Битим ҳақида Италиянинг собиқ бош вазири 82 ёшни қарши олган кун – 29 сентябрда эълон қилинди. «Монца» раҳбарияти таркибидан кутилганидек, «Милан»нинг собиқ вице-президенти, 74 ёшли Адриано Галлиани ҳам ўрин олди.

«Монца» айни пайтда Италия С сериясида (3-дивизион) иштирок этмоқда. Клуб охирги марта 2000 йили В Серияда ўйнаган.

Эслатиб ўтамиз, Сильвио Берлускони 2017 йил баҳорида «Милан» клубини «Rossoneri Sport Investment Lux» компаниясига 830 миллион еврога сотган эди. У 31 йил давомида «қизил-қоралар» хўжайини бўлган.

Ҳафта сенсацияси - Роналду оғир жиноятда айбланди

Америкалик аёл Кэтрин Майорга «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдуни зўрлашда айблади. Бу ҳақда Германиянинг Spiegel журнали мақола чоп этди.

Воқеа 2009 йили Лас-Вегасда юз берган, Роналду можарони ёпиш учун аёлга 375 минг доллар тўлаган. Айни пайтда, Майорга адвокатлари Невада штати фуқаролик судига Роналдуга қарши ариза топширишган.

Криштиану Роналду бу айбловни инкор қилиб: «Бу ёлғон. У менинг номим орқасидан машҳур бўлмоқчи. Бундай ҳолатлар - фаолиятимнинг бир қисми», - деб ёзди инстаграм саҳифасида. Энди португалиялик бу ҳақда хабар берган Spiegel нашри билан судлашмоқчи.

Тур антирекордчиси - «Фрозиноне» 48 йиллик кўрсаткични ёмонлаштирди

«Фрозиноне» А Серия жорий мавсумидаги илк голини фақат 7-турда уришга муваффақ бўлди. Жамоа буни «Женоа»га (1:2) қарши баҳснинг 41-дақиқасида амалга оширди ва чемпионат тарихидаги антирекордни янгилади. Аввалги кўрсаткич «Катания»га тегишли бўлиб, клуб 1970/71 мавсумининг 7-ўйини 2-дақиқасида илк голини урган эди. «Фрозиноне» бу кўрсаткични 39 дақиқага ёмонлаштирди.