Липпи Осиё кубоги – 2019`дан сўнг Хитой термасини тарк этади
Oct. 1, 2018, 3:19 p.m. 902

«Ювентус» клуби ва Италия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Марчелло Липпи 2019 йилда фаолиятини якунлаши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб ўтди. Ҳозирда 70 ёшли мутахассис Хитой терма жамоасига устозлик қилмоқда.

«Уйга қайтишни истаяпман. Хитой терма жамоаси билан шартномам 31 январда ниҳоясига етади. Менимча, бу мураббийлик фаолиятимдаги охирги иш бўлиб қолса керак.

Февралда Хитойда кетишим мумкинми? Ҳа», - дея таъкидлади Липпи.

Италиялик ушбу мутахассис 2006 йилда Италия терма жамоасини жаҳон чемпионати ғолибига айлантирган, 2 марта Европада мавсумнинг энг яхши мураббийи дея эътироф этилган. У 2016 йил октябрь ойидан буён Хитой термасини бошқариб келмоқда.

Маълумот учун, Хитой терма жамоаси 2019 йил январида БААда бошланадиган Осиё кубоги баҳсларида Жанубий Корея, Қирғизистон ва Филиппин терма жамоалари билан «C» гуруҳидан жой олган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида нидерландиялик таниқли мураббий Гус Ҳиддинк Хитой олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди. Тайинлов ҳақидаги хабарларда унинг вақти келиб Хитой миллий термасига ҳам устозлик қилиши мумкинлиги ҳақида айтиб кетилган эди.