Ковач ва Нойер «Бавария»нинг мағлубиятига нима сабаб бўлгани ҳақида бир хил фикрни айтди
Sept. 29, 2018, 12:32 p.m. 3784

«Бавария» бош мураббийи Нико Ковач ва дарвозабон Мануэль Нойер Бундеслиганинг 6-турида «Ҳерта»дан учралган мағлубият (0:2) ҳақида фикр билдирар экан, вазиятлардан фойдалана олмаслик жамоадаги асосий муаммолардан бири эканини таъкидлаб ўтишди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

«Вазиятларни рўёбга чиқариш масаласида оқсаганимиз бугун мағлубиятга учрашимиз сабабларидан бири бўлди. Шу билан бирга, иккита голни ҳам ўзимиз ўтказиб юбордик, бундай бўлмаслиги керак эди. Пенальтига йўл қўймаслик лозим эди. Иккинчи голдаги вазиятда эса биз тактик хатога йўл қўйдик.

Шундай бўлса-да, биз нормал ўйин намойиш эта олдик. Бу мағлубиятни изоҳлаш қийин. Биз вазиятлардан фойдаланишимиз керак. Ҳаммани бир четдан танқид қилишни бошлаш ярамайди. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Биз яна муваффақиятларга эришиш учун барчасини ишга солишимиз «Бавария»ни биладиганларга сир эмас», - дея таъкидлади Ковач.

«Биринчи бўлимдаги ўйинимиз ўхшамади. Иккинчи таймда эса яхшироқ ўйин кўрсатдик. Ҳамма кўрди, биз ғалабага жуда қаттиқ ҳаракат қилдик.

Вазиятларни голга айлантириш мавзуси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Ўтган мавсумда ҳам шу муаммо бор эди. Футболда, шунчаки, гол киритиш керак. Бугун бизга ана шу жиҳат етишмади.

Танаффусдан оптимистик руҳда, агар биринчи голимизни уриб олсак, ўйиннинг боришини ўзгартириб юборамиз, деган ишонч билан қайтган эдик», - деган Нойер.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўйинда мюнхенликлар Бундеслигадаги сўнгги 37 ўйинда иккинчи маротаба – яна «Ҳерта» клубига қарши ўйинда гол уришнинг уддасидан чиқа олмади.