«Ҳерта» «Бавария» учун энг ноқулай рақиблардан бири экани маълум бўлди
Sept. 29, 2018, 8:54 a.m. 1313

Германия Бундеслигасининг 6-турини очиб берган ўйинда «Ҳерта» клуби етакчи «Бавария»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди.

Эътиборлиси, ушбу баҳсда «Бавария» рақиб дарвозасига йўл топа олмади. Мюнхенликлар миллий чемпионат доирасида сўнгги марта 24 февраль куни баҳсни голсиз якунлаган, шундан сўнг 15 турдан буён рақиблар дарвозасини ишғол этиб келаётган эди. Тасодифни қарангки, ўша февралдаги учрашув ҳам айнан «Ҳерта» клубига қарши ўйин бўлган.

Умуман олганда, Германия чемпиони Бундеслигадаги охирги 37 та ўйинида фақат «Ҳерта»га гол ура олмай келмоқда.

Бундан ташқари, Берлин клуби Мюнхен жамоаси билан охирги 4 ўйинда ютқазгани йўқ. 2016 йил сентябридан буён бўлиб ўтган 4 та баҳснинг 1 таси «Ҳерта» фойдасига ҳал бўлган бўлса, яна 3 ўйинда кучлар тенг келди.