Осиё кубоги ўйинларининг бошланиш вақтлари тасдиқланди
Sept. 27, 2018, 3:20 p.m. 5749

Бугун, 27 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида Осиё Кубоги – 2019 мусобақасига бағишланган семинар ўз ишини бошлади. Семинарда Осиё Кубогида иштирок этувчи барча терма жамоаларнинг вакиллари иштирок этишади. 

ЎФА матбуот хизматидан хабар қилишларича, семинарда Осиё кубогига тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилиниб, мусобақа бошлангунга қадар бўлиб ўтадиган тадбирлар кўриб чиқилади. Семинарда Ўзбекистон Футбол ассоциациясидан Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, матбуот хизмати бошлиғи, терма жамоа шифокори ҳамда хавфсизлик бўйича офицер иштирок этмоқда.

Семинар 4 кун давом этади. Дастлабки 2 кун турли масалалар муҳокамасига бағишланса, сўнгги 2 кунда терма жамоалар вакиллари ўз жамоалари ўйинларни ўтказадиган шаҳарларга ташриф буюриб, ўйинлар ўтказиладиган стадионлар, меҳмонхоналар, машғулот майдонларини кўздан кечиради, ташкилотчилар билан барча ташкилий ишлар келишиб олинади. Агар вакиллар томонидан қандайдир камчиликлар аниқланса, бу ҳақида ташкилотчига маълумотлар тақдим этилади.

Семинар давомида ОФК вакиллари терма жамоалар мутасаддиларини чемпионат регламенти билан тўлиқ таништириб, бутун мусобақа давомида амалга киритилиши мумкин бўлган янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилади. Футболдаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида қоидалар такомиллаштириб борилади. Мусобақада давомида кўзда тутилмаган вазиятлар юзага келса, қандай ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар берилади. Мезбон давлатнинг иқлимини инобатга олиб, шифокорларга ҳам тегишли тавсиялар берилади. 

Айни пайтга келиб мусобақа ўйинларининг бошланиш вақтлари тасдиқланган. Қуйида «F» гуруҳи ўйинлари тақвими Тошкент вақти билан келтириб ўтилади.

Осиё кубоги – 2019
Гуруҳ баҳслари. «F» гуруҳи.

2019 йил 9 январь
Япония – Туркманистон, Абу-Даби, соат 16:00
Ўзбекистон  – Уммон, Шаржа, соат 18:30

2019 йил 13 январь
Уммон – Япония, Абу-Даби, соат 18:30
Туркманистон  – Ўзбекистон, Ал-Айн, соат 21:00

2019 йил 17 январь
Уммон – Туркманистон, Абу-Даби, соат 18:30
Япония  – Ўзбекистон, Ал-Айн, соат 18:30

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё кубоги – 2019`да ҳакамларга видеокўмак кўрсатувчи VAR тизими жорий этилиши хабар қилинган эди.