2019 йилги Осиё кубогида VAR тизимидан фойдаланилади
Sept. 27, 2018, 11:51 a.m. 1390

Осиё Футбол Конфедерацияси БААда бўлиб ўтадиган 2019 йилги Осиё кубогида ҳакамларга видеокўмак тизими – VAR технологиясидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатган.

«ФИФА ва Халқаро Футбол Ассоциацияси Кенгашининг тасдиғидан ўтгач, шунингдек, ОФК Мусобақалар ва Ҳакамлар департаментлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг ОФК Ижроия Қўмитаси VAR тизимини БАА-2019 Осиё кубоги мусобақасига жорий этишни маъқуллади», - дейилади хабарда.

ОФК Президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифанинг маълум қилишича, технологиядан мусобақанинг барча босқичларида фойдаланилмаслиги мумкин.

«ОФКнинг БААда бўлиб ўтадиган энг муҳим мусобақаси – Осиё кубогининг маълум бир босқичидан VAR тизимини татбиқ этишни режалаштирмоқдамиз», - деб айтган Осиё футболи раҳбари.

«VAR`ни илк марта Россияда бўлиб ўтган ЖЧ-2018 мусобақасида кўрдик ва шу нарса аён бўлдики, тизим самарали ишлаши ва футбол ўйини учун ижобий қўшимча янгилик бўлиши учун мутахассисларни тайёрлаш ва жиҳозлаш ишларига инвестиция йўналтириш кенг кўламли ишларни амалга оширишни таққозо этади», - дея қўшимча қилган ОФК президенти.

«ФИФА ва ХФАК бизни қўллаб-қувватлагани боис улардан миннатдормиз. Мен Маъмуриятдан Осиё кубогини яна муваффақиятли ўтказиш учун VAR`ни жорий этиш бўйича логистик масалалар ва амалий келишувни ҳал этишни сўрадим», - деб айтган шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа.

Маълум қилинишича, бугун, 27 сентябрь куни Осиё кубогида иштирок этувчи жами 24 та жамоа вакиллари мусобақанинг ташкилий масалаларини муҳокама қилиш учун Абу Дабида йиғилган.

Осиё кубоги бошланишига 100 кун вақт қолди. Қитъа футболининг энг нуфузли турнири 2019 йил 5 январида старт олиб, 1 февраль куни бўладиган финал баҳси билан якунига етади.

Эслатиб ўтамиз, БАА-2019`дан бошлаб Осиё кубоги иштирокчилари сони 16 тадан 24 тага оширилган. Бош соврин – кубок ҳам янгиланган, турнирда янги Molten тўпларидан фойдаланилади.

Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси рекорд миқдорда – 14,8 миллион доллар этиб белгиланган. Барча иштирокчиларга 200 минг доллардан берилиши баробарида чемпион жамоа 5 млн, финалчи 3 млн, ярим финалда ютқазган термалар 1 млн доллардан ишлаб олади.

Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоалари билан бирга «F» гуруҳидан ўрин олган.