Ўзбекистон термасининг Осиё кубогидаги рақиби Япония кузда 5 та ўртоқлик ўйини ўтказади
Sept. 26, 2018, 6:22 p.m. 1876

Осиё кубогига тайёргарлик кўраётган Қирғизистон ва Япония терма жамоалари 20 ноябрь куни Тойота шаҳрида ўзаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Ўйин 2018 йилги Kirin чақирув кубоги доирасида ўтказилади. Японлар ушбу кубок доирасида мамлакатнинг 5 шаҳрида 5 та терма жамоа билан ўртоқлик баҳси ўтказади. Хусусан, улардан биринчисида 11 сентябрь куни Коста-Рика 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратилган эди. Октябрь ойида Панама ва Уругвай терма жамоалари ҳам Японияда меҳмон бўлади. Ноябрда Қирғизистондан ташқари яна бир жамоа Kirin чақирув кубогида Японияга қарши майдонга тушиши кутилмоқда, аммо бу қайси терма жамоа бўлиши ҳозирча номаълум.

Маълумот учун, Япония терма жамоаси январь ойида БААда бошланадиган Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси билан бир гуруҳдан ўрин олган. Икки жамоа сўнгги турда ўзаро тўқнаш келади. «F» квартетидан, шунингдек, Уммон ва Туркманистон терма жамоалари ҳам жой олган.

Ўз тарихида илк марта қитъа чемпионатининг финал босқичига чиққан Қирғизистон терма жамоаси эса «С» гуруҳида плей-офф учун Жанубий Корея, Хитой ва Филиппин термаларига қарши майдонга тушади.