Тошкентда ОФК Ижроқўми йиғилиши бўлиб ўтмоқда
Sept. 26, 2018, 4:14 p.m. 736

Бугун, 26 сентябрь куни соат 15:00да Тошкентдаги «International» меҳмонхонасида Осиё футбол конфедерацияси Ижроқўмининг навбатдаги йиғилиши бошланди.

ЎФА расмий сайтига кўра, уни ОФК Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа очиб берди. Сўнгра Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов сўзга чиқиб, Ижроқўм йиғилиши қатнашчиларини юртимизда кўриб турганидан мамнун эканини билдирди.
 
Умид Аҳмаджонов Ижроия қўмитасининг йиғилиши тарихда илк марта Ўзбекистонда бўлиб ўтаётгани ҳақиқатан ҳам ўзбек футболи учун тарихий воқелик эканини таъкидлаб, бунинг учун ОФК Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Ҳалифага алоҳида миннатдорчилик изҳор қилди ва йиғилишда қабул қилинган қарорлар Осиё футболи ривожига катта таъсир кўрсатишига ишонишини билдирди.

Шундан сўнг ОФК Ижроқўмининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини бошлади.

Маълумот учун, ОФК Ижроия қўмитаси ОФК Конгрессининг қарорларини ижро этиш учун масъул орган ҳисобланади. Ташкилотнинг бошқа 15 га яқин қўмиталари қарорлари ҳам Ижроқўм тасдиғидан ўтиши керак. Қўмитага конфедерация президенти раҳбарлик қилади. ОФКнинг 5 нафар вице-президенти, ФИФА кенгашининг 5 нафар аъзоси, Ижроқўм бош котиби ва 11 нафар қўмита аъзолари ушбу тузилма таркибига киради. Ижроия қўмитасининг 11 аъзоси орасида ЎФА бош котиби Сардор Раҳматуллаев ҳам бор.