Карлуш Кейруш Эрон футбол федерацияси билан 4 ойлик янги битим имзолади
Sept. 25, 2018, 12:31 p.m. 1706

Эрон терма жамоасига 2011 йил апрелидан буён раҳбарлик қилиб келаётган португалиялик мураббий Карлуш Кейруш яна камида 4 ой ўз лавозимида қоладиган бўлди. Бу ҳақда Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож баёнот берган.

Федерация расмий ахборотига кўра, Кейруш билан 2019 йил февралига қадар муддатга янги битим имзоланган. Мураббийга келаси йилнинг 5 январидан 1 февралига қадар БАА майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиш вазифаси юклатилган.

«Биз Кейрушнинг ЖЧ-2018даги фаолиятидан жуда мамнунмиз. У билан шартномани янгиладик. Гуруҳимизнинг икки жамоаси 5 очко жамғариб плей-оффга чиққан бўлса, биз 4 очко билан чекландик», деб айтган Меҳди Тож.

Эслатиб ўтамиз, форслар шу йилги мундиал гуруҳ босқичида Марокашни мағлуб этиб (1:0), Португалия билан дуранг қайд этган (1:1) эди. Кейруш жамоаси фақат Испанияга кичик ҳисобда имкониятни бой берди (0:1).

Таъкидлаш жоиз, 65 ёшли мураббий ЖЧ-2018 якунидан буён шартномасиз, фақат оғзаки келишув асосида терма жамоага устозлик қилиб келаётган эди. Кейруш форслар жамоасини 2011 йил апрелида қабул қилиб олган.

БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубогида Эрон терма жамоаси Ироқ, Вьетнам ва Яман термалари билан бир гуруҳдан ўрин олган.