Тошкент дербисидан сўнг «Локомотив» аъзоси майдонда қаллиғининг қўлини сўради
Sept. 24, 2018, 5:46 p.m. 6053

Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридаги марказий баҳс - «Локомотив» - «Бунёдкор» тўқнашувидан сўнг ўзига хос воқеа рўй берди. Эслатиб ўтамиз, учрашув мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.

Гап шундаки, «темирйўлчилар» аъзоси Игорь Йелич дербида қўлга киритилган муҳим ғалабадан сўнг стадионнинг ўзида қаллиғи Елена Марковичнинг қўлини сўради. Сербиялик легионер бу таклифига ижобий жавобни олган.

Championat.asia тарқатган суратларда «Локомотив» футболчиларининг олдиндан тайёрлаб қўйилган либосларни кийиб олганини кўриш мумкин. Шу тариқа, «Удаj се за мене» (серб тилида «Менга турмушга чиқ») ёзуви ҳосил қилинган.

Таъкидлаш жоиз, Йелич ушбу учрашувда тўлиқ 90 дақиқа майдонда тўп сурди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида Ўзбекистон аёллар чемпионатида ҳам қизиқ ҳолат содир бўлган, ўшанда «Шўртан Lady» футболчиси Улдона Тўхтаева тур ўйини олдидан стадионда келинсалом солган эди.