Осиё ўйинлари совриндорларининг мураббийларига ҳам пул мукофотлари берилади
Sept. 21, 2018, 12:12 p.m. 3683

Ўзбекистон ҳукумати Индонезияда бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларнинг мураббийларини ҳам пул мукофотлари билан тақдирлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов бугун, 21 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитасида ташкил этилган тантанали тадбир вақтида маълум қилган.

«Kun.uz» мухбирининг хабар беришича, чемпион бўлган спортчининг мураббийига 2500 АҚШ доллари, кумуш медал совриндорининг устозига 1500 доллар, бронза медал соҳибини тарбиялаган мураббийга эса 1000 доллар миқдорида мукофот топширилади. Бу ҳақдаги тегишли қарор бугун қабул қилиниши кутилмоқда.

Бундан аввалроқ Осиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар учун 5 минг доллардан, кумуш медал эгалари учун 3 минг доллардан ва бронза медал соҳиблари учун 2 минг доллардан пул мукофотлари берилиши маълум бўлганди. 

Шунингдек, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси томонидан Осиё ўйинларида олтин медал олган спортчилар учун 10 минг доллар миқдорида мукофот пули берилади.

Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини 30та спорт турида 234 нафар спортчи ҳимоя қилди. Шундан 21 нафар спортчи олтин, 24 спортчи кумуш ва 25 нафар спортчи бронза медал олди. Ўзбекистон делегацияси медаллар сифати бўйича 45 мамлакат ичида умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа, Ўзбекистон ҳукумати турнир совриндорлари ва уларнинг мураббийларини мукофотлаш учун 315 минг доллар, Миллий олимпия қўмитаси эса 210 минг доллар миқдорида маблағ сарфлайди.