УЕФА Роналдуга нисбатан интизомий иш очди
Sept. 20, 2018, 7:15 p.m. 19279

УЕФА «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдуга нисбатан Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи биринчи тури доирасида «Валенсия»га қарши ўйиндаги ҳолат бўйича иш очди. Бу ҳақда ESPN хабар тарқатмоқда.

Португалиялик форвардга нисбатан иш 27 сентябрь куни Назорат, этика ва ахлоқ бўйича бошқарма томонидан кўриб чиқилади. Футболчи ўйинда олинган қизил карточкаси туфайли Чемпионлар лигасининг кейинги турида 2 сентябрь куни «Янг Бойз»га қарши ўйинни автоматик равишда ўтказиб юборади, аммо унинг дисквалификацияси муддати узайтирилиши мумкин.

19 сентябрь кунги ўйинда Роналду «Валенсия» ҳимоячиси Жейсон Мурильо билан юзага келган вазиятда қизил карточка олиб, майдонни тарк этганди. Ўйин ҳаками Феликс Брих Роналду Мурильонинг юзига қасддан урган, деб топди ва у майдонни кўзда ёш билан тарк этди.

Бу 33 ёшли футболчи учун Чемпионлар лигасидаги илк қизил карточка бўлди.

Камчилик бўлиб қолганига қарамасдан «Ювентус» «Валенсия» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Икки голни ҳам хавбек Миралем Пьянич пенальтидан урди.