«Неймар, Мбаппе ва Кавани - улар қаҳрамонлар эмас, худбинлар»
Sept. 20, 2018, 3:25 p.m. 22123

Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Жан-Пьер Папен «ПСЖ» ҳужум чизиғидаги учлик – Неймар, Килиан Мбаппе ва Эдинсон Каванини танқид остига олди. У билан интерьвю Goal порталида эълон қилинди.

«Улар «ПСЖ»да қаҳрамонлар эмас, худбинлардир. Муайян вазиятларда сен ўз статусингдан қатъи назар, жамоа учун хизматда бўлишинг керак.

Франция ва ундан ташқаридаги юлдуз футболчилар ўртасида фарқ бор. Францияда уларни бошқариб бўлмайдигандек бўлиб кўринади. Нега энди «Ливерпуль» ўз юлдузларини тартибга сола олади-ю, бу ишни биз қила олмаймиз?» - деган саволни ўртага ташлаган Папен.

«Ахир Неймар «Барселона»да ўйнаган пайтлари вақти-вақти билан ҳимояга ҳам қайтиб турарди...», - дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, «ПСЖ» ЕЧЛнинг илк турида «Ливерпуль» майдонига сафар уюштириб, 2:3 ҳисобидаги мағлубият билан ортга қайтган эди. Ушбу ўйинда ҳар учала ҳужумчи ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Жамоа голларига Менье ва Мбаппе муаллифлик қилди.

1991 йилда Европанинг энг яхши ўйинчиси деб топилган Жан-Пьер бу уч ҳужумчининг даражасига шубҳа қилмаслигини ҳам таъкидлайди.

«Уларнинг савиясига мутлақо шубҳа йўқ. Бу борада муаммо бўлиши мумкин эмас. Бироқ бу учовлон биргалашиб, шу хислатлари билан жамоадошларига ёрдам беришлари керак. Улар жамоанинг [энг асосий] юлдуз ўйинчиси кимлиги экани ҳақида ўйлаб ўтиришлари ярамайди.

Клуб Чемпионлар лигасида ғалаба қозонмоқчи. Модомики ўйинчилар буни ёдларида сақлашмас экан, ҳеч қачон ғалаба қозона олишмайди», дея куюниб гапирган Папен.

Таъкидлаш жоиз, Франция 1-дивизионида 5 мавсум энг яхши тўпурар бўлган собиқ ҳужумчи 1991 йилда «Марсель» сафида Европа кубоги финалида ўйнаб, 1994 йил «Милан» билан ЕЧЛ ғолиби бўлган. У, шунингдек, ЖЧ-1986 да бронза медалини ҳам қўлга киритган.