Клаттенбург Роналдунинг четлатилишига муносабат билдирди
Sept. 20, 2018, 8:53 p.m. 21128

Англия Премьер-Лигасининг собиқ ҳаками Марк Клаттенбург «Ювентус» – «Валенсия» ўйинида Криштиану Роналдунинг майдондан четлатилиши билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

 «Роналду ҳимоячини бироз туртиб юборди, натижада «Валенсия» футболчиси майдонга йиқилди, бу жиддий қоидабузарлик эмас. Рефери вазиятга орқа ўгириб турган эди. Дарвоза ортидаги ёрдамчисига эса Роналду тирсаги билан ургандек туюлган бўлиши мумкин.

Роналду Мурильо ҳаракатларидан ғазабланиб, унинг бошига қўлини қўйди. Бу ҳолат жиддий эмасди, аммо ёрдамчи ҳакам негадир бунда спортчига хос бўлмаган ҳаракатни кўрди.

Агар ўйинни мен бошқарганимда ҳар иккала футболчига сариқ картани кўрсатган бўлардим. Энди Роналду бир ўйинни ўтказиб юборади, ундан ортиқ жиддий жазо қўлланилмаса керак», – деб Клаттенбург сўзларини келтирмоқда Daily Mail.