«Арсенал», «Челси» ва «Милан» ҳам баҳсга киришади. Европа Лигасида асосий интригалар
Sept. 20, 2018, 5:41 p.m. 2944

20 сентябрь куни Европа Лигасида ҳам гуруҳ босқичи бошланади. Чемпионлар Лигасидан қуруқ қолган «Челси» Грецияда ПAОК меҳмони бўлса, Унаи Эмери бошчилигидаги «Арсенал» ўз уйида Украинанинг «Ворскла» клубини қабул қилади. «Милан» жамоаси эса Люксембургга сафар қилади ва еврокубокларда дебютини ўтказадиган «Дюделанж»ни синовдан ўтказади. Турнир фаворитларидан бири «Севилья»нинг биринчи рақиби Бельгиянинг «Стандард» клуби бўлади.

«Трибуна» даражаси бўйича Европанинг иккинчи ўриндаги мусобақасидаги асосий интригаларни келтиради.

Промес учун турнир

«Севилья» қаторасига 3 марта Европа Лигаси ғолиби бўлганидан кейин бу турнирда кўриниш бермаётганди. Андалусияликлар бундай натижани Унаи Эмери бошчилигида қайд этишганди. Мураббий кейин Парижга кетди, шу йил ёзида эса Лондонга ўтди. У бу сафар «Арсенал» билан турнирда иштирок этади. «Канонирлар» ниҳоят еврокубокда зафар қучиш орзусида ёнмоқда. 

«Ҳар қандай соврин биз учун муҳим. 2000 йили «Арсенал» бу турнир финалида ўйнаган, аммо «Галатасарой»га ютқазган. Жамоа 2006 йили Европа Чемпионлар лигаси финалига чиққан, аммо бу сафар «Барселона»дан мағлуб бўлган. Мен фаолиятим давомида катта амбициялар билан ишлаганман ва ҳар бир турнирда соврин учун курашганман», деди инглизлар жамоаси мураббийи матбуот анжуманида.

«Севилья» учун бу турнирнинг плюс ва минус жиҳатлари мавжуд. Жамоа Испания чемпионатидаги стартни муваффақиятсиз ўтказмоқда. Жамоанинг янги мураббийи Пабло Манчин бу турнирдаги ўйинлар орқали янада кўпроқ амалиётлар ўтказиб, жамоасига ўз фалсафасини яхшироқ сингдириш имкониятига эга бўлади. 

Жамоанинг янги хариди Куинси Промес Испания чемпионати ўйинларида захирадан тушиш билан кифояланмоқда. Европа Лигасида эса у ўзини кўрсатиши мумкин бўлади.

«Челси» иккинчи даражали турнирда

Одатда мухлислар Европа Лигасини плей- офф босқичидан бошлаб кузатишга киришади. Бу босқичда турнирда ЕЧЛда гуруҳларда учинчи ўринларни эгаллаган жамоалар қўшилади ва жиддий жуфтликлар қарама-қаршилиги юзага келиши мумкин бўлади. Бу сафар эса турнирда гуруҳ босқичидаёқ катта номларни кўришимиз мумкин. Шулардан бири юлдузли «Челси»дир. 

Ўтган мавсумларда «Наполи»ни халқаро майдонларга қайтарган Маурисио Сарри бу ёзда «Челси»да иш бошлади. У биринчи мавсумдаёқ яхши натижа кўрсатиши учун Европа Лигаси яхши имконият. У «Челси»ни кучайтирганини Англия премьер-лигаси ўйинлари орқали кўрмоқдамиз. Салоникидаги ўйинга у Азар, Ковачич ва Давид Луиз каби футболчиларни олиб келмаган, аммо қолган футболчилар билан ҳам таркиб жанговар кўринишда.

Бу турнирда ўтган йилги мавсумларда Италия клублари ҳам яхши иштирок этиб келишган. Хусусан, ўтган мавсумда «Милан» ва «Лацио» иштирокидаги ёрқин ўйинларга гувоҳ бўлдик, Андре Сильва ва Чиро Иммобиле жамоаларини чорак финалгача етаклаб боришди. Бу жамоалар жорий мавсумда ҳам шу турнирда қатнашишади. 

Иккинчи пландаги актёрлар

Турнирда юқорида номлари тилга олинган «Арсенал», «Челси», «Севилья», «Милан» ва «Лацио» жамоаларидан бошқа фаворитлар ҳам бор. Масалан, еврокубокларда иштирок этишни одат қила бошлаган «Лейпциг», бу турнирда кўп марталаб муваффақиятли иштирок этган «Вильярреал», Испания чемпионати вакилларидан яна бири «Бетис», ўтган мавсум финалчиси «Марсель». Шу билан биргаликда Германия чемпионатидан «Айнтрахт» ва «Байер», Франция ва Россиядан «Бордо» ҳамда «Зенит», Украина гранди, Киевнинг «Динамо»си, Туркиянинг «Бешиктош»и ва «Фенербаҳче»си, Португалиянинг «Спортинг»и ҳамда Шотландиянинг «Селтик» жамоаси ҳам бор. Умуман олганда, футбол мухлислари бу турнирда ҳам зерикиб қолишмайди.

Тарихий ўйин
Камида битта клуб учун бу турнир алоҳида аҳамиятга эга. Еврокубокларда Люксембургдан илк жамоа қатнашмоқда. Германиялик мутахассис Дино Топпмеллер бошчилигидаги «Дюделанж» герцоглик тарихида илк марта еврокубокнинг асосий баҳсларига етиб келди. Биринчи турда митти давлат вакили Италия гранди «Милан»ни ўз майдонида қабул қилади. Бу жамоага кейинги турларда «Бетис» ва «Олимпиакос» каби кучли жамоалар рақиблик қилади ва жамоада гуруҳдан чиқиш учун деярли имконият йўқ. Аммо жамоа турнирда қатнашган илк Люксембург клуби сифатида номини тарихга муҳрлаши аниқ. 

Янги дерби
Гуруҳ босқичидаги энг қизиқарли қарама-қаршиликлардан бирига биринчи турдаёқ гувоҳ бўламиз - «РБ Зальцбург» ва «Лейпциг». Битта хўжайинга тегишли икки клуб бир турнирда иштирок этиши аввалига норозиликларга сабаб бўлганди. Аммо УЕФА арбитраж палатаси бу ҳолатда рақобат қоидаси бузилмаган, деб топди.

Бунинг учун «Лейпциг» номини бироз ўзгартиришига тўғри келди. 

Қайд этиш керакки, айни вақтда «Лейпциг» етакчиларига айланган Гулачи, Забитцер, Илзанкер ва Лаймер каби футболчиларни «Ред Булл Зальцбург» тарбиялаб берган. Бу Австрия клуби асосида Германияда йирик клуб шакллантириш лойиҳасидир.

Европа Лигаси
1-тур беллашувлари
20 сентябрь, пайшанба
Тошкент вақти билан соат 21:55да бошланадиган ўйинлар

«G» гуруҳи
«Рапид»— «Спартак М»
«Вильярреал» — «Рейнжерс»

«H» гуруҳи
«Лацио» — «Аполлон»
«Олимпик» — «Айнтрахт»

«I» гуруҳи
«Генк» — «Мальмё»
«Бешиктош» — «Сарпсборг»

«J» гуруҳи
«Оқҳисор» — «Краснодар»
«Севилья» — «Стандард»

«К» гуруҳи
«Динамо Киев» — «Астана»
«Ренн» — «Яблонес»

«L» гуруҳи
«Види» — БАТЭ
ПAОК — «Челси»

Тошкент вақти билан соат 23:55да бошланадиган ўйинлар
«A» гуруҳи
«Лудогорец» — «Байер»
АЕК Ларнака — «Цюрих»

«B» гуруҳи
«Селтик» — «Русенборг»
«РБ Лейпциг» — «Зальцбург»

«C» гуруҳи
«Славия» Прага — «Бордо»
«Копенгаген» — «Зенит»

«D» гуруҳи
«Динамо Загреб» — «Фенербахче»
«Спартак» Трнава — «Андерлехт»

«E» гуруҳи
«Арсенал» — «Ворскла»
«Спортинг Лиссабон» — «Қорабоғ»

«F» гуруҳи
«Олимпиакос» — «Бетис»
«Дюделанж» — «Милан»