«Бунёдкор» Про-лигага тушириб юборилиши мумкин
Sept. 20, 2018, 6:53 p.m. 9480

ФИФА Тошкентнинг «Бунёдкор» клубидан 6 очко олиб ташланиши ҳақида қарор чиқарди, деб хабар беради Championat.asia.

Гап шундаки, «Бунёдкор» украиналик футболчи Сергей Симоненко билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаган. Натижада, у «Бунёдкор» устидан ФИФАга арз қилган. 

2014 йилда «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилган Симоненко атиги 5та ўйинда майдонга тушган, сўнгра шартномаси бекор қилинган эди.

ФИФА «Бунёдкор» клубини футболчи билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилишга чақирган. Агар талаб бажарилмаса, клуб худди «Шўртан»га ўхшаб, Про-лигага тушириб юборилиши мумкин.

«Бунёдкор» клуби бош директори Мурод Алиев вазиятни қуйидагича изоҳлади:

«Бунёдкор» клубининг Сергей Симоненко олдида қарзи йўқ. Тўғри, қарз бор эди, бироқ унга берилиши керак бўлган 400 миллион сўм футболчи номидаги пластик картага туширилган. Буни банк ҳам тасдиқлайди. Фақат футболчининг ўзи пулни ишлатмаган ва карта ҳозир кимнинг қўлида эканини ҳам билмаймиз. Лўнда қилиб айтганда, футболчига тегишли сумма унинг картасида турибди. Керак бўлса, бу ҳақда ФИФАга ҳам ёзма баёнот беришга тайёрмиз» - деди Алиев.