Ожиз Неймар ва «бир кўзли» Роберто. Ливерпулда суперматч
Sept. 19, 2018, 12:33 p.m. 10655

Инглизларнинг ҳал қилувчи голи қўшиб берилган дақиқаларда Роберту Фирминьо томонидан урилди.

C гуруҳи
«Ливерпуль» (Англия) – «ПСЖ» (Франция) – 3:2 (2:1)

Голлар: Старриж, 30 (1:0). Милнер, 36 – пенальтидан (2:0). Менье, 40 (2:1). Мбаппе, 83 (2:2). Роберто Фирминьо, 90+2 (3:2).
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд, Гомез, ван Дейк, Робертсон, Вайналдум, Хендерсон, Милнер, Салоҳ (Шачири, 85), Старридж (Роберто Фирминьо, 72), Мане (Фабиньо, 90+3).
«ПСЖ»: Ареола, Менье, Кимпембе, Тиагу Силва, Бернат, Рабьо, Маркиньюс, Ди Мария (Шупо-Мотинг, 80), Мбаппе, Кавани (Дракслер, 80), Неймар.
Огоҳлантиришлар: ван Дейк, 27. Менье, 45+1.
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).
18 сентябрь. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони.

Чемпионлар лигасининг биринчи кунидаги марказий учрашув ишончларни тўлиқ оқлади. Мухлислар «Ливерпуль» ва «ПСЖ» ўртасида ёрқин спектакль гувоҳи бўлишди, 5та гол ва финал ҳуштаги чалингунга қадар интрига сақланиб қолиши.

Юрген Клопп жамоаси «Энфилд»да ҳеч кимга имкон қолдирмаслигини яна бир бор кузатдик. Ўйин бошиданоқ ҳужумкор ўйин кўрсатган мезбонлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Аввалига Робертсоннинг пасидан кейин Даниэл Старриж боши билан аниқ зарба йўллади. Кейинроқ Хуан Бернат жарима майдонида Вейналдумни йиқитди. Жунайт Чақир белгилаган пенальтини Жеймс Милнер аниқ амалга оширди..

Томас Менье биринчи бўлим охирида биринчи жавоб голини урди. Аммо бу гол вазиятни ўзгартира олмади. Иккинчи бўлим ҳам мезбонларнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Аммо 83-дақиқада диққатини йўқотган мерсисайдликлар гол ўтказиб юборишди. Муҳаммад Салоҳ тўпни йўқотганидан кейин тўпга эга чиққан Неймар муваффақиятли ҳужум уюштирди ва Мбаппе ҳисобни тенглаштирди.

Лекин «Ливерпуль»нинг иродаси мустаҳкамроқ чиқди. Қолган 10 дақиқани ҳужумда ўтказган жамоа ниятига етди. Аввалига Трент Александр-Арнольд ижросида хавфли зарба кўрдик. Салоҳ ўрнига майдонга туширилган Фирминьо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда жарима майдонига ёриб кирди ва Ареоланинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. У голни нишонлар экан, кафти билан чап кўзини («Тоттенҳэм» билан ўйин вақтида Вертонген бармоғини шу кўзга тиқиб олганди) ёпди ва французлар фрегатини чўктириб юборган қароқчи қиёфасига кирди.

«Црвена Звезда» – «Наполи» 0:0
«Црвена Звезда» – Борян, Дегенек, Родич, Стойкович, Савич, Йовичич (Йованчич, 56), Крстичич, Чаушич, Марин (Симич, 87), Боачи (Павков, 81), Бен-Набуан.
«Наполи» – Оспина, Альбиоль, Мариу Руй, Хюсай, Кулибали, Зелиньски (Гамшик, 75), Фабиан Руис, Кальехон (Уна, 75), Аллан (Мертенс, 61), Инсинье, Милик.
Огоҳлантиришлар: Аллан (17), Крстичич (37), Дегенек (55), Альбиоль (57), Милик (90), Мариу Руй (90).

Белградда ўтган баҳсда кутилмаган натижа қайд этилди. 1991 йилги Чемпионлар Кубоги ғолиби, ўшандан буён илк марта Европанинг энг асосий турнирига қайтган «Црвена Звезда» кучли рақибдан очко олишга муваффақ бўлди. «Наполи» тўлиқ устунлик кўрсатган бўлсада, серблар дарвозабони Борян кўп марта жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.

3 октябрь. «ПСЖ» – «Црвена Звезда», «Наполи» – «Ливерпуль».

А гуруҳи
«Монако» – «Атлетико» - 1:2

Голлар: Грансир, 18 (1:0). Диегу Коста, 31 (1:1). Хименес, 45+1 (1:2).
«Монако»: Бенальо, Глик, Сидибе, Хенрикс, Жемерсон, Шадли (Мбула, 58), Тилеманс, Аолу (Траоре, 69), Н`Дорам, Фалькао, Грансир (Силла, 77).
«Атлетико»: Облак, Хуанфран, Годин, Хименес, Эрнандез, Коке, Сауль, Эрнандес, Диегу Коста, Гризманн, Корреа (Лемар, 70).
Огоҳлантиришлар: Фалькао, 11. Хименес, 48. Сидибе, 52. Траоре, 78. Диегу Коста, 90+3.
Ҳакам: Коллам (Шотландия).
18 сентябрь. Монако. «Луи II» стадиони.

Мавсумни муваффақиятсиз ўтказаётган Леонарду Жардим жамоаси халқаро майдондаги иштирокини ҳам мағлубият билан бошлади. Ўзининг собиқ жамоасига қарши майдонга тушган Радамель Фалькао 18-дақиқада Самуэль Грандсирнинг голи билан якунланган ҳужумда иштирок этди.

«Монако» ўйинни назорат қилаётгандек кўринганди, аммо Диего Симеоне жамоаси иккита вазиятдан иккита гол урди. Биринчи эпизодда испанларнинг идеал қарши ҳужуми монегаскликлар ҳимоясини чилпарчин қилди ва Диего Коста ҳисобни тенглаштирди. Кейин ҳимоячи Хосе Мария Хименес бурчак зарбасидан гол уриб, жамоасига ғалаба келтирган голни урди. Иккинчи бўлимни «Атлетико» хотиржам ўтказди ва натижани сақлаб қолди.

«Брюгге» – «Боруссия» - 0:1
Гол: 0:1 – 85 Пулишич.
«Брюгге» – Летица, Митрович, Денсвил, Пулен, Влитинк (Колс, 56), Вормер, Ванакен, Ритс, Данжума (Бонавентуре, 76), Уэсли, Воссен (Опенда, 82).
«Боруссия» Д – Бюрки, Аканжи, Шмельцер, Пишчек, Диалло, Гетце (Кагава, 62), Санчо (Пулишич, 69), Вольф, Вайгль (Дауд, 84), Ройс, Витцель.
Огоҳлантиришлар: Вайгль (19), Кагава (90).

Бельгия чемпиони бу учрашувда мағлубиятга муносиб эмасди. Бельгияликлар ўйинни жуда яхши бошлашди, қатор хавфли вазиятлар яратишди. «Боруссия» футболчилари биринчи бўлимда бошларини кўтара олмай қолишганди. 

Иккинчи бўлимда «Брюгге» футболчилари чарчаб қолишди. Ўйин дуранг натижа билан якунланишига қараб кетаётган вақтда эса «Боруссия» ғалаба голини урди. 85-дақиқада Пулишич тўпни дарвозабон устидан ошириб, дарвозага жойлади. Бельгияликлар ЕЧЛда қаторасига еттинчи мағлубиятни қабул қилиб олишди. Икки йил муқаддам улар ўз квартетларида барча учрашувларда мағлуб бўлишганди.

3 октябрь. «Атлетико» – «Брюгге», «Боруссия» Д – «Монако».

В гуруҳи
«Барселона» – ПСВ

Голлар: 1:0 – 31 Месси, 2:0 – 74 Дембеле, 3:0 – 77 Месси, 4:0 – 87 Месси. 
Барселона – тер Стеген, Пике, Альба, Сержи Роберто, Умтити, Ракитич (Видаль, 85), Бускетс, Коутиньо (Лангле, 81), Дембеле (Артур, 83), Месси, Суарес.
ПСВ – Зут, Швааб, Тасенде, Думфрис, Виргевер (Изима-Мирен, 66), Хендрикс, Перейро, Лосано, Росарио (Гутьеррес, 82), Бергвейн (Мален, 78), де Йонг.
Огоҳлантиришлар: Виргевер (30), Умтити (55), де Йонг (57).
Четлатиш: Умтити (79).

«Барселона» кутилганидек турнирни йирик ғалаба билан бошлади. «Камп Ноу»да ПСВ жамоасига имкон қолдирилмади. Нидерландия чемпионатида 5 ўйинда 5 ғалабага эришган, охирги турда рақибига жавобсиз 7 гол урган ПСВ испанларга жиддий қаршилик кўрсатишди. Қарши ҳужумлар вақтида «Барселона» томонидан қизиқиш билдирилаётган Лосанодан ташқари, де Йонг ҳам каталонлар учун хавф туғдириб туришди. 

Аммо Лионель Мессининг маҳорати барчасини ҳал қилди. 30-дақиқада Дембелега фол ишлатилгач, Месси жарима зарбасидан яна бир шедевр голини урди. 

Танаффусдан кейин каталонлар устунликни қўлга олишди. Аммо иккинчи гол 75-дақиқага келибгина урилди. Дембеле Коутиньонинг пасидан кейин узоқ масофадан дарвозани ишғол қилди. Ўйинни каталонияликлар бир киши кам бўлиб якунлашди, Умтити 79-дақиқада иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилди.

Аммо бу мезбонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишига халақит бера олмади. Ўйиннинг қолган қисмида Месси ҳет-трикни расмийлаштирди. Бу Мессининг Чемпионлар лигасидаги саккизинчи ҳет-триги бўлди.

«Интер» – «Тоттенҳэм» - 2:1
Голлар: Икарди, 86. Весино, 90+2 – Эриксен, 53

«Интер» 7 йил ўтиб Чемпионлар лигасига қайтишини ғалаба билан нишонлади. Жамоа гуруҳда қийин рақибларга дуч келган. Уларнинг биринчиси «Тоттенҳэм» қийинчилик билан мағлуб этилди. Танаффусга қадар мезбонлар асосан ҳимоявий тактика қўллашди. Биринчи бўлимда ягона голли вазият инглизлар жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейнда бўлганди. Аммо у Эриксендан қулай пас қабул қилиб олиб, дарвозабон Самир Хандановични алдаб ўтиб ҳам дарвозани ишғол эта олмади. Даниялик футболчи бўлим давомида бир неча марта шерикларини қулай вазиятларга олиб чиқди, аммо жамоа ҳужумчилари вазиятларни кўкка совуришди.

Танаффусдан кейин эса Эриксен ўзи зарба беришга қарор қилди ва ҳисоб очилди. Биринчи зарбани дарвозабон қайтарганди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келган Кристиан мақсадига эришди. 

Ўйин якунига 20 дақиқача вақт қолганида лондонликлар вақтни чўзишни бошлашди ва тўпни майдоннинг марказий қисмида ушлаб туришга ҳаракат қилишди. Якунда улар бунинг учун жазоланишди. Аввалига Икарди жарима майдони ташқарисида туриб битта ҳаракат билан тўпни дарвозанинг узоқ бурчагига жойлади. Қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда бурчак зарбасидан кейин Весино жамоасига ғалаба олиб келди.

3 октябрь. «Тоттенҳэм» – «Барселона», ПСВ – «Интер».

D гуруҳи
«Шальке» – «Порту» - 1:1

Голлар: 1:0 – 64 Эмболо, 1:1 – 75, пенальти Отавио.
Шальке – Фэрманн, Сане, Налдо, Настасич, Сердар (Харит, 84), Калижури, Бенталеб, Маккенни, Шопф, Ут (Коноплянка, 65), Эмболо (Бургшталлер, 72).
Порту – Касильяс, Фелипе, Теллес, Макси Перейра, Эдер Милитао, Эррера, Данилу Перейра, Марега, Отавио (Эрнани, 90), Браими (Сержиу Оливейра, 82), Абубакар (Корона, 60).
Огоҳлантиришлар: Эмболо (27), Ут (53), Корона (78), Эррера (86).

«Шальке» ва «Порту» ўртасидаги учрашув ҳисоб ва ўйиндан қатъи назар тарихий бўлиши керак эди. Гилзеркирхенда Икер Касильяс 90 дақиқа майдонда бўлди ва у Чемпионлар лигасида 20 мавсумда иштирок этган илк футболчига айланди. Айни вақтда футболчилик фаолиятини давом эттираётганлар орасида унга энг яқин натижа Арьен Роббен томонидан қайд этилган, унинг учун бу мавсум 17-чиси бўлади.

Ўйин бошида меҳмонлар футболчиси Алекс Теллес пенальтидан унумли фойдалана олмади. Ферманн унинг зарбасини бартараф этди. Иккинчи бўлимда томонлар биттадан гол уришди. Мезбонлар Эмболонинг голи эвазига олдинга чиқиб олишди, Отавиу португалларни қутқарди. У 70-дақиқада 11 метрлик нуқтага яқинлашди ва Теллеснинг хатосини такрорламади.

«Галатасарой» – «Локомотив» 3:0 (1:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 9 Родригеш, 2:0 – 67 Дердийок, 3:0 – 90, пенальти Инан.
Галатасарой – Муслера, Азиз, Нагатомо, Линнес, Фернандо, Ндиайе, Донк, Акбаба, Бельханда (Майкон, 73), Родригеш (Инан, 90), Дердийок (Оньекуру, 82).
Локомотив – Гильерме, Хеведес, Чорлука, Кверквелия, Игнатьев (Эдер, 69), Фернандеш, Денисов, Миранчук (Миранчук, 86), Крыховяк, Идову, Фарфан.
Огоҳлантиришлар: Чорлука (23), Ндиайе (42), Идову (60), Фернандо (72), Денисов (88), Гильерме (90).
Четлаштиш: Ндиайе (87).

3 октябрь. «Локомотив» – «Шальке», «Порту» – «Галатасарой».