Жозе Моуриньо Жейми Каррагер ва бошқаларга ўзига хос тарзда жавоб қайтарди
Sept. 14, 2018, 3:50 p.m. 6544

“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Жозе Моуриньо “Уотфорд”га қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида танқидчиларга, хусусан Sky Sports эксперти Жейми Каррагерга ўзига хос тарзда жавоб йўллади. 

Гап шундаки, Маркус Рэшфорд Англия терма жамоаси сафидаги сўнгги икки ўйинида 2 гол муаллифи бўлди. Жейми Каррагер эса, эфирлардан бирида Маркус Рэшфорд ҳақида фикр юритар экан, унинг жуда иқтидорли экани, лекин ростанам юлдуз бўлишни истаса, “Манчестер Юнайтед”ни тарк этиши кераклигини таъкидлаганди. Ёш футболчининг Жозе Моуриньо қўл остида имкониятга эга бўлмаслигига урғу берганди.

Жозе Моуриньонинг жавоби қўйидагича бўлди:

“Агар қарши бўлмасангиз, икки дақиқангизни оламан, яъни ҳозир айтадиганларим сиз учун эмас, лекин клуб мухлислари ва тарафдорлари учун, ўзим ҳам шулар ичидаман, шу икки дақиқага эхтиёж бор. 

2016/17 мавсумида Маркус Рэшфорд 32 АПЛ ўйинида, 11 Европа Лигаси, 3 маротаба Англия кубоги, 6 маротаба Англия Лига кубоги ва яна Суперкубок ўйинида майдонга тушди. Ҳаммаси бўлиб, 53 ўйин, агар дақиқалар бўйича ҳисобласангиз, 3 068 дақиқа. Шунда ҳам қаноатланмай, бу дақиқаларни 90 га бўлсангиз, 34.2 чиқади – яъни шунча ўйин Рэшфорд тўлиқ иштирок этди, дегандек гап. Бу 2016/17 йил ҳақида. 

2017/18 мавсумда АПЛда 35, Чемпионлар Лигасида 8, Англия Кубогида 5, Лига кубогида 3 ва Европа Суперкубоги ўйинида қатнашди. Ҳаммаси бўлиб, 52 ўйин, 2676 дақиқа, агар буни ҳам 90 га бўлсангиз, 29.7 ўйин чиқади.

Демак, менинг қўл остимда, ўтган икки йилда Рэшфорд 105 ўйинда майдонга тушди, 5774 дақиқа ўйнади, ўртача олганда, 63.7 тўлиқ учрашувдан иборат. Шунинг учун Рэшфордга бу ерда берилган имкониятлар ҳақида гапираётганлар етарли маълумотга эга эмаслар шекилли. 

Маркус Рэшфорд Доминик Соланке эмас. У Рубен Лофтус Чик эмас, Доминик Калверт Люин ҳам эмас.

У – Маркус Рэшфорд, “Манчестер Юнайтед” ўйинчиси, энг яхши мусобақаларнинг энг муҳим ўйинларида ақл бовар қилмас даражада кўп ўйинларда майдонга тушди. Хуллас, “Манчестер Юнайтед” мухлислари, биз Маркус Рэшфорд билан қандай ишлаётганимиз, умуман нима қилаётганимиз ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар мана шулар”.

Эслатиб ўтамиз, Маркус Рэшфорд 1997 йилда туғилган ва 30 октябрда 21 ёшга тўлади. 2016 йилнинг февралида у Луи ван Гаал қўл остида жамоа сафида дебют қилган эди. Шу йили у Англия терма жамоаси билан биргаликда Евро-2016 га ташриф буюрди, шу йилнинг ёзида эса, жаҳон чемпионатида қатнашди. Рэшфорддан дастлабки мавсумдаги барқарорлик ва сермаҳсулликни кўрмаётган мухлислар ва бир қатор мутахассислар ҳужумчи ўйинидаги пасайишнинг Жозе Моуриньонинг услуби билан боғлашмоқда.