Вольдемар Антон Ўзбекистон ёки Россия терма жамоаси сафида ўйнамайди
Sept. 14, 2018, 6:50 p.m. 7221

«Ҳанновер» клуби ҳимоячиси Вольдемар Антон Ўзбекистон ёки Россия терма жамоаси сафида тўп теполмайди.

Олмалиқ шаҳрида туғилган ва кейинчалик Германияга кўчиб кетган футболчи фақат янги ватани терма жамоаси шарафини ҳимоя қила олади. Бу ҳақда спорт ҳуқуқшуноси Михаил Прокопец гапириб берди.

«Вольдемар Антон терма жамоасини ўзгартира олмайди. Айланма йўллар йўқ. У Германия ёшлар терма жамоаси сафида ўйнаган ва маҳаллий паспортга эга. Агар бошқа мамлакат паспортига эга бўлганида эди, ўша терма жамоани танлаш имконияти бўларди.

ФИФА қоидасига кўра, бошқа мамлакат паспортига эга бўлмаган ҳолда, ёшлар терма жамоасида ўйнасанг, у ҳолда спорт фуқаролигини ўзгартира олмайсан» - деди Прокопец. 

Аввалроқ, Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Антонни қўлга киритмоқчи бўлган эди. Яқинда Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов ҳам Антонни таклиф қилгани маълум бўлди.

22 ёшли футболчи Германия ёшлар терма жамоаси сафида 8та ўйинда майдонга тушган.