«Ҳозир бирламчи мақсад чемпионлик эмас». ПФЛ мавсум ўртасида клублардан инфратузилмага эътибор талаб қилмоқда
Sept. 14, 2018, 4:46 p.m. 987

Суперлига ва Про Лига клублари 2019 йилги мавсумга тайёргарликни ҳозирдан бошлайди, деб ёзади ПФЛ расмий сайти.

«Одатда клублар инфратузилмаси янги мавсум олдидан кўздан кечириб чиқилар эди. Баъзида стадионлар талабга жавоб бермаса ҳам вақт тиғизлиги боис жамоаларга чемпионатда иштирок этиш учун рухсат берилган», - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ПФЛ Суперлига ва Про Лига клубларини 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантирган бўлиб, унга кўра сентябрь-октябрь ойларида барча жамоалар ПФЛ комиссияси текширувидан ўтади.

Бунда академия, стадион, клуб қароргоҳи ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан хулосалар берилади. Олдиндаги ярим йил ичида мавжуд камчиликлар бартараф этилмаса, у қандай клуб бўлишидан қатъи назар жиддий чоралар кўрилади.

Таъкидланишича, «ҳозир бирламчи мақсад чемпионлик ёки легионер футболчилар ҳисобига кучайиб олиш эмас, инфратузилмага эътибор қаратиш бўлиши керак».

Шу мақсадда бугун, 14 сентябрь куни ПФЛ ишчи гуруҳи Бекободга йўл олди. Дастлабки текширувдан ўтадиган жамоа «Металлург» клуби бўлади. Ишчи гуруҳ клубнинг келаси мавсум учун дастлабки режалари ва бунинг учун қилинаётган ишлар билан батафсил танишиб чиқади.

Шунингдек, «Металлург» – «Локомотив» учрашувининг ташкилий масалалари қандай ҳал этилиши ҳам кузатилади.

«Металлург»дан сўнг Суперлига ва Про Лиганинг қолган клублари ҳам шундай текширувдан ўтказилади.