ЦСКА – «Реал» учрашуви «Лужники»да бўлади
Sept. 14, 2018, 4:24 p.m. 4164

УЕФА комиссияси ЦСКАга Чемпионлар лигасидаги уй ўйинларини «Лужники» стадионида ўтказишга рухсат берди. Икки кунлик текширувлардан сўнг УЕФА расмийлари аренанинг ҳолатидан қониқиш ҳосил қилишган ва унда Москва клубининг 2018/19 йиллар мавсумидаги еврокубок учрашувларини ўтказишга рози бўлган.

Россиянинг энг катта стадиони 2017 йили реконструкция қилинган, ЖЧ-2018нинг 7 та ўйинига мезбонлик қилган эди. Мундиал баҳслари вақтида 78 мингдан ортиқ томошабинни ўз бағрига сиғдирган аренада ЦСКАнинг еврокубок ўйинларини 81 мингдан ортиқ мухлис бевосита кузатиши мумкинлиги айтилмоқда.

ЦСКА 2016 йил августидан буён барча уй учрашувларини 30 минг томошабинга мўлжалланган «ВЭБ Арена» стадионида ўтказиб келмоқда. Ўтган мавсумда ЕЧЛ доирасидаги «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳсни 29 073 ишқибоз шу ўйингоҳда кузатган эди.

Эслатиб ўтамиз, ЦСКА Чемпионлар лигасида «G» гуруҳига тушган. Москваликлар плей-офф учун «Реал», «Рома» ва «Виктория» клублари билан кураш олиб боради. Ҳарбийлар илк уй ўйинини 2 октябрь куни «Реал»га қарши ўтказади.