Буэнос-Айресдаги ўсмирлар Олимпиадасида Ўзбекистондан қанча спортчи иштирок этиши маълум
Sept. 14, 2018, 3:23 p.m. 1492

6-18 октябрь кунлари Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ўтказилади. Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтининг хабар қилишича, ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини 36 нафар спортчи ҳимоя қилади.

Таъкидланишича, бу сафарги кичик Олимпиадага йўлланмалар олган ўзбек спортчилари сони рекорд даражада кўп бўлган. 2010 йили Сингапурда ўтказилган илк ўсмирлар Олимпия ўйинларида 21 нафар, 2014 йилги Нанкин Олимпиадасида эса 28 нафар атлет Ўзбекистон номидан қатнашган эди.

Буэнос-Айресдаги ушбу турнирга йўл оладиган Ўзбекистон делегацияси, жумладан, қуйидаги 16 та спорт тури бўйича медаллар учун кураш олиб боради: академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, спорт курашлари, дзюдо, сузиш, ўқ отиш, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, спорт акробатикаси, трамполин, таэквондо, каратэ, енгил атлетика, оғир атлетика, бокс, от спорти.

Маълумот ўрнида, ушбу Олимпиадада жами 32 та спорт турида 241 та медаллар жамланмаси ўйналади. Унда жаҳоннинг 4 мингга яқин ёш атлетлари иштирок этади.