Анонс: Испанияда Классико, «Уотфорд» учун навбатдаги имтиҳон ва бошқа учрашувлар
Sept. 14, 2018, 3:36 p.m. 11021

Терма жамоамиз ўйинлари, янги ташкил этилган Миллатлар Лигаси ёки бошқа ўртоқлик ўйинлари сўнгги икки ҳафтада хуморингизни боқа олдими, йўқми, билмадиг-у, бугундан яна клублар ўртасидаги футбол қайтмоқда. Келаси ҳафтадан ЕЧЛ ҳам  бошланиши боис, топ клублар ўз ўйинларини эртароқ ўтказишади, яъни аксарият эътиборли учрашувлар шанба куни бўлади. Эътиборингизда навбатдаги дам олиш кунлари учун қизиқарли учрашувлар анонси.

ТОТТЕНҲЭМ – ЛИВЕРПУЛЬ (15 сентябрь, 16:30)

.
Ажойиб футбол бўлиши шубҳасиз. Ҳар икки мураббий ҳам учрашув аҳамияти ва натижа билан биргаликда, ўйиннинг томошабоплиги ҳам урғу қаратадилар. 

Ўйин олдидан жамоаларнинг бир хил позицияда бўлишлари кутилганди. Аммо Манчестерда ажойиб ғалабани қўлга киритган “Тоттенҳэм” кутилмаганда Уотфордда мағлубиятга учради. Айнан шу ўйинда янги стадионнинг очилиши кўзда тутилган ҳолда, бу воқеанинг ҳам номаълум муддатга кечиктирилгани яна бир салбий ҳолатлардан биридир. Беш йиллик ёмон сериядан сўнг, ниҳоят ўтган йили “Ливерпуль”ни ютишни уддасидан чиққан “тақачилар” бу ўйинда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушишлари аниқ.

“Ливерпуль”нинг ҳолати бироз бошқача ва олдимизда қизиқ савол турибди. Бир томондан, дастлабки 4 турни юз фоизлик натижа билан якунлаган “Ливерпуль” жуда яхши спорт формасига кириб олгандек туюлди ва терма жамоалар билан боғлиқ танаффус бу ижобий тенденцияга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Иккинчи томондан эса, аксинча, эътибор берган бўлсангиз, “Лестер” билан ўйинда “Ливерпуль” мавсумдаги илк голини ўтказиб юборди. Ва умуман, ўша ўйинда жамоа ўйинида бироз пасайиш ва муаммолар кўзга ташланди. Балки мана шундай салбий бурилиш нуқтасида танаффус юзага келгани Клоппнинг фойдасига ишлар? Бу фаразларнинг қайси бири тўғри эканини фақат учрашувдан сўнг билишимиз мумкин.

Шунингдек, ҳар икки жамоа келаси ҳафтада Европа Чемпионлар Лигасида майдонга тушишларини ҳам эътиборга олиш керак. Ҳар икки жамоа жуда мураккаб гуруҳга тушишди ва қизиғи,айнан 1-тур асосий рақибларга қарши кечади. “Ливерпуль” “ПСЖ”га қарши, “Тоттенҳэм” эса “Интер” билан ўйнаши лозим.

“Ливерпуль”га келаётган уч ҳафта хавас қилиб бўлмайди. Клопп шогирдларини шу давр ичида “Тоттенҳэм”, “Манчестер Сити”, “ПСЖ”, “Наполи” ва икки марта “Челси” билан ўйинларга тайёрлаши керак бўлади.

Таркибларга келсак, “Тоттенҳэм” сафида Деле Аллининг майдонга тушиши сўроқ остида. У терма жамоа йиғинларини ҳам охирига етказмай, ортга қайтишга мажбур бўлганди. Шунингдек, Эрик Ламела ва Уго Льорислар жамоага ёрдам бера олмайдилар. “Ливерпуль”да ўзгариш йўқ – Деян Ловрен ва Адам Лалланаларнинг қайтишларига 2-3 ҳафта бор. 

НАПОЛИ – ФИОРЕНТИНА (15 сентябрь, 21:00)


“Наполи”нинг мавсум бошидаги тақвимига хавас қилиб бўлмайди. Аввалига “Лацио” ва “Милан” қаршилигини бир амаллаб енгган Анчелотти шогирдлари ўтган турда Генуяга сафар қилишди. Ўз майдонида жуда кучли ўйнайдиган “Сампдория” неаполликларга имконият қолдиришмади. Энди эса, яна бир кучли жамоа, мавсумни жуда яхши бошлаган “Фиорентина”ни енгиш керак. “Ювентус” уёқда “Парма”, “Кьево” ёки “Сассуоло”лардан очко йиғиб турган пайтда, ўртадаги фарқ ошиб кетса, вазиятни ўнглаш имконсиз ҳолга келиши аниқ.

“Фиорентина” юқорида айтилганидек, мавсумни яхши бошлади, икки ўйинда икки ғалаба. Аммо кейинги танаффусгача бўлган давр ҳақиқий синов даври деб айтиш мумкин. Пиоли жамоаси мана шу 21 кун ичида сафарда “Наполи”, “Сампдория”, “Интер” ва “Лацио” билан ўйнашлари, ўз майдонларида анча яхши ўйнаётган “Аталанта”ни қабул қилишларига тўғри келади. Айнан шу ўйинлар жамоанинг мавсумдаги салоҳиятини белгилаб берса керак.

Ўзаро ўйинларга қарасак, ўтган мавсумда айнан “Фиорентина” “Наполи”нинг чемпионлик орзусини чилпарчин қилганди. Генуяда ўтган ўйинда мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган ва шу ўйиндан кейин “Наполи” “Ювентус”га ета олмаслиги аён бўлиб қолганди. Бу ғалаба “Фиорентина”нинг сўнгги 18 ўйиндаги иккинчи ғалабаси эди холос. Айтганча, Неаполда ўтган сўнгги етти ўйиннинг 3 тасида 0:0 ҳисоби қайд этилганини, яна бир ўйинда меҳмонлар 1:0 ҳисобида ютиб кетишганини эътиборга олсак, бу ўйин ҳам жуда қийин ўтишини тахмин қилса бўлади.  

УОТФОРД – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (15 сентябрь, 21:30)


Ниҳоят чемпион жамоани тузгандек кўринаётган Клопп, АПЛ даги дебют мавсумидаёқ дадил одимлаётган Сарри қолиб, августнинг энг яхши мураббий этиб Хави Грасия эътироф этилди. Ҳеч ким эътироз қилмади ҳам, ахир “Уотфорд” ҳам камтар таркиби билан юз фоизлик натижани, бошқача айтганда, ўз тарихидаги энг яхши стартни намойиш этмоқда. Дастлабки ўйинлардаги ғалабаларни рақибнинг кучсизлиги билан баҳолаганлар учун “Тоттенҳэм”га қарши ўйин жавоб сифатида йўлланди. Бу ўйинда Грасия шогирдлари иродали ғалабага эришдилар.

Навбатдаги синов ҳам осон бўлмайди. Танқид уммонинг энг тубига тушириб юборилиб, секин аста юқорига ҳаракат қилаётган Жозе Моуриньо жамоаси бор. Оддий “андердог” рақибдан кўра, бу паллада Жозе учун айнан юқори ўринда бораётган “Уотфорд” қулайроқдир? Албатта, “Уотфорд”да ҳам аста секин босим пайдо бўла бошлаяпти ва “нега энди яна ғалаба қозона олмаслик керак?”, деган савол чиқяпти. Бу ҳолатда қопқонга тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Терма жамоалар билан боғлиқ танаффусни Моуриньо кутди. Шу давр пайтида мавсумни жароҳат билан бошлаган баъзи футболчиларнинг тўлиқ тикланишларига умид қилинганди. Аммо Англия терма жамоаси сафида Люк Шоу жароҳат олди ва эртага асосий таркибда тушмаслиги эҳтимоли катта. Шунингдек, Феллайни ҳам терма жамоа йиғинларида жароҳат олди.

Таҳлилчилар “Уотфорд”нинг кучли стартига сабаблардан бири сифатида, бирорта ҳам жамоа аъзоси жаҳон чемпионатида қатнашмагани ва бу Грасияга тўлиқ таркиб билан узун мавсумолди йиғинларини ўтказиш имкониятини берганини айтгандилар. Бу фактор ҳозир ҳам амалда – “МЮ”нинг деярли тўлиқ таркиби (фақат Алексис Санчес клубга эътибор қаратиш мақсадида Чили терма жамоаси мураббийидан рухсат сўради) сўнгги икки ҳафтани терма жамоа билан, расмий ва ўртоқлик учрашувларда ўтказишган бўлса, “Уотфорд” бемалол шу ўйин учун тайёргарлик кўриш шароитига эга бўлди. Умуман, терма жамоалар йиғинларидан кейинги турлар бутун Европада топ клубларга ноқулайлик туғдиради.

Ўзаро сўнгги олти ўйиннинг бештасида “МЮ” ғалаба қозонган. Аммо “Уотфорд” қўлга киритган ягона ғалаба атиги икки йил олдин, Жозе Моуриньонинг илк мавсумида рўй берганини таъкидлаш керак. 

РЕАЛ СОСЬЕДАД – БАРСЕЛОНА (15 сентябрь, 19:15)
АТЛЕТИК – РЕАЛ МАДРИД (15 сентябрь, 23:45)

Афиша учун жуда зўр тур. “Барселона” “Реал” билан ўйнайди, “Реал” “Классико”да майдонга тушади. Қалай?

Аслида сал бошқачароқ. Каталонияликлар бошқа “Реал” билан Сосьедадда майдонга тушади. Бу стадионнинг “Барселона” учун нақадар ноқулай экани ва қарийб ўн йил ғалаба қозона олмаганини яхши биламиз. Фақатгина шу йилнинг январида “Барселона” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо ўша ўйинни ҳам осон ўтган деб бўлмайди, чунки мезбонлар учрашув давомида 2:0 ҳисобида олдинда боргандилар. 

Бу сафар басклар учун янада қийин бўлади, бир қатор асосий футболчилар жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқишди. Олдинги чизиқда Аднан Янузай ва Уильям Жозе, шунингдек, асосий ҳимоячилардан бири Диего Льоренте камида бир ой жамоадан ташқарида бўладилар. “Барселона”нинг собиқ ҳужумчиси Сандро Рамирес ҳам бу сафар ўзини кўрсата олмайди.

“Реал” эса, Баскониянинг бошқа жамоаси “Атлетик” меҳмони бўлади. Бу тўқнашувни испанлар “Классико” деб ҳам атайдилар, чунки айнан “Атлетик” тарихий нуқтаи назардан “Реал” ва “Барселона”дан кейинги энг буюк клуб дейиш мумкин. Икки гранддан ташқари юқори дивизионни ҳеч қачон тарк этмаган ягона клуб ҳам “Атлетик”дир. 

Бильбаоликлар “Реал” билан ҳам одатда яхши ўйнайдилар. Бу ерда ўтган сўнгги тўрт ўйиннинг фақат биттасида меҳмонлар ғалаба қозонганлар холос. Ҳозиргача очко йўқотмаган Лопатеги жамоаси дастлабки жиддий синов олдида эканини шу факт орқали ҳам англаш мумкин. Афсуски, “Атлетик” сафида айнан топ клубларга қарши ҳақиқий қурол бўлган тажрибали ҳужумчи Ариц Адуриснинг бу ўйинга майдонга тушиши сўроқ остида турибди.  

БОШҚА ЎЙИНЛАР
14 сентябрь, жума
23:00. БОРУССИЯ Д – Айнтрахт
23:45. ПСЖ – Сент Этьен

15 сентябрь, шанба
16:00. АТЛЕТИКО – Эйбар
18:00. ИНТЕР – Парма
18:30. БАВАРИЯ – Байер
19:00. ЧЕЛСИ – Кардифф
19:00. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Фулҳэм

16 сентябрь, шанба
15:30. РОМА – Кьево
18:00. ЮВЕНТУС – Сампдория
23:30. Кальяри – МИЛАН