«У қолганлардан бир поғона устун ». Луис Энрике йилнинг энг яхши футболчиси соврини кимга берилиши кераклигини айтди
Sept. 11, 2018, 8:38 a.m. 21491

Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис Энрике ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун номзодлар учлиги ҳақида фикр билдириб, «Барселона» юлдузи Лионель Месси ушбу совринни қўлга киритиши керак, деган фикрни илгари сурди.

«Хорватия терма жамоаси ўйинчиларидан Модрич ва Ракитични ажратиб кўрсатган бўлар эдим. Улар шахсий совринларга муносиб. Бироқ агар жаҳоннинг энг яхши футболчиси ҳақида гап кетадиган бўлса, бу соврин Мессига берилиши керак. У қолганлардан бир поғона устун», - деган Энрикенинг сўзларини келтириб ўтди AS.

Эслатиб ўтамиз, 43 ёшли мутахассис 2008-2011 йилларда «Барселона В», 2014-2017 йиллар давомида эса Каталония клубининг асосий жамоасига бош мураббий бўлган.

Таъкидлаш жоиз, 2018 йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун номзодлар рўйхатидан аргентиналик ҳужумчи ўрин олмаган. 24 сентябрь куни Криштиану Роналду («Реал»/«Ювентус», Португалия терма жамоаси), Лука Модрич («Реал», Хорватия терма жамоаси) ва Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль», Миср терма жамоаси) учлигидан қай бири ғолиб чиққани маълум бўлади. Тақдирлаш маросими шу куни Лондон шаҳрида ўтказилади.